Биринчи вазифа – мактабгача таълим соҳасида. Очиқ тан олишимиз керак, биз бу муҳим соҳадаги ишларни эътибордан четда қолдирдик. Ушбу соҳада болаларни қамраб олиш 27 фоизни ташкил этади.
Яқинда тасдиқланган дастурга кўра, бу йўналишда 2 минг 200 та муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланади.
Шунингдек, тажрибали педагог ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, ўқув режа ва дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Олдимизда ёшларга тарбия бериш, психология ва бошқа турли соҳаларда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича мураккаб вазифалар турибди.
Иккинчи вазифа – умумтаълим мактаблари, лицей ва касб-ҳунар коллежлари, шунингдек, олий ўқув юртларидаги ўқитиш сифати билан боғлиқ. Замонавий ўқув режа ва услубларини жорий этиш талаб даражасида эмас.
Болалар ва ёшларга махсус фанлар, мамлакатимиз ва жаҳон цивилизацияси тарихини, хорижий тилларни ва замонавий компьютер дастурларини чуқур ўргатиш вазифалари ҳали сифатли ва тўлиқ ҳолда ечилгани йўқ.
Яна бир муаммони ҳал этиш ҳам ўта муҳим ҳисобланади: бу – педагоглар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг профессионал даражаси, уларнинг махсус билимларидир. Бу борада таълим олиш, маънавий-маърифий камолот масалалари ва ҳақиқий қадриятларни шакллантириш жараёнларига фаол кўмак берадиган муҳитни яратиш зарур.
Учинчи вазифа – таълим муассасаларини, энг аввало, касб-ҳунар коллежларини оқилона жойлаштиришни, шунингдек, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳар бир ҳудуднинг зарур мутахассисларга бўлган талабини тўғри аниқлашни танқидий таҳлил қилишдир.
Тўртинчи вазифа – нафақат академик илм-фанни, балки олий ўқув юртларидаги илм-фанни янада ривожлантириш.
Бу ўринда иккита асосий вазифани ҳал этиш зарур:
биринчи – илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини илғор хорижий марказлар даражасида ва олимлар талабларига мувофиқ сезиларли равишда мустаҳкамлаш керак. Бунда, албатта, давлатнинг эҳтиёжлари ва унинг мақсадли вазифалари инобатга олиниши шарт;
иккинчи – академикларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, моддий рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |