Ҳозирги ўзбек тили
Download 299.43 Kb.
|
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8
Умуман олганда, минимал лисоний бирлик бўлган фонема инсон нутқ аъзоси ёрдамида вужудга келган товуш кўринишларининг умумий андозаси бўлиб, чексиз товушнинг умумлашмалари қатори сифатида онгда яшайди. Сўзловчи ушбу психо-акустик образ асосида нутқ аъзоларини ҳаракатга келтириб товуш ҳосил қилади. Ёки тингловчи ўзга томонидан ҳосил қилинган товушни эшитиш орқали онгидаги андозага солиштириб кўради. Фонеманинг маъно фарқлаш хоссаси мавжуд бўлиб, бир фонеманинг турли кўриниши бўлган товушларда бу ҳодиса кузатилмайди. Бир фонеманинг нутқий варианти бўлган товуш бошқа фонеманинг варианти бўлган товуш билан алмаштирилса, сўз маъноси янгиланади, яъни бошқа сўзга айланади. Қиёсланг: [қора] ва [қара], [ота] ва [ата], [она] ва [ана]. Шу боисдан ҳам фонемага тилнинг маъно фарқловчи энг кичик бирлиги деб таъриф берилди. Бир фонеманинг турли варианти маъно фарқламайди. Масалан, тил олди ва тил орқа (ў) унлилари қуйида маъно фарқламаган: ўл-ўл. Лексема ва сўз. Лисоннинг борлиқ ҳодисаларини номлаш, ифодалаш, кўрсатиш учун хизмат қилувчи бирлиги – лексема. Лисоний бирлик сифатидаги лексема бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмайдиган иккита психофизик томон – акустик структура (товуш қобиғи), яъни номема ҳамда маълум бир тушунча асосида вужудга келган мазмуний структура, яъни семеманинг бирлигидан иборат. Лисоний бирлик сифатидаги лексеманинг товуш структураси фонетик бирлик кўриниш (вариант) ларининг турлича комбинациялари асосида вужудга келган. Ўзбек тилида мавжуд барча лексеманинг шаклий томони тилимизда мавжуд 29 та фонема асосида, холос. Шу боисдан ташқи фонетик структураси асосида лексемаларни кучли ва кучсиз зиддиятга қўйиш мумкин. Кучли оппозиция биттадан (у - олмош, э - ундош), иккитадан (от - иш), учтадан (бор - кел), тўрттадан (қунт-банд) фонема вариантининг зидланиши асосида ҳосил бўлган бўлса, кучсиз зиддият, лексеманинг таркибидаги айрим фонема вариантлари асосида бўлади (туб-туп, боб-боп). Ҳар бир лексема лисоний бирлик сифатида мазмун мундарижасига ҳам эга. Лексеманинг мазмун мундарижаси денотат ёки референт деб аталадиган борлиқдаги нарса, ҳаракат, белги, миқдор кабини ифодалайдиган тушунчаларни англатади. Масалан, борлиқда [юз] деб аталувчи киши бурни икки томонининг пешонадан ияккача бўлган қисми мавжуд. Шу асосда киши онгида “юз” тушунчаси вужудга келган. Мазкур тушунча асосида эса семема (лексема маъноси) шаклланади. Тушунча билан маъно битта нарса эмас, улар фарқли хусусиятга эга. Масалан, инглиз, рус, немис тилида сўзлашувчи кишиларнинг онгида “ака” ва “ука” тушунчалари мавжуд. Бироқ бу тушунчалар [brother] (инглиз), [брат] (рус) ва [bruder] (немис) лексемаларида битта маъно (семема)да бирлашган. Ёки [юз], [бет], [башара], [чеҳра], [ораз] лексемалари битта тушунчани ифодалайди, лекин маънолари ўзаро фарқланади. Лексеманинг мазмун силсиласи бўлган семемани ташкил этувчи аъзо - сема. Номема товушларнинг турлича комбинациялари асосида ташкил топганлиги каби, ана шу семаларнинг турлича бирикуви ва баъзиларининг ўрин алмашинуви асосида турли мазмундаги семема вужудга келади. Бу семемаларнинг семик таркиби қуйидагича: [юз] - «одамга хос», «бошнинг олд қисми», «буруннинг икки томони», «пешонадан ияккача», «бурундан қулоққача», «қўлланилиши чегараланмаган», «услубий бетараф», «туркий қатламга оид», «умумистеъмол»; [жамол] - «одамга хос», «бошнинг олд қисми», «буруннинг икки томони», «пешонадан ияккача», «бурундан қулоққача», «қўлланилиши чегараланган», «бадиий услубга хос», «арабий қатламга хос». Ҳар иккала лексема ҳам бир тушунчани ифодалайди. Уларнинг мазмун мундарижаси – семемаларининг семик таркиби фарқланади. Лексемалар семемаларининг аташ семалари денотатнинг инъикоси - тушунчани ифодалайди. Ҳар бир лексема семемаси ўхшаш ва фарқловчи семага эга. Ўхшаш сема уларни гуруҳларга бирлаштиришга, фарқли сема эса ажратишга хизмат қилади. Лексеманинг нутқий қўлланилишидаги варианти сўз бўлиб, улар турлича матний қуршов асосида ҳар хил хусусият касб этади. Лексема туб ёки ясама бўлиши мумкин. Масалан, [китоб], [савдогар], (нончи) бирликларини олайлик. Қатордаги [китоб] ва [савдогар] бирликлари тайёрлик, умумийлик, ижтимоийлик хоссаларига эга. Бироқ тилимизда (нончи) деган лисоний бирлик йўқ. У нутқ жараёнидагина ҳосил қилиниши мумкин ва юқоридаги бирликлар эга бўлган хусусиятдан холи. [нончи] бирлигининг нутқ жараёнигагина хослиги унинг тайёрлик белгисига эга эмаслигини кўрсатади. 3. Морфема ва қўшимча. Морфема лексемадан ажралган ҳолда ўз моҳиятини намоён қила олмайдиган, шакл ва денотатив бўлмаган мазмуннинг бирлигидан иборат бўлган кичик лисоний бирлик. Қўшимча ана шу психофизик моҳиятнинг нутқда намоён бўлиши. Морфема ҳам ташқи (моддий) ва ички (маъно, вазифа) жиҳат яхлитлигидан иборат. Атов мустақиллигига, мустақил синтактик мавқега эга бўлмаган бу бирликлар ўзида лексик ва грамматик моҳиятни уйғунлаштирган бўлади: а)янги сўзлар ҳосил қилади; б)сўзларга қўшимча лексик-семантик қиймат беради. Бир тилга хос бирлик бошқа тилларникидан фарқланади. Масалан, аморф, агглютинатив ва флектив тиллардаги лексема моҳиятан ўзига хос. 4.Қолип ва ҳосила. Лисоний бирликнинг навбатдаги тури қурилма - қолип. Қолип деганда ясама сўз, сўз бирикмаси ва гаплар ҳосил қилиш схемалари тушунилади. Қолиплар икки хил бўлади: а) сўз ясаш қолипи; б) синтактик (сўз бирикмаси ва гап) қолип. Қолип ҳам бошқа лисоний бирлик каби УМИС табиатли бўлади. Масалан, нутқдаги чексиз ясама сўз (масалан, (сутчи), (нишолдачи) каби битта бевосита кузатишда берилмаган лисоний бирлик (масалан, [нарса/буюм оти+чи=шу нарса/буюм билан шуғулланувчи киши], яъни cўз ясаш қолипининг нутқий ҳосиласи. Kитобни ўқимоқ нутқий ҳосиласи бошқа ўзига ўхшаш чексиз сўз бирикмалари (қоғозни йиртмоқ, уйни сотмоқ ва ҳ.к.) билан биргаликда [Оттушум келишиги+ Феъл]=воситасиз тўлдирувчили феълли бирикма] лисоний синтактик қолипидан чиққан нутқий бирлик. Қолип миқдоран чекланган. Масалан, ўзбек тилида сўз бирикмаси ҳосил қилишнинг 18 та устувор қолипи ажратилган ва нутқимизда улардан сон-саноқсиз сўз бирикмаси ҳосил қилинади. Қолип ҳам бошқа лисоний бирлик каби шакл ва мазмун яхлитлигидан иборат. Юқорида келтирилган қолипларнинг тенгликдан чап қисми шаклий, ўнг қисми эса мазмун томони деб юритилади. Қолипнинг [сифат+от] тарзида мазмуний томонсиз берилиши ҳам хато эмас. Чунки, масалан, [-ми] морфемаси мисол сифатида олинганда, унинг грамматик маъноси, [китоб] лексемаси ҳақида фикр юритилганда, ҳар доим унинг семемаси ҳам берилиши [масалан, [-чи=сўроқ, таажжуб билдирувчи морфема], [китоб=варақларидан ташкил топган, муқоваланган, босма ёки қўлёзма ҳолдаги ўқиш қуроли] шарт эмас. Шу боисдан қолип ҳақида гап кетганда, унинг шакл томонини қайд этиш етарли. Download 299.43 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling