I. Оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш. Бунда:
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини уларнинг оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга таъсири нуқтаи назаридан баҳолаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини, тадқиқотлар натижаларини ҳамда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида оилани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асосни яратишга аҳамият қаратилади. Улар кўп болали оилаларга ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга имтиёзли кредитлар (ипотека, истеъмол ва бошқа) беришни ва ер майдонларини тақдим этишни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишга доир масалалар сирасига киради.
Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ифодаловчи ҳамда уларнинг ҳаёти ва фаолиятининг асосий тенденцияларини акс эттирувчи статистика кўрсаткичлари тизимини такомиллаштириш, тадқиқотларни молиялаштиришнинг мослашувчан тизимини жорий этиш, шу жумладан, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратиш, олиб борилаётган тадқиқотларнинг оилалар реал эҳтиёжлари билан ўзаро боғлиқлигини таъминлашга қаратилади.
II. Замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш.Мазкур йўналишда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда замонавий оила моделини шакллантириш учун тарихий-маданий шарт-шароитларни комплекс тадқиқ этиш, уларни кенг тарғиб қилиш ва ҳаётга жорий этиш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқбузарликлар, жиноятчилик, оиладаги можаро ва зўравонликлар, оилалар ажрашиши ҳамда уларнинг ижтимоий оқибатларини комплекс тадқиқ этиш асосида уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига ва ривожига таъсирини ўрганиш, оилавий турмуш тарзи қадриятларини оширишни тарғиб қилишда, оилалардаги салбий ижтимоий ҳолатларни профилактика қилишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш вазифалари юкланади.
Бунда муқобил оилавий васийликни танлаш, қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш (бола асраб олувчи ота-оналарни топиш ва тайёрлашни йўлга қўйиш, фарзанд асраб олган оилаларни профессионал қўллаб-қувватлаш ва васийлик сифатини мониторинг қилиш тизимини яратиш) ҳамда хориж амалиётини Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, хайрия фаолияти ҳолатини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларни оғир турмуш шароитида қолган оилаларни қўллаб-қувватлашга рағбатлантиришни назарда тутадиган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш масаласи белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |