Рта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси


Download 1.09 Mb.
bet19/134
Sana11.02.2023
Hajmi1.09 Mb.
#1190279
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   134
Bog'liq
АБТЭБ фани ЎУМ Агробизнес 4 к 22 й

Биринчи йўналиш – ишлаб чиқариш жараёнлари ва тадбиркорлик таркибларини бошқариш. Тадбиркорлик фаолия­тининг ушбу йўналиши менежмент тамойилларининг тури сифатида мустақил ривожланади. Тадбиркор менежментнинг асосий тамойилларини яхши ўзлаштирган бўлиши ва замонавий менежер бўлмоғи лозим.
Ишлаб чиқаришни бошқариш ҳеч қачон тадбиркорнинг бошқа йўналишларидан ажратилган ҳолда олиб борилиши мумкин эмас: у ишлаб чиқаришни фақат истеъмолчилар учун ташкил қилади. Шунинг учун ҳам тадбиркор фаолиятининг иккинчи йўналиши бозорни ҳар томонлама ўрганишдир. Бозорда бўлаётган жараёнларни таҳлил қилмасдан туриб тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб бориш мумкин эмас.
Шериклар билан бўладиган алоқаларни яхши йўлга қўйиш тадбиркорлик фаолиятининг учинчи йўналишидир. Бунда тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлида шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш ва эски муносабатлардан воз кечиш мақсадга мувофиқдир.
Юқорида зикр этилган илмий асослар, тамойиллар Ўзбекистонда тадбиркорлик, унинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик­ни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган жараёнларни тизимли таҳлил қилиш, башоратлаш ҳамда қарор қабул қилишга асос бўлади.


Назорат ва муҳокама учун саволлар:
1. Тадбиркорлик муҳитига таъриф беринг.
2. Тадбиркорлик муҳитига қандай омиллар таъсир этади?
3. Тадбиркорлик фаолиятидаги ташқи омиллар?
4. Тадбиркорлик фаолиятидаги ички омиллар?
5. Тадбиркорлик фаолиятига таъсир этувчи омиллаларнинг ўзига хос хусусиятлари нимадан иборат?


7-МАВЗУ. ТАДБИРКОРЛИКНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


Режа:
1. Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мақсади ва вазифалари.
2. Қишлоқ хўжалигида кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган фаолият турлари ва рағбатлантириш усуллари.
3. Қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни давлат томонидан қўллаш-қувватлаш чора-тадбирлари ва уни амалга ошириш.
4. Тадбиркорни қўллаб қувватлаш ва берилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш орқали агробизнесни ташкил этишни ривожлантириш.


Юртимизда хусусий тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари ва кафолатларини янада мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этишни рағбатлантириш ва республика банк-молия тизими фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йил 17 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда хусусий мулк манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай имкониятлар яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юқоридаги қарорга асосан ташкил этилган Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринда жамғарма) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида қатор вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Ушбу жамғарма ташкил этилгунга қадар тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан жойларда тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди. Жойлардаги учрашувлар давомида уларнинг таклифлари олинди, тўсиқларни бартараф этиш усуллари устида бош қотирилди. Натижада хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилди.
Хусусан, тадбиркорлар томонидан банклардан кредит олиш пайтида гаров таъминоти етишмаслиги, тижорат банкларидаги кредитлар фоизи юқорилиги муаммо сифатида таъкидланди.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида махсус жамғарма ташкил этиш зарурати туғилди. Бугунги кунда ушбу тизим фаолияти амалиётга жорий этилиб, тадбиркорларга кафиллик ва компенсациялар тақдим этиб келинмоқда.
Албатта, юртимизда тадбиркорлик ривожланса, бундан аввало давлат ва жамият фойда кўради. Чунки ҳар бир тадбиркор фаолиятининг негизида янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кўпроқ фойда олиш масалалари ётади. Бу эса жамиятда ишсизлик муаммосини бартараф этиш, сифатли маҳсулот турларини кўпайтиришга хизмат қилади ҳамда солиқ тушумлари ошишини таъминлайди.
Жамғарма тижорат банклари томонидан берилаётган кредит суммасининг 50 фоизигача (лекин 2,0 млрд. сўмдан кўп бўлмаган миқдорда) кафилликлар ажратмоқда.
Шунингдек, жамғарма томонидан тижорат банклари кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.
Компенсациялар қуйидаги йўналишдаги лойиҳалар бўйича тақдим этилади:
● қишлоқ хўжалиги соҳасида, биринчи навбатда, энергия тежамкорлиги юқори бўлган замонавий иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, узумчилик ва боғдорчиликни, жумладан, интенсив боғларни ривожлантириш;
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, интенсив боғларда етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасида – ушбу маҳсулотларни сақлаш бўйича инфратузилма ва уларни ташиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил этиш;
пилла етиштириш, уни қайта ишлаш, тутзорлар ташкил қилиш;
● кўп қаватли уйлар атрофидаги умумий фойдаланишга мўлжалланган жойларни хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш;
● жамғарманинг бошқариш бўйича Кенгаши белгилайдиган тадбиркорлик фаолиятининг бошқа йўналишлари учун.
Компенсация – бу давлат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун беғараз ёрдам. Нафақат Марказий Осиё давлатларида, ҳатто Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида ҳам давлат томонидан кўрсатиладиган бундай кўринишдаги молиявий ёрдам мавжуд эмас.
Компенсация маблағларининг асосий манбаи давлат бюджети маблағлари эканлигини инобатга олсак, бу тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигига яққол мисолдир.
Жамғарманинг ишончли ресурс базасини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмини яратиш мақсадида давлат томонидан 50 миллион АҚШ доллари ва қарийб 250 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилди. Шунингдек, қарорда ҳар йили жамғармага давлат бюджети ҳисобидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки йиллик соф даромадининг бир қисми ўтказиб борилиши белгиланган.
Бундан ташқари, халқаро молия муассасалари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг жалб этиладиган грантлари Жамғарма ресурсларининг қўшимча манбалари сифатида белгиланган.
Қабул қилинган ушбу қарор республика банк-молия тизимини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий ҳимоя қилиш ва кафолатларини таъминлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланиши имкониятларини кенгайтириш ва шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ҳаёт даражасини оширишга хизмат қилади.
Айни пайтда жамғарма томонидан тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги эквивалентда компенсация бериш амалиёти жорий этилган:
миллий валютада, қиймати 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида – 5 фоизли пункт миқдорида;
● миллий валютада, қиймати 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда, қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 17 март ПҚ-2844-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган туманларда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармони билан тасдиқланган «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар учун – 8 фоизли пункт миқдорида;
● миллий валютада, қиймати 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда – ёш тадбиркорлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияси билан жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар бўйича – банклар харажатларини қоплаш учун 3 фоизли пункт миқдорида;
хорижий валютада, қиймати эквивалентда 8 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;
● хорижий валютада – 2017 йил 5 сентябргача иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совуткичлар қуриш учун халқаро молия муассасалари кредит линиялари ҳисобига ажратилган валюта кредитлари бўйича – белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.
Хориж тажрибаси
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида хорижнинг етакчи давлатлари тажрибасини ўрганиш ҳамда амалиётда жорий этиш ўзининг ижобий самарасини беради.
Бу борада ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жаҳоннинг кўплаб давлатларида кичик бизнес субъектлари учун кредит олишда гаров таъминотининг етишмаслиги ёки мавжуд эмаслиги асосий тўсиқлардан биридир.
Жаҳоннинг аксарият давлатларида аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш ҳамда кичик бизнес ривожланишини жадаллаштириш мақсадида уларни қўллаб-қувватловчи кафолатланган механизмлар амалиётга жорий этилган. Уларнинг асосий вазифаси кичик бизнес субъектлари томонидан олинадиган кредитлар бўйича зарурий таъминотни тақдим этиш ҳисобланади.
Мазкур тизим дунёнинг 100дан ортиқ давлатларида, шу жумладан, Корея Республикасида, Япония, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларида ташкил этилган бўлиб, муваффақиятли фаолият юритмоқда. Кредит таъминотига кафилликларни тақдим этишдан ташқари, ушбу кафолат жамғармалари консультатив ёрдам, бизнес бошқарувида амалий кўмак бериш ва молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар ечимини топиш каби хизматларни кўрсатади.
Айрим давлатларда кафолат жамғармалари томонидан бериладиган кафилликлар суммаси бир неча миллион долларни ташкил қилади, баъзиларида эса кафиллик суммаси олинадиган кредит суммасининг 50-90 фоизи доирасида бўлади.
Кафолат жамғармалари томонидан кафилликлар тўловлилик асосида берилиб, тўловчи сифатида қоида тариқасида кичик бизнес субъектлари иштирок этади. Кафилликдан фойдаланиш учун тўлов суммаси қатъий миқдорда ёки бериладиган кафиллик суммасига нисбатан фоизли тўлов сифатида белгиланади.
Масалан, АҚШда ушбу тўлов миқдори олинаётган кафиллик суммасининг 2,0-3,5 фоизи, Корея Республикасида 0,5-2,0 фоизи, Хитойда эса 0,8-1,2 фоизини ташкил этади. Тўлов суммаси кафиллик суммаси ва кафиллик бериладиган муддатга боғлиқ бўлади.
Кафолат жамғармалари томонидан бир қарздорга бериладиган кафилликнинг максимал миқдори Буюк Британияда 175 минг АҚШ доллари, Корея Республикасида эса 10 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Аксарият давлатларда мазкур кафолат жамғармалари таъсисчиси сифатида давлат, маҳаллий бошқарув органлари, савдо-саноат палатаси ва банклар иштирок этади.
Юртимизда Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ташкил этилгандан сўнг тадбиркорлик субъектларига банклар орқали ресурс маблағлари, кафиллик ҳамда компенсациялар ажратилишининг ҳуқуқий механизми яратилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида мазкур жамғарма томонидан 1500га яқин тадбиркорга молиявий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 492 тадбиркорга кафиллик, 915 тадбиркорга компенсация ҳамда 49 тадбиркорга ресурс маблағлари ажратилди (1-жадвалга қаранг).

Жамғарма томонидан 111та чорвачилик, 76та иссиқхона, 30та балиқчилик, 28та паррандачилик ва бошқа кўплаб лойиҳалар молиявий қўллаб-қувватланди. Натижада ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан 10 475 янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда (2-жадвалга қаранг).



Албатта, юқоридаги лойиҳаларни молиялаштиришда юртимиздаги тижорат банкларининг роли катта. Мисол учун, ўтган даврда акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан 410 тадбиркорнинг турли лойиҳаларига қарийб 96 миллиард сўмлик кафиллик, компенсация ҳамда ресурс маблағлари жалб қилинди (1- ва 2-диаграммаларга қаранг).


Халқ банки томонидан Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги «Рустамбой Шоҳруххон» фермер хўжалигига Жамғарманинг 500,0 млн. сўм ресурс маблағлари ҳамда гарови етарли бўлмаганлиги сабабли 200,0 млн. сўмлик кафиллик тақдим этилганлиги эвазига Белоруссия давлатидан 24 бош наслли қорамол, Қўшкўпир туманидаги «Беҳруз Феруз» фермер хўжалигига Жамғарманинг 3,5 млрд. сўмлик ресурс маблағлари ҳамда гарови етарли бўлмаганлиги сабабли 1 750,0 млн. сўмлик кафиллик тақдим этилганлиги эвазига Германия давлатидан 165 бош наслли қорамол олиб келинди. Натижада ушбу фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.


Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда тижорат банклари ҳамкорлигида юртимиздаги кўплаб фермер ва тадбиркорларнинг лойиҳалари амалиётга жорий қилинмоқда.





Download 1.09 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   134




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling