Ўрта махсус таълим вазирлиги
ЖАМОА БЎЛИБ ЎЙНАЙДИГАН ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР
Download 1.45 Mb.
|
СПОРТ ВА ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР ВА УНИ ЎҚИТИШ МЕТОДИКАСИ
ЖАМОА БЎЛИБ ЎЙНАЙДИГАН ҲАРАКАТЛИ ЎЙИНЛАР
ТАСНИФИ Педагогика амалиётида турли-туман жамоавий ҳаракатли ўйинлардан фойдаланилади. Ҳаракатли ўйинлар материалларининг гуруҳларга тақсимланиши муҳим аҳамиятга эга, чунки улар айрим белгиларига кўра ўзаро ўхшаш бўлади. Бу кўрилаётган ўйин мазмуни ўзига хос аҳамиятга эгалигини аниқ тасаввур қилишга ёрдам беради. Жисмоний тарбия мақсадида қўлланиладиган ўйин материалларини тақсимлашда муҳим ёки етакчи кўрсатма бўлиши учун у ёки бу ўйин машғулотини ўтказиш олдидан унга қўйиладиган аниқ педагогик вазифанинг мос келиши ўйин режасида кўриб чиқиш ҳисобланади. Жамоа бўлиб ўйналадиган ҳаракатли ўйинларни педагогик гуруҳларга ажратиш қатор ишларда мамлакатимиз ва чет эл муаллифлари томонидан ҳам кўтариб чиқилган. Масалан, қуйидаги ўйинларни гуруҳларни таклиф қилганлар “нисбатан тинч ёки хотиржам” ва «организмга сезиларли даражада таъсир этадиган» (Грум); маълум ёшдагиларга мўлжалланган (Фалитс); мазмунига кўра кўпроқ ёки камроқ мураккаб бўлган (А.Ф.Торопов), жамоавий ва ҳар ким ўзи учун ўйналадиган ҳаракатли ўйинларга (Т.С.Усмонхўжаев, Ф. Хўжаев) бўладилар. Рус олими П.Ф.Лесгафт ўз даврида ўйинларни оддий ва мураккабга бўлишни таклиф қилди. У ўз навбатида асосан уларнинг таркибига кирган ўйинларни, ҳаракат турларига қараб ажратиб чиқди. Оддий ўйинларга: а) югуриш билан боғлиқ ўйинлар; б) улоқтириш билан боғлиқ ўйинлар. Мураккаб ўйинларга: а)югуриш билан боғлиқ ўйинлар; б) улоқтириш билан боғлиқ ўйинлар; в) курашиш элементлари билан боғлиқ ўйинлар. П.Ф.Лесгафт бу гуруҳлашда педагог диққатини ўйинни таълимий ва тарбиявий томонидан баҳолашга қаратади. Бизнинг педагогик амалиётда жамоа бўлиб ўйналадиган ҳаракатли ўйинларнинг барчаси турли-туманлигига қараб, аввало икки асосий типга бўлинади: 1.Жамоани командаларга бўлмай ўйналадиган ўйинлар. 2.Жамоани командаларга бўлиб ўйналадиган ўйинлар (ушбу типга барча спорт ўйинлари киради). Ўйинчи жамоани ташкил қилишнинг ўзига хос белгилари бўйича ўйин материалининг шундай тақсимланиши ўйин қатнашчиларининг ўзаро муносабати нуқтаи назаридан қараш имкониятини беради. Ўйинларни баҳолашда биринчи навбатда ўйинчилар тайёргарлиги, унча мураккаб бўлмаган биргаликдаги ташкилий ҳаракатларни (ўйин мазмунини эътиборга олган ҳолда) ҳисобга олиш талаб этилади. Биринчи типдаги ўйинларга, ўйин қатнашчилари ўртасидаги оддий ўзаро муносабатлар асосида ташкил этиладиган ўйинлар киради. Жамоанинг умумий, биргаликдаги, ўз имкониятларига кўра ҳаракат қилиши, тўсиқлар устидан ошиб ўтишлари ўйинда қатнашчиларига кўпроқ қониқиш ҳиссини ҳосил қилади. Ҳар бир ўйиннинг фаол қатнашчиси кўп ҳолатларда дарҳол маълум бўлади ва ўз шахсий ҳаракатлари натижаларига ишонтиради. Ўйинчилар ўз куч ва эпчилликларини ўртоқлари эришган ютуқлари билан таққослаш имконига эга бўладилар. Бундай ўйин қоидалари одатда оддий ва унча кўп эмас, ва ўйиндаги низоли вазиятлар нисбатан тез хал этилади. Айниқса, бундай ўйинлар кўпроқ кичик мактаб ёшидаги болалар ўртасида кенг оммалашган. Иккинчи типдаги ўйинлар кўпроқ мураккаб муносабатлар, ўртоқлик ҳиссиёти, дўстларнинг мустаҳкам бирлигига таянган ҳолда ривожлантиришни талаб қилади. Бу ўйинлар алоҳида гуруҳлар ёки командалар орасида буюмлар, ўрин, вақт учун курашиш билан ўтказилиб, унда ўйин қатнашчиларининг келажакдаги умумий мақсади, асосан якуний муваффақиятга эришишга йўналтирилади. Натижада ҳар бир фаол қатнашчиларнинг шахсий ҳаракатларидан уни командаси ёки гуруҳи бевосита манфаатдор. Бундай ўйинлар қоидалари кўп сонли ва мураккаб бўлиб, ўйин қатнашчиларидан ўйин вазифаларини хал этишда тиришқоқлик, чидамлилик, сабр-тоқат талаб қилади. Одатда бундай ўйинлар ўрта ва катта ёшдаги болаларга учун мос келади. Бундай типдаги ўйинларга асосан спорт ўйинлари киради. Ҳар хил типдаги ўйинлар орасида турли ёшдаги ўйин қатнашчилари учун фойдали, тушунарли ва қизиқарли ўйинлар ҳам мавжуд. Кейинчалик ва имкон борича биринчи ва иккинчи типдаги ўйинларни кўпроқ майда-майда гуруҳларга бўлиб ўтказилгани маъқул. Ўқув қўлланмамизда асосланган ҳолда ўйин материалини тақсимлаш жамоада ўйнайдиганларни ўзаро муносабат шаклларида бўлишини диққат-эътибор асосида қабул қилинади. Ана шу белгилари бўйича ўйинлар командаларга бўлинмаслиги билан ажралиб туради: 1)ўйинбошисиз ўйналадиган ўйинлар; 2)ўйинбоши билан ўйналадиган ўйинлар. Командага бўлинадиган ўйинлар ҳам ўз навбатида икки гуруҳга бўлинади: 1)ўйин қатнашчилари рақиб командаси билан бир-бирига тегмай ўйнайдиган ўйинлар; 2)ўйин қатнашчилари бошқа команда ўйинчилари билан ўзаро тегиб ўйнайдиган ўйинлар. Умумий таълим мактаблари учун жисмоний тарбия дастурида, ҳаракатли ўйинлар тўпламида ва жисмоний тарбия ўқув қўлланмаларида махсус белгиланганига мувофиқ ўйин материалларини тақсимлашнинг бошқа вариантларидан фойдаланилади. Жисмоний тарбия бўйича мактаб дастурида ўйинлар асосан ўргатиш йўлига кўра ҳаракатчанлик даражасига биноан (1-4 синфлар учун дастурда), ҳаракат турлари бўйича (барча дастурларда) 8-11 синфлар учун спорт ўйинларини тақсимланади. Ўзбек халқ ўйинларида халқнинг ижтимоий ҳаёти, меҳнат фаолияти ва турмуш тарзи ўзига хос шаклларда акс этган. Уларда жуда бой ҳиссиёт ва кечинмалар, ўз Ватанига оташин меҳр-муҳаббат намоён бўлади. Ўзбек халқ ўйинларини мазмунига кўра қуйидагича таснифлаш мумкин: -драмалашган ўйинлар: а) ҳаётий (тарихий-ҳаётий, маданий-ҳаётий, касб-корлик-ҳаётий); б) кулгили ўйинлар; в) қўшиқ ва рақс ўйинлари; -мазмунли-ролли ўйинлар: а) мазмунли-ҳаракатли; б) спорт ўйинлари; -ижодий ўйинлар. Ўзбек халқ ўйинларининг тарихи тўғрисида драмалашган ўйинлар ўзбек қўғирчоқ театрининг негизи–қадимий халқнинг «қўғирчоқ ўйнатиш» санъати асосида пайдо бўлган дейиш ҳам мумкин. Драмалашган ўйинларга ўзбек халқ эртаклари ва афсоналари асос қилиб олинган. Мана шундай ўйинларнинг мақсади эртаклар ва афсоналарни ижро этишдир. Драмалашган ўйинлар ўз мазмунига кўра жуда ёрқин. Уларда иштирок этувчилар эса хоҳ ҳайвон ёки қуш, хоҳ одам бўлсин, бадиий образнинг барча хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган персонажлардир. Бунда ҳайвонлар инсон хусусиятларига ҳам эга. Эртакнинг мазмуни, қатнашувчи шахслар ўртасидаги кураш болани қизиқтириб унинг қалбини ром этади. Ҳаётий ўйинлар асосан ўзбек халқининг ўтмишдаги тарихи, турмуши, маданияти ва меҳнат фаолиятини ёритадиган ўйинлардир. Кулгили ўйинлар ҳаракатлар орқали феъл-атворларни моҳирлик билан ёритишга, кишилардаги айрим салбий хусусиятлар устидан киноя қилишга асосланган. Бундай ўйинлар айбдорларни «жазолаш» ва шу билан бирга кутилмаган ҳамда тасодифий элементларни киритиш мақсадида ташкил қилинади. Уларда ўзбек халқи маданияти, аскиячи ва масхарабозлар, тарихи акс эттирилади. Қўшиқ ва рақсли ўйинлар халқ маданиятининг ўзига хос жанри, ўзбек халқининг миллий оғзаки, театр ва мусиқа анъаналари тарғиботчиси сифатида фольклорга асосланади. Улар ўзбек халқининг маънавий бойлигини, эстетик дидини ифодалайди. Мазмунли-ролли ва мазмунли-ҳаракатли ўйинлар ўзича жозибадор ва қизиқарли бўлиб, мукаммал мазмунга эга ҳамда турли ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу ўйинлар болаларни атрофдаги олам, табиат, айрим нарсалар жиҳатлари билан таништиради. Мана шу гуруҳдаги ўйинларнинг аҳамияти ўзгача. Ижодий ўйинларга қуйидагилар киради: -ўқувчиларнинг ўзлари ўзбек халқ эртаклари ва афсоналари асосида яратадиган ўйинлар; -эстетик мақсадга қаратилган ихтиёрий ва мазмунли ўйинлар; -мақсадга мувофиқ ўйинлар, ўқувчиларнинг ўзлари яратадиган, бошланиши бир хил ва турлича якунланадиган ўйинлар, натижаси маълум бўлган ўйинлар; -ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини фаоллаштирадиган шеър тўқиш, қўшиқ, рақс, имо-ишоралар, тақлид қилишга асосланган ўйинлар; -тасвирий ижодкорлик, ўйинлар учун керакли нарсаларни бажаришга доир ўйинлар. Ҳаракатли ўйинлар воситасида тарбия самарадорлигини оширишнинг зарур шарти–педагогнинг бу жараённи маҳорат билан бошқаришидир. Ўқитувчининг ўйинлар педагог раҳбари сифатидаги вазифаси қуйидагилардан иборат: ўйиннинг мавзусини билдириш; ўқувчиларнинг ўйин ғоясига муносабатини фаоллаштириш, ўйинни ўтказиш ва унда қўйилган тарбиявий вазифаларининг хал қилинишини ифодалаган натижаларини якунлаш, ўқувчиларнинг ўйин вақтидаги хатти-ҳаракатлари, ўзаро муносабатларини баҳолаш. Ўйинларга раҳбарликнинг педагогик томони ўқитувчидан кичик, ўрта ва катта мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг ёш ва ўзига хос хусусиятларини таҳлил қилиш: тарбиянинг муайян мақсадлари ва вазифалари қўйиш ҳамда қисмларга ёки гуруҳларга ажратиш, кичик ва катта мактаб ёшидаги ўқувчиларни тарбиялашнинг энг мутаносиб шакллари, методлари ҳамда воситаларини аниқлашни талаб қилади. Download 1.45 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling