Барқарорлик – доимий, мустаҳкам амал қилувчи ҳолатга эришиш, шунингдек, ушбу ҳолатнинг доимийлиги, мустаҳкамлигини ифодаловчи педагогик тушунчалар.
Баҳо – таълим олувчилар билим, кўникма ва малакаларининг миқдорий баҳолашда бал ёки рақамлар воситасида шартли ифодаланиши.
Баҳолаш – ўқувчи ёки талабанинг эгаллаган билим, кўникма ва малакалари ҳамда шахсий сифати даражаларини белгилаш.
Белгили маълумот – алифбо - рақамли белгилар мажмуи, яъни сонли ва сифат белгиларини ўзида мужассамлаштирган маълумот.
«Бешинчиси (олтинчиси, еттинчиси, ...) ортиқча» методи – таҳсил олувчиларнинг мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол метод.
Библиография – 1) фойдаланилган босма асарларнинг тизимлаштирилган илмий рўйхати. 2) шундай рўйхатлар тузиш усуллари билан шуғулланувчи илмий соҳа. 3) бирор масалага доир китоб, журнал ва мақолалар рўйхати. 4) газета ва журналларнинг янги чиққан китоблар ҳақида ахборот бериб борадиган махсус бўлими.
«Биламан. Билишни хоҳлайман. Билиб олдим» методи – таҳсил олувчиларга муайян мавзулар бўйича билимлари даражасини баҳолай олиш имконини беришга қаратилган интерфаол метод.
Билағон – ҳар нарсадан хабардор, билимдон шахс.
“Билағонлар кўчаси” – дидактик ўйин тури. Бунда ҳар гуруҳ портретларда тасвирланган ёки ўзлари танлаб олган варақаларда номлари ёзилган давлат арбоблари, олимлар, спортчилар кабиларнинг ҳаёти, фаолияти тўғрисида ҳикоя қилиб беришлари керак бўлади.
Билим – ўқувчи ва талабаларнинг табиат, жамият, фан-техника ютуқлари ҳақида ҳосил қилган маълумотлари. Ўқувчи ёки талабаларга тақдим этиладиган назарий маълумот.
Билим, кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаш – ўқитувчининг ўқув материалларини тақдим этиш жараёнида мустаҳкамлик принципини таъминлашга қаратилган махсус ишлари.
Билимдон – катта назарий маълумотга эга бўлган ўқимишли, илмли, билимли шахс.
Билимсиз – билим ва маълумотга эга бўлмаган ўқимаган шахс.
Билиш – 1) таълим жараёнида ўқувчи ва талабаларга тақдим этилган ўқув материалининг ўзлаштирилганлик даражаси; 2) борлиқ ва унинг объектив қонуниятларни ўрганиш, ўзлаштириш, эгаллаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |