Рустамова сайёра хатамовна қарор қабул қилишни оптималлаштириш орқали ишлаб чиқариш корхоналарида бошқарув самарадорлигини ошириш
§ Оптимал бошқарув қарорларини қабул қилиш мезонлари
Download 0.63 Mb.
|
0.01.Диссертация иши
1.2.§ Оптимал бошқарув қарорларини қабул қилиш мезонлари
Жаҳондаги менежмент ва уни ташкил этишнинг назариётчиларидан бири Питер Друкер айтганидек: «Менежмент-алоҳида фаолият тури бўлиб, ташкил этилмаган бетартиб оммани бир мақсадга йўналтирилган самарали ва унумли гуруҳга, жамиятга айлантирадиган, ижтимоий ўзгаришларни рағбатлантирувчи элементи ҳисобланади»33. Шу нуқтаи-назардан оммани бир мақсад томон йўналтириш учун раҳбарлар бошқарув қарорларини қай тарзда қабул қилганлигини ўрганиш аҳамиятга моликдир. Корхона фойдасига таъсир этувчи уч унсур: ҳаражат, наф ва баҳонинг моҳиятини тўғри англай олган бошқарувчигина оқилона қарор қабул қила олади. Илмий адабиётларда "самарадорлик" атамасига мумкин бўлган минимал харажатлар билан маълум натижаларга эришиш жараёни билан боғлиқ дея таъриф берилади. Бундай натижага тўғри қарорлар қабул қилиш ва мақсадга эришиш йўлини яратиш билан эришиш мумкин34. Бошқарув қарорлари самарадорлигини белгилашда энг асосий мезон аҳолининг турмуш даражаси ва сифатидаги ўзгаришлар, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев айнан шу масалада қуйидаги фикрларни таъкидлаб ўтди: «Асосий вазифа –бу юқори касб маҳорати ва замонавий тафаккурга эга, пухта ўйланган, ҳар томонлама тўғри қарорлар қабул қила оладиган, белгиланган мақсадларга эришадиган раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг янги таркибини шакллантиришдан иборат.....ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини билиши керак»35. Шундай экан ҳар қайси раҳбар бошқарув қарорларини қабул қилаётиб, вазият нуқтаи-назаридан барча мезонларни ҳисоблаши даркор. Раҳбарнинг маржинал мавқега эгалиги, бир томондан унинг қарори у бошқараётган структуранинг вазифалари, шароитлари, талабларини қондириши, ходимларнинг манфаатларини кўзлаши керак бўлса, иккинчи томондан раҳбарнинг ўзи назорат ташкилотлари талаблари ва топшириқларини бажариши зарур. Шу ўринда танлов мақсад ва мезонларининг мос келмаслик феномени манбаи вужудга келади36. Мезон танлаш берилаётган масаланинг турли муқобилларини атрофлича кенгашиш, ҳамда уларнинг ижобий ва салбий томонларини аниқлашдан бошланади. Яъинки фаолиятнинг барча маълимотларини ўрганиш, уларни тизимлаштириш, корхона ва ташкилотлардаги тизимларнинг ўзаро боғлиқлигини ўрганиш орқалигина мезонлар ва кўрсаткичлар танланади. Кўрсаткичлар ва мезонлар тизими ташкилот фаолияти самарадорлигини назорат қилиш ва ўлчов базасини шакллантириш учун зарур бўлган воситадир37. Қарор мезонлари - бу барча муқобил вариантларни баҳолаш керак бўлган стандартлар. Мезон - бу мақсадларга эришиш учун расмий тақдимоти ўлчанадиган тоифалардаги миқдорий моделлардир38. Мезонлар корхонанинг мақсадларига кўра турлича бўлиши мумкин. Масалан корхона имиджга эга бўлишни мақсад қилиб олган бўлса, бу ерда ҳаражатлар муҳим мезон саналмайди, корхона обрўсини оширишга қаратилган лойихалар асосий мезон сифатида қаралиши мумкин. Бошқарув қарорларини қабул қилиш мезонлари қуйидагилар ҳисобланади: -муҳимлик мезони (кутилаётган фойда ва зарар хажми орқали аниқланади); -такрорланиш мезони (баъзи қарорлар фаолият давомида бир маротаба қабул қилинса, баъзилари доим такрорланиб туради, яъни такрорланишини ифодаловчи қиймат); -зудлик (гап зудлик билан қабул қилинган қарор ёки узоқ вақт кутиш мумкин бўлган қарор ҳақида кетмоқда ); -тикланиш қобилияти (баъзи қарорларнинг ижроси амалга ошгандан кейин уни тўғриласа бўлади, баъзиларини эса тўғрилаш катта йўқотишларга сабаб бўлади); -муқобиллар миқдори (баъзи қарорларда 2 дона муқобил(бинар), яъни ҳа ёки йўқ жавоби етарли бўлса, баъзи қарорларда кўплаб вариантлар бўлиши мумкин)39. Яхши қарор қабул қилиш учун қуйидаги мезонларни ҳам инобатга олиш даркор: пессимистик ёндашув; оптимистик ёндашув 40. Пессимистик ёндашув мезонида энг ёмон шароитда фойдани максималлаштириш назарда тутилиб, бу эҳтиёткор фикрловчилар учун ҳосдир. Оптимистик ёндошувга кўра энг яхши шароитда фойдани максималлаштириш кўзда тутилади. Биз юқоридаги омиллар ва тадқиқотларимиз натижаси ўлароқ оптимал бошқарув қарорлари қабул қилиш мезонлари деб биз қуйидагиларни келтирмоқчимиз: корхона ва ташкилотнинг олдига қўйган аниқ мақсадлилиги мезони; корхонанинг молиявий аҳволи мезони; ахборотларнинг ўз вақтида ва тўла бўлишлиги мезони; юқори ташкилотларнинг қонунларидан четга чиқмаслик мезони; вақт мезони; раҳбарни қарор қабул қилишдаги шахсий ёндашуви ёки улардаги хулқ-атвор чекловлари; жамоадаги муҳитнинг илиқлиги ёки ташкилий маданият, қадриятларнинг мавжудлиги мезони; қарор қабул қилувчиларнинг ваколат доираси мезони; қарорларнинг ўзаро боғланганлик мезони. Миқдорий жиҳатдан ифодаланган мақсадлар ҳал қилувчи мезон бўлиб, ички ресурс чекловлари ва ташқи муҳит ҳолати билан боғлиқ ташқи чекловларни ҳисобга олган ҳолда бошқариладиган объект кўрсаткичлари орасидаги функционал боғлиқликларни (детерминистик ёки стохастик) аниқлаш орқали аниқланади41. Бошқарув қарорларининг ўзаро боғланганлик мезони асосан раҳбарнинг бир бўлим фаолияти юзасидан бошқарув қарорини қабул қилиши орқали бошқа бир фаолиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айтайлик раҳбарнинг техникаларни ривожлантириш бўйича қабул қилган қарори, кадрлар қўнимсизлигига олиб келиши мумкин. Ёки фаолиятни кенгайтириш учун молиявий кўмак олиш бўйича қабул қилган қарори корхонанинг пировард фойдасига таъсирида намоён бўлади. Айнан шу муносабат билан молиялаштиришнинг манбалари бўйича мувозанатга эътибор аҳамиятлидир. Эдвард Холл шахс томонидан ўзи ва атроф дунё ўртасида ўрнатилган «селектив экраннинг «юқори-паст» шкаласи» тушунчасини киритиб маданиятларни юқори ва паст контестингга бўлади, ана шу маданият вакилларининг ахборот узатиш ва қабул қилишдаги фарқларини кўрсатади. Унинг фикрича, юқори контестинг маданиятлари (Ўрта Шарқ, Осиё, Африка, Жанубий Америка) вакилларини ақлдан кўра кўпроқ хиссиёт ва интуиция ҳаракатга келтиради, улар учун сўзлардан кўра гапираётган одамнинг овоз оҳанги, юз ифодаси, ҳаракатлари, ўзини тутиши муҳимроқ. Паст контестинг маданиятлари (Шимолий Америка ва Ғарбий Европа) вакиллари эса мулоқот пайтида фикрларнинг ҳужжат билан далилланганлиги, тўғридан тўгри баён этилишига кўпроқ аҳамият беради42. Мимик ифода 70% дан кўпроқ ахборотни ташийди. Бошқача айтганда, инсон кўзлари, кўз қараши, юзи айтилган сўзлардан кўра анча кўп маълумотни бериши мумкин43. Ахборот бошқарув қарорларини қабул қилишда етакчи ўринни эгаллайди. Ахборотлар ҳам ўз ичига қуйидагиларни олади: ҳаққоний аҳборот ва аналитик ахборот. Раҳбарга қарор қабул қилиш учун асосан аналитик ахборотлар зарур, чунки ҳаққоний маълумотларни кераксиз ва ортиқча қисмини олиб ташлаб ва аналитик ахборотга айлантириш, биринчи навбатда ортиқча вақт йўқотилишини, иккинчидан ортиқча ахборотлар раҳбарни чалғитиши олдини олади. Шунда вақт нуқтаи назаридан ҳам, кераксиз маълумотлар билан чалкашиб кетмаслик нуқтаи назаридан ҳам фойдали бўлади. Қарорларни қабул қилишда ахборотларни қайта ишлаш бўйича қуйидаги усуллар мавжуд44: таққослаш усули; нисбий ва ўртача қийматлар усули; график усул; гуруҳлаш усули; мувозанат усули. Бошқарувда ахборот таъминоти бўйича илмий иш олиб борган тадқиқотчи Т.П.Жиемуратовнинг фикрича бошқарув соҳасидаги барча техник воситалар фақат ахборотга ишлов бериш учун қўлланилади, қарорнинг ўзини эса ҳамма вақт инсон қабул қилади45. Ахборот жараёнлари муайян вақтга чўзилганлиги туфайли, ҳаққоний ва мос ахборот ҳам, агар у вақтда эскирган бўлса, нотўғри қарорлар чиқаришга олиб келиши мумкин46. Бошқарув қарорларини самарали қабул қилиш учун эса албатта ахборот тизими зарур хисобланади. Корхоналар бошқарувида ахборотлар тизими бўйича илмий иш олиб борган олим М.К.Абдуллаев ўз илмий ишида цехлар, бўлимлар ва юқори раҳбарият ўртасидаги ахборот оқимлари алмашиш жараёнларининг алгоритми тузилган ва уни локал ҳамда ўртача интеграциялашган корпоратив ахборот тизимлари асосида47 ягона кўринишда ташкил қилиш механизмларини корхоналар фаолиятига жорий этиши натижасида корхона бошқарувида ахборотларнинг тезкор айланиши, уларнинг назорат қилиниши ва тезкор қарор қабул қилиш жараёни 6-8% га тезлашгани ўз натижаларини берган. Олимнинг илмий изланишлари натижасида замонавий ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда корхонанинг ягона ахборот муҳитини яратиш мақсадида интеграллашган ахборот тизимлари ва уларни қўллаш усулларини кенг тадбиқ этиш лозимлиги, бунинг натижасида маълумотларни ва ахборот айланиш жараёнларини самарали бошқаришга эришилади ва корхона фаолиятини автоматлаштириш соҳасидаги бошқарув қарорларини қабул қилишда асосий манба бўлиб хизмат қилишини ифодалаб берган. Юқоридаги санаб ўтилган мезонларда ҳам айнан тажрибали инсонларга суяниш бошқарув қарорларини самарадорликка етакловчи мезон сифатида қараб ўтилаётганини кўришимиз мумкин. Раҳбар ўзи бошқараётган жамоада низоларни олдини олиш учун бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнига ҳодимларини ҳам жалб этиш даркор. Бундан ташқари оптимал қарор қабул қилиш мезонлари сифатида корхона раҳбарининг шахсий ҳусусиятларини ҳам санаб ўтилди. Айнан бошқарувда инсон омили мавзусида илмий иш олиб борган олим А.Мадалиев инсон омилига инсон ҳис-туйғулар, ақл-идроки, илми, инсоний сифатлари, маънавий-аҳлоқий қадриятлари, табиати, феъл-атвори, меҳнатга муносабати, малака, тажриба, онги, дунёқараши, жисми, соғлиги, ёши, жинси, эътиқоди, руҳияти, қобилияти ва майлидан иборат мураккаб синергетик тизим деб таъриф берган48. Демак корхоналардаги юқори бўғин вакиллари ҳисобланган раҳбарлар мураккаб тизим сифатида юқорида санаб ўтилган сифат фазилатларига эга бўлиши лозим. Шу ўринда яхши раҳбарнинг эга бўлиши лозим деб ҳисобланган сифатлари акс эттирилган қуйидаги расмни келтириб ўтмоқчимиз (1.2-расм). Қуйи, ўрта, юқори поғона менежери ёки раҳбарлари авволо 3 та энг асосий вазифани бажарадилар: Юқоридаги раҳбар вазифаларини санар эканмиз, раҳбарнинг ташкилотчилиги, жамоани ортидан етаклай олиши муҳимлигини таъкидланганлигини шоҳиди бўламиз. Инсонлар ўз эҳтиёжларини қондириш ва камол топиш учун жамоа ва жамиятга бирлашиши зарур бўлади49. Шундай экан замонавий раҳбар аввало лидер бўлиши даркор. Лидерлик тўғрисида илмиш иш олиб борган О.К.Алимов ўзининг диссертациясида: лидерликсиз ҳеч бир вақт ялпи даражада сифатни таъминлашга эришиб бўлмайди деган фикрларни келтириб ўтган50. Download 0.63 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling