Ўрта махсус таълим вазирлиги
I БЎЛИМ ЎЗБЕК ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИ ТАРИХИ
Download 1.45 Mb.
|
СПОРТ ВА ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР ВА УНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
I БЎЛИМ
ЎЗБЕК ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИ ТАРИХИ Ҳар бир халқ ўтмиш авлодларидан қолган маданий меросига эга бўлиб, унинг маданий бойликлари хазинасига халқ ўйинлари ҳам киради. Халқ ўйинлари ўзининг вужудга келиши ва ривожланишига кўра ғайриоддий ҳодиса эмас, балки халқнинг ҳаётини образли, муайян акс эттирадиган ва жамият тараққиёти қонунларига ҳамоҳанг белгиланадиган фаолиятдир. Халқ ўйинлари халқ ижодиётининг ўзига хос жанри бўлиб, кўп асрлик тарихга эга. Уларда жамият ривожланишининг у ёки бу босқичидаги ижтимоий воқеалар аниқ акс этади. Маълумки, меҳнат ҳамда фаолиятнинг бошқа турлари шу жумладан ўйин ҳам ижтимоий характерга эга. Ўйинлар кишиларнинг меҳнат маданияти пайдо бўлиши ва ривожланишининг асосига айланган тарихий босқичда вужудга келган. Ўйинлар ижтимоий тараққиёт маҳсулидир. Ҳар бир тарихий давр оламни бадиий ўзлаштириш учун ўз ҳиссасини қўшади: санъат ижтимоий ҳаётнинг кўп қиррали ҳодисаларини тўлароқ ва ёрқинроқ акс эттиришга интилиб, фан, маданият, сиёсат, ахлоқ ва иқтисодиётнинг ютуқларини муайян тарзда умумлаштиради. Жамият тараққиётининг илк поғоналарида халқ ўйинларидан тарбиявий мақсадларда фойдаланиш унумли меҳнат билан боғлиқ бўлган. Халқ ўйинларининг мазмуни ва характери ҳаётнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларидан ва таркиб топаётган элатларнинг психик хусусиятларидан келиб чиққан, унинг характерига тарбия системасининг йўналиши, мафкураси, турмуш тарзи таъсир этган. Тарихий тараққиёт жараёнида халқ ўйинларининг тадрижий ривожланиши ва улардан тарбиявий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда халқ ўйинларининг ўзига хос жиҳатларини назарда тутиш лозим. Ўйинлар халқ томонидан яратилган ва кишиларнинг кундалик ҳаётидаги воқеалар ҳамда ҳодисаларни образли акс эттириб, уларнинг ҳаётий таассуротларини, кузатишларини, тажриба ва ҳиссиётларини гавдалантириб, ўзида сўз, мусиқа, рақс шаклларини мужассамлаштирган. Масалан, ибтидоий тузумда болаларни тарбиялашнинг характерли жиҳати уларни уруғнинг урф-одатлари, анъаналари, тарихи билан шунингдек, халқ оғзаки ижоди: ривоятлар, қўшиқлар ва рақслар билан таништиришдан иборат бўлган. Ибтидоий жамиятда ёшларни катталар сафига қўшиш деб аталадиган байрам-диний марoсимлар кенг тарқалган. Булар ўзига хос ўйин-мусобақалардан иборат бўлиб, уларнинг мазмунини меҳнат фаолияти, қабилаларнинг урф-одатлари, удумлари, халқ оғзаки ижоди ташкил қилган. Мана шундай ўйин мусобақаларда йигитлар қуроллардан маҳоратли фойдалана олишларини, диний одатларга қониқарли амал қила олишларини, қабиланинг муқаддас саналган ривоятларини билишларини намойиш этишлари лозим бўлган. Маросимларда рақслар ҳам ижро қилиниб, уларда ибтидоий одамлар ўз ҳаётларидаги воқеаларни, ютуқлари ва муваффақиятсизликлари, шодликлари ва қайғуларини ифодалаганлар. Ибтидоий одамларнинг ёввойи ҳайвонларни овлашлари ва уларни ўзларига бўйсундиришга интилишлари ов воқеаларини ижод қилишларига ва уни ижодий намойиш этишларига эҳтиёж туғдирди. Д.У.Эльконин ўйин ва санъатнинг келиб чиқишини тадқиқ қилиб, «Ибтидоий кишилар ов, уруш воқеаларини ва бошқа жиддий фаолият турларини ўйинларда ифодалаганлар». Овдаги муваффақиятсизликни ўйнаш уларга йўл қўйилган хатоларни ҳамда муваффақиятсизликнинг сабабларини аниқлашда ёрдам берган деган хулосага келди. Ишлаб чиқариш кучларининг тобора ривожланиши, меҳнат қуролларининг такомиллашуви ибтидоий жамоа тузимининг сўнгги босқичларида болаларнинг ана шу меҳнат қуролларидан оддий турмуш ва унумли меҳнатда аввалгидек фойдалана олмаслигига сабаб бўлган. Шу туфайли болалар ўйинчоғига ўхшаган меҳнат қуроллари ясала бошланган. Болалар ўйинининг воситаси – ўйинчоқлар ана шу тариқа вужудга келган бўлиши мумкин. Е.А.Аркиннинг фикрича, улар «азалий ўйинчоқлар» бўлиб, тарихий тараққиётнинг маҳсули, шунингдек инсон меҳнатининг қуроллари ва сиғиниладиган воситалари тарихининг ифодасидир. Шундай қилиб ибтидоий жамоа тузуми даврида ўйиннинг ривожланиши фақат «Диний дабдаба» эмас, балки атрофдаги воқеаликни англаш, унинг ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаш, «Образга кўра ва табиатга ўхшатиб ижод қилишни» ўрганиш истаги ҳам бўлди. Ҳар бир халқнинг ўз миллий ўйинлари мавжуд бўлиб, улар халқ анъаналари, миллатларнинг маданияти ва турмушига хос хусусиятлар заминида вужудга келган. Халқ ўйинлари маънавий маданиятнинг кўринишларидан биридир. Уларда этник тарихга бориб тақаладиган анъаналар, ижтимоий муносабатлар, мафкура-эътиқоднинг айрим элементлари, ахлоқий-эстетик меъёрлар акс этади. Халқ ўйинлари мамалакатнинг миллий хусусиятларини, катта ёшли кишиларнинг феъл - атворини, одатларини, меҳнат жараёнларини, жўғрофий шароитларини ифодалайди. Шунга кўра ўзбек халқ ўйинларини халқнинг ахлоқий-эстетик тарихини, маданиятини бошқа халқлар билан алоқаларини ўрганишнинг манбаларидан бири сифатида қараб чиқиш лозим. Ўзбек халқ ўйинлари тарихини ўрганишда халқ маънавий мданиятининг ривожланиш босқичларини ёритиш жуда муҳим аҳамиятга молик. Ўзбек халқ ўйинлари ўзбек халқи жамоа ижодининг маҳсули бўлиб, уларни кенг халқ оммаси яратган ва сақлаб келган. Ўйинлар ўзбек халқининг кўп авлодлари турмуши ва ижтимоий ҳаётининг зарур элементи сифатида асрлар бўйи такомиллашиб келди ҳамда ривожланишнинг ҳар бир тарихий босқичида турли ижтимоий вазифаларни бажарди. Ўзбек халқ ўйинлари тарихнинг ижодий кучини, моддий ва маънавий бойликларини ўзида мужассамлаштирилган, уларда атрофдаги воқеликни билиш ва ўзлаштиришнинг тарихий тажрибаси акс этади. Ўзбек халқ ўйинлари ўз табиатига кўра амалийдир. Уларда халқ бадиий маданиятининг ўзига хослиги, унинг миллий хусусиятлари яққол кўринади. Мазкур ўйинларнинг миллий характери замирида халқнинг маданий бойлиги, катта мероси ётади. Фольклор, айниқса, унинг достон ва тарихий ривоятлар каби жанрлари манба сифатида хизмат қилиши мумкин. Кўп ўйинлар мазмунининг мавзулари қабилаларнинг урф-одатларини, қадимий удумларни, меҳнат фаолияти ёки маданиятини ёритиш мумкин. Халқнинг унутилаёзган илтижолари, байтлари ва саноқлари болаларнинг халқ ўйинларидагина давом этиб келади. Гуруҳ бўлиб ўйналадиган ўзбек халқ ўйинлари ва айрим спорт ўйинлари қадимий қабилаларнинг ўйинларига бориб тақалади. Ўзбек халқ ўйинлари қадим замонларда бизнинг эрамизгача бўлган даврларда вужудга келган. Буни археологик қазилмалар ва қадимги рим ёзувчиси Элианнинг этнографик материаллари ҳам тасдиқлайди. Чунки уларда саклар қабиласида ўйин-мусобақалар жуда кенг тарқалган ва улар халқнинг севимли одати бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Унинг гувоҳлик беришича саклар қабиласининг йигитлари ана шу ўйин-мусобақаларда ўзлари енгган қизларга уйланиш ҳуқуқини олганлар. Қадим замонлардаёқ Ўрта Осиёда яшовчи халқларда кураш, ўқ ёй отиш, чавандозлик сингари жисмоний машқ турлари мавжуд бўлган. Грек тарихчиси Геродот Хоразмийлар билан ёнма-ён яшаган саклар қабиласидаги мохир мерганлар ҳақида бундай ёзган: «Саклар дунёдаги барча мерганлар орасида ўқни зоя кетказмайдиган жуда моҳир мерганлар сифатида шуҳрат қозонган эди». Рим ёзувчиси Кламент Александрийский (эрамиздан олдинги II аср) саклар қабиласининг аёллари ҳақида бундай деб ёзган эди: «Сак аёллари айёрлик билан қочиб кетатуриб, от устида худди эркаклардай орқага ўқ узар эдилар». Миллий халқ ўйинлари қадимги томошалар сифатида бир неча юз йиллар муқаддам майдонларда вужудга келган. Буни археологик қазилмалар ва қадимги рим ёзувчиси Элианнинг этнографик материаллари ҳам тасдиқлайди. Чунки уларда саклар қабиласида ўйин-мусобақалари кенг тарқалгани ва улар халқнинг севимли одати бўлгани хақида маълумотлар бор. Унинг гувоҳлик беришича, саклар қабиласининг йигитлари ана шу ўйин мусобақаларда ўзлари енгган қизларга уйланиш ҳуқуқини олганлар. Миллий халқ ўйинлари қадимги томошалар сифатида неча асрлар муқаддам майдонларда вужудга келган. Уларнинг пайдо бўлиши тарихи бизнинг ҳудудимизда спорт, театр, рақс ва цирк санъатининг ривожланиши билан боғлиқдир. Халқ ўйинларининг мазмуни ғоят бой, ранг-баранг ва жуда хилма-хил бўлиб, муайян тарихий характерга эгадир. Улар халқ тантаналари ва томошаларининг энг яхши анъаналарини ўзида жамлади, бетакрор ўзига хослиги ва хусусиятлари билан миллий маданиятини бойитди, ўз авлодларининг халқ анъаналарини мужассамлаштирди. Миллий халқ ўйинлари орасида, айниқса, қадимий дорбоз ва симбозлик санъати алоҳида ажралиб турган. Илгари дор ўйини жуда машхур бўлган. Оммавий ва маҳаллий байрамлар, мавсумий бозорлар дорбозларсиз ўтмаган дейиш мумкин. Регистонда бозор майдонларида чорсуларда дорлар қурилган. Карнай-сурнай ва ноғоралар садолари томошаларнинг бошланишидан дарак бериб турган. Одамлар тўплангач, ўйинлар бошланган. Томошабинлар баланд қилиб тортилган арқон устида ўйнаётган дорбознинг дадил ҳаракатларини ҳаяжон билан кузатишган. Бир вақтлар бизнинг ҳудудимизда ёғочоёқ ўйини оммавий равишда тарқалган. Ёғочоёқлар югуриб, сакраб, рақсга тушиб, карнай, сурнай каби миллий чолғу асбобларда куйлар ижро этиб, ажойиб томошалар кўрсатган. Мана шулар ҳақида «Бобурнома» да анчагина маълумотлар бор. Хоразмда «Таёқ ўйини» кенг тарқалган. Ўзбек халқининг анъанавий турмушини ўрганишидан маълум бўлишича, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир вақтлар асосан кўчманчи ва ярим кўчманчи элатлар яшаган. Уларнинг асосий машғулоти чорвачилик бўлган. Чорвачилик билан нафақат ярим ўтроқ, балки ўтроқ деҳқонлар ҳам шуғулланган. Деҳқонлар молларни ер ҳайдашда, буғдой янчишда, дарё ва қудуқлардан сув тортишда ишлатган. Шунингдек, чорва молларидан савдогарлар ва ҳунармандлар ҳам фойдаланган. Мана шулар туфайли “Подачи”, “Оқсоқ бўри ва қўйлар”, “Эчкилар ва чўпонлар”, “Оқ туя”, “Бўри келди” сингари қатор ўзбек халқ ўйинлари келиб чиққан. Халқимиз орасида ҳайвонлар ва қушлар мавзуидаги жуда қизиқарли “Каптар ўйини”, “Чағалак”, “Юмронқозиқ”, “От ўйини” каби рақслар кенг расм бўлган. Шунингдек, ўзбеклар орасида “Карнайми, сурнай”, “Нина, ип ва тугунча”, “Тапир-тўпур қайрағоч”, “Қовоқ экиш”, “Хўрозлар жанги”, “Хўроз ва товуқ”, “Қоч болам, қуш келди”, “Оқ теракми-кўк терак” каби ўйинлар ҳам машҳур бўлган. Миллий халқ ўйинлари жуда қадим замонларда вужудга келган, ривожланишининг ҳар бир тарихий босқичида мазмунан ўзгариб, турли ижтимоий вазифаларни бажарган. Анъаналар, фанлар, шу жумладан, халқ миллий ўйинлари, миллатимиз ҳаёти билан боғлиқ бўлиб, авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келган. Авлодлар эгаллаган билим ва тажрибалар амалий ҳаётда синалган, кейинги авлодлар томонидан мустаҳкамланган ва такомиллаштирилган. Уларнинг мазмунини ҳар бир авлод, жамият ривожланишининг босқичлари янгилаб борган. Болалар жамият ривожланишининг ўша босқичида катталар ўйнаган халқ миллий ўйинларини ўйнаганлар. Кўпгина миллий ўйинлар оталар ва боболардан болалар, набираларга ўтган. Халқ миллий ўйинларида халқнинг ижтимоий ҳаёти, меҳнат фаолияти ва турмуш тарзи ўзига хос шаклларда акс этган. Уларда жуда бой ҳиссиёт ва кечинмалар, ўз Ватанини севувчи, ҳимоя қилиш орзу-умидлари намоён бўлади. Миллий халқ ўйинларини мзмунига кўра қуйидагича таснифлаш мумкин: I Драмалашган ўйинлар А. Ҳаётий (тарихий-ҳаётий, маданий-ҳаётий, касбкорлик-ҳаётий). Б. Кулгили ўйинлар. В. Қўшиқ ва рақс ўйинлари. II Мазмунли-ролли ўйинлар А. Мазмунли-ҳаракатли. Б. Спорт ўйинлари. III Ижодий ўйинлар Миллий халқ ўйинларининг тарихий вужудга келишини таҳлил қилиб, драмалашган ўйинлар ўзбек қўғирчоқ театрининг негизига айланган қадимий халқнинг «қўғирчоқ ўйнатиш» санъати асосида пайдо бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Муайян бадиий образни ифодалайдиган қўғирчоқ мамлакат ва кишилар ҳаётидаги тарихий-турмуш воқеаларини акс эттиради, маданий-маиший ўзгаришлар амалий кўринишларининг гўзаллиги ва камчиликларини ифодалайди. Драмалашган ўйинлар кўпинча мусиқа жўрлигида ва қаҳрамонларнинг рақслари билан ўтказилади. Болалар катта ёшли кишиларнинг ҳаётини, меҳнат фаолиятини, табиат ҳодисаларини кузатиб ҳамда халқ томошаларида қатнашиб, ўзлари кўрган нарсаларни ўйинларида тасвирлаганлар. Ҳаётни тасодифий равишда акс эттириш мазмунли-ролли, мазмунли-ҳаракатли ва спорт ўйинларига асос бўлган. Драмалашган ўйинларга ўзбек халқ эртаклари ва афсоналари асос қилиб олинган. Мана шундай ўйинларнинг мақсади эртаклар ва афсоналарни ижро этишдир. Драмалашган ўйинлар ўз мазмунига кўра жуда ёрқин бўлади. Уларда иштирок этувчилар эса Ҳайвон ёки Қуш бўлсин, Одам бўлсин, бадиий образнинг барча хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган шахслардир. Бунда ҳайвонот олами инсоний хусусиятларга ҳам эга бўлади. Эртакнинг мазмуни, қатнашувчи шахслар ўртасидаги кураш болани қизиқтиради ва унинг қалбини ром қилади. Ҳаётий ўйинлар халқимизнинг тарихини, турмушини, маданиятини ва меҳнат фаолиятини ёритадиган ўйинлардир. Кулгили ўйинлар характер ва феъл-атворларни моҳирлик билан ёритишга, кишилардаги айрим салбий ҳатти-ҳаракатлар устидан енгил кулишга асосланган ўйинлардир. Бундай ўйинлар айбдорларни «жазолаш» ва шу билан бирга кутилмаган ҳамда тасодифий элементларни киритиш мақсадида ташкил қилинади. Уларда халқимиз маданиятининг аския ва масҳарабозлик маданияти кенг шуҳрат қозонганлиги тарихи акс этилади. Қўшиқ ва рақс ўйинлари халқ маданиятининг ўзига хос жанри, халқимизнинг миллий оғзаки, театр ва мусиқа анъаналари тарғиботчиси сифатидаги фольклорларга асосланади. Улар халқимизнинг маънавий бойлигини, эстетик дидини ифодалайди. Мазмунли-ролли ва мазмунли – ҳаракатли ўйинлар ўзига жозибадор ва қизиқарли бўлиб, мукаммал мазмун ҳамда турли олам, табиат, айрим нарсаларнинг сифатлари билан таништиради. Мана шу гуруҳдаги ўйинларнинг моҳияти ва аҳамияти бошқачадир. Ижодий ўйинларга қуйидагилар киради: А. Ўқувчиларнинг ўзлари ўзбек халқ эртаклари ва афсоналари асосида яратадиган ўйинлар. Б. Эстетик мақсадга қаратилган ихтиёрий ва мавзули ўйинлар. В. Мақсадга мувофиқ бадиий ўйинлар, ўқувчиларнинг ўзлари яратадиган бошланиши ва охири ҳар хил ўйинлар, натижаси маълум бўлган ўйинлар. Г. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини фаоллаштирадиган шеър тўқиш, қўшиқ, рақс, имо-ишоралар, тақлид қилиш, ва ҳоказолар бажариладиган ўйинлар. Д. Тасвирий ижодкорликка, ўйинлар учун керакли нарсаларни бажаришга доир ўйинлар. Халқ ўйинлари ҳаётий воқеаларга мурожаат этиб, уларни ниҳоятда хилма-хил, ўзининг бойлиги ва ранг-баранглиги билан кишини мафтун қиладиган бадиий образларда ифодалайди. Download 1.45 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling