Ҳозирги ўзбек тили


Download 299.43 Kb.
bet15/84
Sana05.10.2023
Hajmi299.43 Kb.
#1692623
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   84
Bog'liq
portal.guldu.uz-Hozirgi o`zbek adabiy tili8

Фонетиканинг турлари. Фонетика, аввало, умумий, хусусий ва қиёсий фонетикага ажралади.
Умумий фонетика. Инсон талаффуз аппаратининг имкониятидан келиб чиққан ҳолда нутқ товуши ҳосил қилишнинг умумий шартлари (масалан, ҳосил бўлиш ўрнига кўра лаб, тил, бўғиз ундошларининг фарқланиши, ҳосил бўлиш усулига кўра портловчи, сирғалувчи, портловчи-сирғалувчи товуш хоссаларининг аниқланиши кабилар), шунингдек, товушнинг умумий акустик хоссалари ўрганилади. Қисман артикуляцион, қисман акустик белгига таянган ҳолда нутқ товушининг универсал, шунингдек, фарқловчи белгиларига таянадиган ички таснифини бериш билан ҳам шуғулланади. Умумий фонетика товушнинг бирикиш қонуниятлари, бир товушнинг иккинчисига таъсири хусусиятини (аккомодация ва ассимиляциянинг турли кўринишлари), бўғиннинг табиати, бўғинда товушнинг бирикиш қонунияти, бўғинга бўлиниш шартлари, сўзларнинг фонетик тузилиши, қисман урғу ва сингармонизм масалаларини ҳам текширади. Умумий фонетика интонация учун қўлланиладиган восита (товуш баландлиги, кучи (интенсивлиги), чўзиқлиги, тезлиги (темпи), пауза, тембр каби масалаларни ҳам текширади.
Хусусий фонетикада юқорида айтилган масалалар муайян тиллар мисолида текширилади. Хусусий фонетика тарихий ва муосир, синхрон ва диахрон, тасвирий ва экспериментал каби кўринишларда иш юритади.
Қиёсий фонетика бир нечта қариндош ёки қариндош бўлмаган тилнинг ёхуд бир қанча диалект ва шеванинг унли ва ундош товушлари, улардаги фонетик ўзгариш ва бошқа ҳодисаларни қиёсий аспектда текширади.
Қиёсий фонетика умумий ва хусусий фонетика оралиғидаги вазиятни эгаллайди.
Фонология.
Фонология (гр. рhone - товуш, logos - таълимот) термини тилшуносликда XIX аср охирида нутқ товушининг физиологик-акустик (физик) томонидан функционал (лингвистик) томонини фарқлаш эҳтиёжи билан пайдо бўлди. Фонология тил товуш қурилишининг структур ва функционал қонуниятини ўрганувчи соҳа бўлиб, семиотик (ишоравий) тизим сифатида нутқни акустик-артикуляцион аспектда ўрганадиган фонетикадан фарқланади.
Фонетиканинг бирлиги бевосита кузатишда берилган нутқ товуши бўлганлиги каби, фонологиянинг бирлиги – сўзловчиларнинг ана шу бевосита кузатишда берилган нутқ товуши асосида ётган товуш типи ҳақидаги ижтимоий тасаввури. Ҳар бир фонема киши онгида умумий фарқловчи хусусияти асосида вужудга келган махсус «акустик портрет» ёки «товуш образи» сифатида яшайди. Бу фарқловчи белги товушнинг артикуляцион ва акустик белгиси асосида вужудга келади ва барқарорлашади.
Бошқа лисоний бирлик каби фонема ҳам парадигматик ва синтагматик муносабатрда яшайди. Бу фонологик парадигматика ва фонологик синтагматика дейилади.
Ўзаро қарама-қарши белгига эга бўлган, бироқ умумий, интеграл белгилари асосида бирлашган бир типдаги фонемалар сираси фонологик парадигма, фонемаларнинг ўзаро муносабати фонологик парадигматик муносабат дейилади.
Фонологик парадигманинг марказида фонологик зиддият туради. Фонологик зиддият (оппозиция) фонеманинг фарқли белгиларини ўзида ифодалайди. Масалан, ўзбек тилидаги унли фонемалар бир умумий белги - «ўпкадан келаётган ҳавонинг товуш пайчаларига урилиш натижасида ҳосил бўлган овознинг оғиз бўшлиғида тўсиққа учрамай чиқишидан вужудга келадиган товуш типи» инвариант хоссасига эга. Бу моҳият 6 та унли фонема учун ҳам амал қилади. Бироқ бу моҳият остида бирлашган фонемалар ўзаро зидланиб, кичик гуруҳлар ҳосил қилади. [и] ва [у] «юқори тор» белгиси билан «ўрта кенг» хоссасига эга [э] ва [ў] ҳамда «қуйи кенг» хоссасига эга [а] ва [о] фонемалар гуруҳларига қарама-қарши туради. Ёки «лабланмаган» белгисига эга [и], [э], [а] фонемалари гуруҳи «лабланган» белгисига эга [у], [ў], [о] гуруҳига қарама-қарши туради. Ўз навбатида [и], [э], [э] гуруҳи аъзолари ўзига хос белгилари асосида ўзаро зидланади.
Тилшуносликда фонологик зиддиятнинг турли тип ва кўринишлари фарқланади. Н.С.Трубецкой «Фонология асослари» асарида фонологик зиддиятни уч асосга кўра таснифлайди:
1. Фонологик зиддиятнинг зиддият тизимига муносабатига кўра таснифи. Бунда зиддият бир ўлчовли ва кўп ўлчовли, мунтазам ва ажралган зиддиятга бўлинади. Бир ўлчовли зиддиятда фонемалар бир белги асосида зидланади. Масалан, [и] ва [у] фонемаларидан бири лабланмаган ва иккинчиси лабланган бўлиб, бунда улар бир белги - «лабланган»лик хоссасига кўра қарама-қарши туради.
Кўп ўлчовли зиддиятда зиддият аъзолари бирдан ортиқ белги асосида қарама-қарши қўйилади: [и]~[о] зиддиятида [и] ёпиқ ва лабланмаган бўлса, [о] ярим ёпиқ, лабланган.
Мунтазам зиддиятда зидланувчи аъзолар ўзаро ўзига хос белгилар асосида қарама-қарши қўйилади: «[и]-тор~ [о]-кенг» зидланиши мунтазам зидланиш. Бунда [и] фонемаси «тор»лик, [о] фонемаси «кенг»лик белгисига эга. «[и] (тор)~[о] (тор эмас)» зидланиши эса мунтазам эмас. Чунки биринчи аъзода зиддият белгиси аниқ, иккинчи аъзода аниқ эмас. Агар иккинчи аъзонинг зиддиятдаги белгиси «кенг» бўлганда эди, зиддиятни мунтазам зиддият дейиш мумкин бўлур эди.
Бир белгининг бўлинишлари асосида зидланиш ажралган зидланиш дейилади. Қуйидаги икки зидланишга диққат қилинг:


а) «лабланганликка кўра» в) «кенг ва торликка кўра»

[у] [и] [о] [у]


(лабланган) (лабланмаган) (кенг) (тор)
Биринчи зидланишда зиддият белгиси бўлинган, ажралган, иккинчида эса бундай ҳол мавжуд эмас.
2. Аъзолари ўртасидаги муносабатга кўра зиддият таснифи. Бунга кўра, приватив (нотўлиқ), градуал (даражали), тенг қийматли зиддиятлар ажратилади.
Биринчи таснифда зиддият белгиси характерига кўра зиддият турлари ажратилган бўлса, иккинчи таснифда фонемаларнинг зиддият аъзоларига муносабатига кўра таснифи амалга оширилади.
3. Барқарорлик даражасига кўра зидланишр барқарор ва барқарор бўлмаган турга бўлинади. Барқарор зидланишда фонемалар қандай нутқий вазиятда бўлишидан қатъи назар, улардаги зиддият сақланиб қолади. Масалан, тил олди унлиси тил орқа ундоши билан келган вазиятда тил орқа унлиси сифатида намоён бўлади. Бунда [а] унлиси билан тил орқа [у] унлиси орасидаги зиддият кучсизланади.
Барқарор бўлмаган зиддиятнинг нейтраллашмаган ҳолатини таъминловчи фонетик позиция – кучли позиция. Масалан, [б] фонемаси сўз бошида жарангсизлашмайди ва бу позицияда унинг [п] фонемасига зидлиги сақланади. Бу кучли позициядир. Нейтралланиш, сўнишга олиб келувчи позиция кучсиз позициядир. Демак, бундай позициядаги зиддият барқарор бўлмаган зиддият дейилади. Унли ва ундош орасидаги қарама-қаршилик барқарор зиддиятга мисол бўла олади. Ёки ундошнинг пайдо бўлиш ўрнига кўра, унлиларнинг тор-кенглик хоссаларига кўра зидланиши ҳам барқарор зиддият. Лабланиш белгисига кўра [ў]-[э] тизимчаси ҳам барқарор зиддият асосига қурилган.
Демак, ўзбек тилининг фонетик парадигмаси деганда, ҳар қайсиси ўзига хос хусусиятга эга бўлган барқарор бир умумий белги остида бирлашадиган фонетик унсурлардан ташкил топган тизим тушунилади. Бу бутунлик ёки парадигма ўз ичида айрим белгилари билан умумийликни ташкил этган ва шу умумийлик учун асос бўлган белгилари билан бошқа шундай умумийликдан фарқ қиладиган кичик бутунлик, ички парадигмалардан ташкил топади. Бу тизимчалар унли ва ундош фонемалар парадигмалари. Парадигма аъзоларининг умумий белгиси уларнинг шу тизимни ташкил этишини таъминласа, фарқловчи белгиси бу ички парадигманинг яна кичик бўлакларга бўлиниб кетишига олиб келади. Жарангли ундошлар парадигмаси, жарангсиз ундошлар парадигмаси каби.

Download 299.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   84




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling