Ҳаволи ўчиргичлар қуйидаги афзалликларга эга: портлаш ва ёнғинга хавфсиз; тез таъсир этиши ва тез таъсир этувчи АПВ лар ишлатиш мумкин; узиш қобилияти юқори; линияларнинг сиғим токларини ишончли узиш; ёй сўндирувчи контактларнинг кам эйилиши; ёй сўндирувчи камераларга қўлнинг осонгина этиши; йирик узеллардан сериялар ҳосил қилиш мумкин; ташқи ва ички қурилмалар учун яроқли.
Ҳаволи ўчиргичларнинг камчиликларига қуйидагилар киради: компрессор қурилма талаб этилади; қатор детал ва узелларнинг конструксияси мураккаб; нисбатан юқори таннархга эга; жойлашувчи ток трансформаторларини ўрнатиш қийин.
Электромагнит ўчиргичларида ёйни сўндириш учун мой ҳам сиқилган ҳаво ҳам ишлатилмайди, бу уларнинг бошқа типдпги ўчиргичларга нисбатан ката афзаллиги ҳисобланади.
Бу типдаги ўчиргичлар 6-10 кВ ли кучланишга, 3200 А гача номинал тока ва 40 кА гача узиш токига мўлжаллаб ишлаб чиқарилади.
Ўчиргич иш ва ёй сўндирувчи контактларга эга. Узишда аввал иш, сўнгра эса ёй сўндирувчи контактлар ажраб, улар орасида ёй ҳосил бўлади. Контурнинг электродинамик кучи ва поршенли қурилма ҳосил қилган ҳаво оқимининг таъсири остида, ёй олдиндаги ёй сўндирувчи шохга ўтади ва занжирга магнит пуфлаш ғалтагини улайди. Магнит майдон ҳосил бўлиб, у ёй токи билан ўзаро таъсирлашади ва ёй сўндирувчи камера ичида ёйни 30 м/с тезликда ҳаракатлантиради. Камера ёйга чидамли юқори иссиқлик ўтказувчан керамикадан тайёрланган. Юқорига ҳаракатланганда ёй чўзилиб, камеранинг айланма (лабиринт) тирқишларига тушади. Камеранинг деворларига тегиб ёй совийди ва 0,01-0,02 с дан сўнг сўнади.
Электромагнит ўчиргичларнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат: портлаш ва ёнғинга тўла хавфсиз; ёй сўндирувчи контактларнинг эйилиши кичик; тез такрорланадиган улаш ва узиш шароитида ишлаш учун яроқли (ток юкламасини кўп марта узишга синаш шуни кўрсатадики, 100 А токни 1000 марта узгандан сўнг ёй сўндирувчи камера ва контактларга деярли ёйилиш излари сезилмайди ва ревизия ҳамда ремонт қилишни талаб этмайди); нисбатан юқори узиш қобилиятига эга.Электромагнит ўчиргичларнинг камчиликлари қуйидагилардан иборат: магнитли пуфлаш тизими бўлган ёй сўндиргич конструксиясининг мураккаблиги; номинал кучланишнинг юқорилиги чегарасининг чекланганлиги (15-20 кВ дан ортиқ эмас); ташқи қурилмалар учун қўлланилиши чекланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |