Рўзибоева Гулхида


Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг


Download 314 Kb.
bet12/13
Sana11.01.2023
Hajmi314 Kb.
#1089243
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
406-08

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг
тараққиёти
Мустақилликнинг қўлга киритилиши унинг шонли тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилиш билан бирга унинг бугунги қиёфасини янада бойитди. Ривожланган мамлакатларнинг юртимизни мустақил мамлакат сифатида тан олиши жаҳон миқёсида унинг обрў-эътиборини янада оширди. Сиёсат, иқтисод, фан, таълим, маданият ва спорт соҳасида биз дунёни танидик, дунё эса бизни... Тарихимиз, миллий-маънавий меросимиз, динимиз, қадриятларимиз қайтадан тикланди. Мадҳиямиз халқаро майдонларда янграб, обрўйимиз, шаънимиз саналмиш байроғимиз нуфузли доираларда ҳилпирай бошлади.
Ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада эришган ютуқларини сарҳисоб этиш билан унинг ички ва ташқи салоҳиятига баҳо берса бўлади. Мустақил ўзбек заминининг ҳар бир соҳада қўлга киритган муваффақиятлари замирида Ватаннинг турли сарҳадларида истиқомат қилаётган инсонларнинг меҳнатлари, фидоийлиги, бой ва юксак интеллектуал билими, жисмоний қобилиятлари мужассамдир. Шу маънода мамлакатимизнинг биргина спорт соҳасида эришган муваффақиятлари оламшумул аҳамият касб этади.
Мустақилликни қўлга киритган дастлабки кунларимизданоқ мамлакатимиз Президенти соғлом авлодни вояга етказиш ишига ўз эътиборини қаратди. 1992 йилнинг 14 январида “Жисмоний тарбия ва спорт” тўғрисидаги Ўзбекистон республикаси Қонунининг қабул қилиниши бу борадаги дастлабки қадамлардан дейиш мумкин. Ўша йилнинг 21 январида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилди ва 1993 йил сентябрь ойида ўтказилган Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-сессиясида Ўзбекистон Республикаси ушбу нуфузли ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Ўзбек спортчилари Олимпия ўйинларида мустақил жамоа сифатида иштирок этишлари учун имкониятлар эшиги очилди.
1992 йили шахмат бўйича терма жамоамиз аъзолари Филиппин пойтахти Манилада бўлиб ўтган 30-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида умумжамоа ҳисобида кумуш медални қўлга киритди.
Ўзлигини таниган, англаган халқ энг аввало эътиборни ёшлар тарбияси ва уларнинг камоли йўлига қаратади. Чунки қонида ғайрат, шижоат нафаси уфуриб турган, матонат ва жасорат балқиб турган ёшлар ўша мамлакатнинг истиқбол тақдирини белгилайди. 1993 йилда Президентимизнинг “Соғлом авлод учун” орденини таъсис этиш тўғрисидаги Фармони ана шу ҳақиқат учун қўйилган залворли қадам бўлди.
1994 йилда Норвегияда ўтказилган қишки Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари олимпиадалар тарихида биринчи марта мустақил жамоа бўлиб иштирок этишди. Қуёшли юртимиз спортчиси Лина Черязова фристайлнинг акробатика турида қорли мамлакатнинг спортчиларини ҳам ортда қолдириб, олимпия чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Бу муваффақият замирида эса спортчининг Ватанга, она заминга бўлган меҳр-муҳаббати ётади.
Спортни ривожлантиришга шахсан Президентимизнинг эътибор қаратиши ўзбек заминига дунё таниган спортчиларнинг ташрифига сабабчи бўлди. Мамлакатимиз пойтахтида 1994 йилнинг 30 май куни теннис бўйича “Президент Кубоги”нинг ташкил этилиши ана шу ишларга дебоча бўлди. Жаҳоннинг энг кучли эркак теннисчиларини азим Тошкентга жамлаган “Президент Кубоги” мусобақалари тантанали тарзда ўтказилди. Турнирнинг илк совринини америкалик Чак Адамс қўлга киритган бўлса, марокашлик Карим Алами, испаниялик Феликс Мантилья, буюк британиялик Тим Хэнман, россиялик Марат Сафин, Евгений Кафельниковларга ҳам юртбошимиз қўлидан бош мукофотни қабул қилиб олиш насиб этди. Таъбир жоиз бўлса, бу Ўзбекистонни спорт мамлакати сифатида дунёга танитди. Халқаро шоҳсупаларда ўзбек спортчилари кетма-кет қадларини тик тутиб туриши одатий ҳолга айланди. Ўша пайтда эндигина ўн тўрт ёшни қаршилаган Рустам Қосимжонов Қатар давлати пойтахти Дохада ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Юрт фарзандлари қисқа фурсатда барча соҳалар каби спортда ҳам салмоқли натижаларга эришаётгани дунё ҳамжамиятининг диққат-эътиборини янада оширди. Ўзбек шахматчилари салоҳият ва қобилияти нақадар юқори эканликларини мазкур турнир мисолида исботлай олдилар.
Шахматда тождор бўлиш осон иш эмас. Ақлни чархлайдиган, зукколик ва топқирликни тарбиялайдиган спортнинг бу тури бўйича 1886 йилдан буён жаҳон чемпионларини аниқлаш учун мусобақалар ўтказилаётганига қарамай, ҳозирча ўн саккиз шахматчи ана шундай шарафли номга сазовор бўлди. Улардан бири бизнинг ҳамюртимиз экани ғуруримизга ғурур қўшади. 2004 йилнинг 13 июл куни ўзбек шахмати мисли кўрилмаган тарихий ютуққа эришди. Зукколиги, ақлу заковати билан жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутган Мирзо Улуғбек, Ал-Беруний, соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари авлоди саналган Рустам Қосимжонов Ливия пойтахти Триполида ўтказилган жаҳон чемпионатида боболари номига муносиб фарзандлигини исботлади. Унинг исми шарифи жаҳон спорти солномаси китобига ўн еттинчи тождор сифатида зарҳал ҳарфлар билан битилди. Бу қадри баланд ғалаба фақат ҳамюртимизнинг эмас, сизу бизнинг, ЎЗБЕКИСТОНнинг қучган зафари эди. Дунёнинг барча нашрлари, теледастурлар ва радиоэшиттиришлар унинг номини айтиб бонг урдилар. Унинг исми шарифидан олдин Ўзбекистон номи жаранглади.
1994 йил. Япониянинг Хиросима шаҳридаги навбатдаги Осиё ўйинлари. Қитъамиздаги энг нуфузли мусобақалар қаторига кирадиган ушбу беллашувларда Ўзбекистон спортчилари ҳам муносиб иштирок эта бошладилар. Кетма-кет эришилган зафарли юришлардан сўнг футболчиларимиз финалгача муваффақиятли етиб келдилар. Хиросиманинг шукуҳли стадионларини тўлдириб ўтирган мухлислар хитойлик футболчиларни қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда ўзбек футболчилари рақибларини яшин тезлигида ортда қолдирдилар. Мусобақалар тугагач, кўп ўтмай Хитой Халқ республикаси президенти: “Мен мамлакатимиз спортчилари қўлга киритган юздан ортиқ медалларни ўзбекистонликлар футболда қўлга киритган олтин медалга жон-жон деб алишган бўлардим”, деб эътироф этган эди. Таъбир жоиз бўлса, бу ўзбек футболчиларининг маҳоратига берилган юқори баҳо эди. Дарҳақиқат, республикамизда футболнинг ривожига катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993, 1996 ва 2006 йиллардаги “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари мамлакатимиз футболи ривожига катта туртки бўлди. 1991 йилда республикамизда футбол майдонлари 5664тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 8283тага етди.
Спортнинг ривожи давлат сиёсати даражасига кўтарилган сари ўзбек спорти кенгроқ қулоч ёза бошлади. 1995 йили Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Хуан Антонио Самаранчнинг пойтахтимизда меҳмон бўлиши эса бизнинг мамлакатга ва унинг спортчиларига билдирилган юксак ишонч эди. Дунёдаги энг нуфузли спорт ташкилотининг раҳбари мамлакатимиз спортчиларининг кетма-кет эришаётган зафарларини муносиб баҳолади. Ана шундай пайтда давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё ўйинларига асос солинди ва у юртимизда ниҳоятда катта шодиёна билан ўтказилди. Шу йилнинг октябр ойида пойтахтимиз бокс бўйича Осиё чемпионати беллашувларига мезбонлик қилди. 1996 йилнинг 6 февраль кунги беқиёс эътироф эса сўзларимизнинг исботидир. Халқаро Олимпия қўмитасининг Лозаннадаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Олимпия ғояларига садоқати ва жаҳон спорти ривожидаги улкан хизматлари учун спортдаги энг олий мукофот – Халқаро Олимпия қўмитасининг Олимпия Олтин ордени топширилди.
Олимпиада энг улкан ва шукуҳли спорт анжуманидир. Ҳар бир спортчи унда музаффар бўлмоқни, мамлакати, Ватани тарихи учун аҳамиятли ғалабани қўлга киритмоқни орзу қилади. Ахир кўксида Олимпиада олтин медали ялтираб тургани ҳолда юрти мадҳиясини тинглаш, унинг тобора юксакликка кўтарилаётган байроғига қараб мижжаларининг намланмоғини яна нима билан алишиб бўларди.
1996 йил Атланта шаҳрида ташкил этилган XXVI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз ана шундай фарахбахш ўйларни бошидан кечирган бўлса, не ажаб. Чунки давлатимиз раҳбарининг спортчиларимизга йўллаган нутқида “Агар АҚШ заминида Ўзбекистон мадҳияси янграса, билиб қўйинг, бутун халқимиз сиз билан ғалаба нашидасини суради. Бутун аждодларимиз руҳи ҳам сиздан шод бўлажак”, деб айтган эди. Дюздочимиз Армен Богдасаров кумуш, боксчимиз Карим Тўлагановнинг бронза медалига сазовор бўлиши 197 иштирокчи давлат вакиллари орасида 58-ўринни эгаллашимизга замин яратди. Ҳар қандай муваффақият рағбатлантирилса, ўзининг муносиб баҳосини олса, қадр-қиммати янада ошади. Юртбошимиз жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдаги хизматлари, тинчлик ва барқарорлик сақланишига, барча миллатлар ва элатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси, шунингдек, Атлантада ўтказилган Олимпиада ўйинларида катта ютуқларга эришганликлари учун бир гуруҳ спортчилар ва мураббийларни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди.
Олимпиада ўйинлари асосчиси, барон Пьер де Кубертен “О, спорт, сен тинчликсан!” деганда унинг сўзлари қанчалар ҳақ эканига иқрор бўлиб боряпмиз. Спорт элларни элларга, дилларни дилларга боғловчи кўприкдир. Миллати, дини, эътиқоди, ирқи, шевасию лаҳзаси турлича бўлган одамлар бир-бирларини тушунмасалар-да, не демоқчилигини ҳис қиладилар. 2000 йил Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин кўриниши ҳам бўлди. Олдинга қўйилган мақсаднинг залворини икки ҳафталик беллашувлар исботлаб берди. Табиийки, Олимпиада иштирок этувчи давлатлар ва иштирокчилар сони йил сайин ошиб борарди. 199 давлатдан келган 11 147 нафар спортчи сафида медалларга даъвогарлик қилишнинг ўзи жасорат. 77 нафар вакилимиз спортнинг 13 турида ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Андижон бокс мактаби вакили Муҳаммадқодир Абдуллаев Олимпиаданинг илк олтин медалига эгалик қилиб, ўз номини Олимпиада тарихидаги илк ўзбек чемпиони дея зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Эркин курашчимиз Артур Таймазов кумуш ҳамда боксчиларимиз Сергей Михайлов ва Рустам Саидовлар бронза медалига эгалик қилди. Бундан ташқари, бокс, эркин ва юнон-рум кураши, ўқ отиш, енгил атлетика, сузиш, дзюдо каби спорт турларида ҳам вакилларимиз кучли ўнликдан жой эгаллашди. Вакилларимиз иштирокчи давлатлар орасида 41-ўриндан жой олдилар.
Афина олимпиадаси беллашувлари янги асрни муваффақият билан бошлаб берди. 202 давлат вакиллари орасида Ўзбекистон делегацияси умумжамоа ҳисобида 34-ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлди. Эркин курашчимиз Артур Таймазов бу сафар Сиднейдаги натижасини янгилаб, Олимпиаданинг олтин медалига сазовор бўлган бўлса, унинг ёнига юнон-рум курашчиси Александр Докторошвили ҳам қўшилди. Эркин курашчимиз Магомед Ибрагимов кумуш, чарм қўлқоп усталари Ўткирбек Ҳайдаров ва Баҳодиржон Султоновлар бронза медали соҳиби бўлишди. Умуман олганда, грек заминида ўтказилган мусобақалар ҳамюртларимизнинг тажрибалари тобора ошиб бораётганидан далолат берарди.
2008 йилнинг 8-24 август кунлари Хитой Халқ республикаси пойтахти саналган Пекин шаҳрида навбатдаги Олимпиада ўйинлари ўтказилди. 104 нафар Ўзбекистон спорти делегацияси 4 август куни Олимпиада пойтахтига жўнаб кетди. 6 август куни Пекиндаги муҳташам “Қуш уяси” ва сув спорти саройи билан бир қаторда қурилган Олимпиада шаҳарчасида Ўзбекистон делегациясини қабул қилиш маросими ўтказилди. У ерда давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилди.
2008 йилнинг 8-ойи, 8-куни, кеч соат 8дан 8 дақиқа 8 сония ўтганда миллий стадионда тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маросимнинг жозибадорлиги ва бетакрорлиги мезбонларнинг катта тайёргарлик кўрганлигидан дарак берди. Кўҳна Чин ўлкасининг бой тарихи, ўзига хос маданияти, меҳмондўст халқи қиёфаси тантаналарда акс эттирилди. Давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтаонинг таклифига биноан ушбу маросимда иштирок этди ва спортчиларимизга руҳий мадад берди.
Беллашувларнинг дастлабки кунидаёқ дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, бухоролик Ришод Собиров 60 кг гача бўлган вазнда олтита беллашув ўтказди ва учинчи ўрин учун бўлган баҳсда франциялик полвон Дмитри Драгинни очколар ҳисобида мағлуб этиб, дастлабки бронза медали соҳибига айланди. Бу муваффақият Ўзбекистон Олимпиада тарихи учун беллашувларнинг биринчи кунидаги ютуқ сифатида муҳрланади. Яна бир дзюдочимиз, оғир вазнли спортчи Абдулла Тангриев ҳам кумуш медал соҳибига айланди. Спортдаги фаолияти давомида жаҳон чемпионати совриндори ва қитъа чемпиони бўлган Абдулла финалда япониялик Сатоши Ишига имкониятни бой бериб қўйди.
Трамполин беллашувларида Олимпиада ўйинларида учинчи бор иштирок этаётган вакиламиз Екатерина Хилько 36,90 балл тўплаб, Олимпия терма жамоамизга навбатдаги бронза медалини олиб келди. 26 ёшли спортчимиз Жаҳон кубоги ва Осиё ўйинларида совринли ўринларни қўлга киритганини айтиб ўтишимиз керак. Узоқ йиллик тажриба ва маҳорат Пекиндаги мусобақаларда асқотди ва Е.Хилько Олимпиада совриндорига айланди.
Спортнинг жозибали, аммо мураккаб турларидан саналган спорт гимнастикасида ҳам икки нафар вакилимиз Олимпиадада иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритганди. Улардан бири 25 ёшли Антон Фокиндир. Спорт гимнастикасида мамлакатимиздаги энг кучли спортчилардан саналган А.Фокин 2007 йилнинг сентябрида Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритиб, Олимпиада лицензиясига эгалик қилганди. XXIX ёзги Олимпидада у брусда бажарган машқлар якунига кўра бронза медали соҳибига айланди.
Делегациямиз аъзолари орасида эркин курашчиларимиз ҳам муносиб қатнашишига умид боғлаган эдик ва бу тез орада ўзини оқлади. 74 килограммгача бўлган вазнда гиламга тушган ҳамюртимиз Сослан Тигиев ҳам финалгача муваффақият билан етиб борди. У финалда россиялик Бувайса Сайтиевга рўбарў келди. Икки карра Олимпиада ўйинлари ғолиби, кўпкарра жаҳон чемпиони саналган рақибига қарши кескин ва муросасиз баҳсда С.Тигиев кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медал соҳиби бўлди.
Эркин кураш баҳсларининг охирги куни оғир вазндаги спортчилари беллашуви ўтказилди. Афина олимпиадасининг олтин медали соҳиби, Сидней Олимпиадаси совриндори, эркин кураш бўйича терма жамоамиз аъзоси Артур Таймазов энг оғир – 120 килограмм вазн тоифасида гиламга тушди. Сайёрамизнинг етакчи курашчиларидан ҳисобланган ҳамюртимиз финал учрашувида россиялик Бахтиёр Аҳмедовни муддатидан олдин мағлуб этди ва терма жамоамизга олтин медални туҳфа этди. Пекиндаги муҳташам кураш залида Ўзбекистон мадҳияси янгради ва байроғимиз кўтарилди.
1996 йил 31 августда иш бошлаган Олимпия шон-шуҳрати музейи залларини томоша қиларкансиз, кўксингизни фахр туйғуси эгаллаб олади. Унда турли нуфузли мусобақалар, олимпиада ўйинларида қўлга киритган медаллар, эсдалик совғалар жой олган. Бу музей спортчиларимизнинг музаффарлик шодиёналарини халққа, мамлакатимиз меҳмонларига намойиш этиш ва ёшларни ана шу ютуқлар билан руҳлантиришга хизмат қилади. Энг бебаҳо экспонатлар табиийки, Президентимизнинг Олимпия ҳаракати ҳамда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун топширилган Халқаро Олимпия қўмитасининг Олтин ордени, Осиё Олимпия кенгашининг Олимпия олтин ордени ва сертификати, Халқаро ҳаваскорлар кураш федерациясининг Олтин маржонларидир. Халқаро олимпия қўмитасининг собиқ президенти Самаранч “Ушбу музей Халқаро Олимпия қўмитаси таркибига кирувчи Лозаннадаги Олимпия музейидан қолишадиган жойи йўқ”, деб эътироф этган эди.
Тарихчиларнинг эътироф этишича, ўзбек кураши кўп асрлик мавқега эгадир. Азал-азалдан ота-боболаримиз курашни ўз ғурури, ор-номусининг рамзи деб билганлар. Ўтган асримизнинг сўнгги йилларида эса “Кураш” сўзи илк бор жаранг топди. Профессионал спорт тури мақомини олган кураш дунё аҳлини ҳайратга солди. 1998 йил 6 сентябрда Кураш Халқаро ассоциациясига асос солинди. Орадан бир йил ўтар-ўтмай пойтахтимиздаги муҳташам “ЖАР” спорт мажмуасида кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати катта тантаналар билан ўтказилди.
Юртнинг соғлом, маънавий баркамол фарзандларини унинг қайрилмас қанотларига менгзаш мумкин. 2000 йилнинг “Соғлом авлод йили” деб номланиши ана шу ниятларга эш бўлди. Бу мақсадларга қаратилган ислоҳотлар уч босқичли спорт тизимида ўз аксини топди. Илк бор гуллар шаҳри Наманганда Ўзбекистон олий ўқув юртлари талаба ёшларининг “Универсиада” спорт мусобақалари бошланди. Гўзаллик, шижоат, камолот, нафосат, жасорат ва маҳорат беллашувлари... Бу байрам ана шундай номга муносибдир. Мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги “Баркамол авлод” спорт ўйинлари, олий ўқув юрти талабалари иштирок этадиган “Универсиада” мусобақаларининг ўтказилиши анъанага айланди. Ушбу мусобақалар соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жойларда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш, спортнинг оммавийлигини ошириш, олимпиада ҳаракатини юксалтириш каби ғояларни ўз ичига қамраб олган. Наманган, Жиззах, Бухоро, Хоразм, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Қорақалпоғистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган муҳташам спорт заллари, сузиш бассейнлари, теннис кортлари, футбол ва волейбол майдонлари Ўзбекистон фарзандлари учун яратилди.
Мамлакат миқёсида жисмоний тарбия ва спортни оммавий тарзда ривожлантириш юртимизга тегишли бўлган ҳар бир ислоҳотда ўз аксини топган. Кадрлар тайёрлаш миллий дастуридан келиб чиқиб ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб тарбиялаш, соғлом турмуш тарзи ва спортга меҳр уйғотишнинг муҳим омили сифатида болалар спорти ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги Фармонга мамлакатимиз Президенти 2002 йил 24 октябр куни имзо чекди. Ҳар бир вилоят ва туманда иш бошлаган бўлимлар ўз фаолиятларини жадал йўлга қўйдилар. Замонавий спорт иншоотларини қуриш ва қайта таъмирлаш, жойларга малакали мураббийлар ва спорт жиҳозлари етказиб бериш, қўйингки болалар спорти ривожига нимаики дахлдор бўлса, бу уларнинг бевосита вазифаси қилиб белгиланди.
2003 йилнинг 4 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга биноан 2004 йилнинг 1 январидан “Спорт” телерадиоканали иш бошлади. Телеканал юртимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар, диёримизда ташкил этилаётган нуфузли мусобақаларни ёритишни ўз зиммасига олган. Албатта, ўтган давр ичида бу ўзини оқлади. Рустам Қосимжоновнинг оламшумул ғалабаси дунё телевидениеси тарихида биринчилардан бўлиб тўғридан тўғри эфирга узатилди. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида кенг қулоч ёйиб бораётган оммавий спорт, хусусан болалар спорти борасидаги эзгу ишлар тўлақонли ёритиб борилмоқда.
Бир ўйлаб кўринг, энг истеъдодли спортчи ким? Жаҳон чемпионими ёки Олимпиада ғолиби? Энг маҳоратли спортчими? Дунё рекордини янгилаган спортчини шундай аташ мумкинми? Уларни асло камситмаган ҳолда энг маҳоратли ва истеъдодли спортчи маҳалла ёки қишлоқ қирларида тўп тепиб юрган, ёки эгнига спорт кийимини илиб, машғулотларга мунтазам қатнайдиган, йўлдаги қийинчиликлардан чўчимасдан, мақсад сари дадил отланаётган ўсмир дейиш мумкин. Чунки унинг забт этажак марраларию чўққилари ҳали олдинда.
Қўлини кўксига қўйиб, ўзбекона лутф улашадиган, самимият балқиб турган, бағрикенг ва қалби саховатга тўла халқимизнинг ҳар ишга қодир эканини турмушимизнинг ҳар бир дақиқаси исботламоқда. Замондошларимизни бунёдкор, салоҳиятли, матонатли ва жасур дея ўнлаб мисоллар билан таърифласак, муболаға бўлмайди. Спортчиларимиз мисолида эгалланган марралар, кўрсатилган натижалар кўламини ҳеч бир ўлчам билан баҳолаб бўлмайди. Аслида унинг ортида Ватанга садоқат, элга ҳурмат, ғурур ва ифтихор ифодаси турганини асл ўғлонлар ҳис этмоқда. Баркамол спортчиларимиз қадами етмаган, нималарга қодир эканлигини мардонавор намойиш этмаган ва мадҳиямиз янграмаган ҳеч бир ўлка қолмади ҳисоб. Бу ёғи уммон ортидан тортиб кўҳна Европагача, бу ёғи машриқдан тортиб, забардаст Чин ўлкасигача, ҳатто энг баланд Эверестда ҳам бизни танишади. Алҳол, шунга муносиб бўлмоқ, кам жойларини тўлдирмоқ ниятида бугун етук авлод вакиллари камолга етмоқда. Уларни руҳлантириш, янги мақсадлар сари олға интилиш туйғусини шакллантириш ҳукуматимизнинг доимий дикқат марказида.
1998 йил 25 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат спортчиларининг йирик турнирларда кетма-кет эришаётган муваффақиятларини янада улуғлаш мақсадида «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги Фармонга имзо чекди. Давлатимиз раҳбари ушбу унвон ҳақида маълумот берар экан, мамлакатимиз спорти шуҳратини олам узра ёяётган Олимпиада ўйинлари ғолиблари ва совриндорлари, жаҳон чемпионларига берилишини таъкидлади. Бу унвон бўлажак чемпионларни янги ғалабалар сари ундаши лозимлиги ҳақида уқтириб ўтди.
Дастлаб саккиз нафар спортчи мукофот таъсис этилган паллалардаёқ ушбу унвон билан тақдирландилар. Боксчиларимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев, Артур Григорян, Лазиз Зокиров, Руслан Чагаев, Тимур Тўляков, фристайлчимиз Лина Черязова, кикбоксингчи Олмос Юсупов ҳамда самбочимиз Шуҳрат Хўжаевлар ушбу унвонга муносиб деб топилди.
Хулоса
Битирув малакавий ишда ўрта мактаб ўқувчилари билан ташкил этиладиган жисмоний тарбия тадбирларининг мақсади ва вазифаси, ҳамда улар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини оммавийлаштиришнинг асосий масалалари ўрганилди.
Ўқувчиларни жисмоний ривожлантириш ва жисмоний тарбиялаш тадбирлари, жисмоний тарбия дарслари, эрталабки бадантарбия, танаффусдаги ҳаракатли ўйинлар киради. Бу машғулотлар ўқувчиларни жисмоний машқларга ўргатиш хамда хаётий зарур бўлган ҳаракат малака ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган бўлади.
Ўқувчиларнинг жисмоний тарбия тадбирларини мақсади ва вазифаси, уларни жисмоний ривожлантириш ва соғломлаштириш билан бирга ўқув фаолиятини такомиллаштириш ҳамда назарий билимлар бўйича ўзлаштириш даражаларига ижобий таъсир кўрсатишдир.
Жисмоний тарбиянинг соғломлаштириш, жисмоний ривожлантириш, ватанпарварликка, меҳнатга тайёрлаш мақсади хамда жисмоний машқлар ва ҳаракатлар кўникма ва малакаларини шакллантириш вазифаси доимо узвий боғланган. Жисмоний тарбия жараёнининг асосий вазифаси жисмоний машқларга ўргатиш ва хаётий зарур бўлган ҳаракатлар малака ва кўникмаларини шакллантиришдир. Бунинг натижасида жисмонан соғлом ва ҳар қандай меҳнатга ва иш қобилияти юқори аҳоли тарбияланади.
Спорт тадбирларига спорт тўгаракларидаги машғулотлар хамда спорт мусобақалари ва байрамларни киритиш мумкин. Спорт тўгаракларида ўқувчилар спорт турлари бўйича мутахассисликка эришишади. Спорт тўгаракларида болалар спорт турлари бўйича техник, тактик ва жисмоний тайёргарликдан иборат умумий тайёргарликка ҳамда назарий, ахлоқий ва маънавий, руҳий тайёргарликдан иборат умумий тайёргарликка эга бўладилар. Уларда спорт турлари ҳаракатларининг техник ва тактик тайёргарлиги амалга оширилади. Шу билан бирга жисмоний фазилатлар куч, чидамлилик, эгилувчанлик ва чаққонлик фазилатлари такомиллашиб боради.
Спорт мусобақалари ва байрамлари давомида ўқувчиларнинг жисмоний ривожланиши, техник-тактик ва жисмоний тайёргарлиги назорат қилинади. Уларнинг ахлоқий сифатлари ва маънавий тарбияси, руҳий шаклланиш даражалари баҳоланиб борилади. Ўқувчиларнинг соғломлаштириш тадбирларига асосан табиат қўйнига сайрлар, сайёҳлик юришлари ва туризм машғулотларини ҳисобга олиш мумкин. Бу тадбирларда ўқувчилар табиат омиллари сув, қуёш ва ҳаво таъсирида чиниқадилар.
Сайёҳлик машғулотлари давомида ҳаётий зарур бўлган ҳаракатлар юриш, югуриш, сакраш, тирмашиш, осилиш, судралиш, юмалаш, улоқтириш малака ва кўникмалари шаклланади.
Ўқувчиларнинг жисмоний тарбия, спорт соғломлаштириш жараёнларини ташкил этишда жисмоний тарбия воситаларидан кенг фойдаланилади. Жисмоний тарбиянинг асосий воситалари бўлиб жисмоний машқлар ҳисобланади. Жисмоний машқлар бир шаклга келтирилган ва мақсадга йўналтирилган жисмоний ҳаракатлардир.
Жисмоний машқлар болаларни жисмоний ҳаракатларга ўргатиш билан бирга уларнинг жисмоний фазилатлари бўлиб ҳисобланган куч, чидамлилик, эгилувчанлик, тезкорлик ва чаққонлик сифатларини ривожлантиради. Ўқувчиларини жисмоний машқлар ва амалий жисмоний ҳаракатларга ўргатишнинг мақсади уларни соғломлаштириш, жисмоний ривожлантириш ва хаётий зарур ҳаракат малака ва кўникмаларини шакллантиришдир.
Жисмоний машқлардан умумривожлантирувчи жисмоний машқлар организмни жисмоний юкламаларга тайёрловчи, соғломлаштирувчи вазифаларни бажаради. Умумривожлантирувчи жисмоний машқлардан эрталабки бадан тарбия машғулотларида, даволовчи машқлар сифатида ҳамда жисмоний тарбия дарслари ёки спорт машғулотларида тайёрлов жараёнларида разминка машқлари сифатида шуғулланиш мумкин.
Умумривожлантирувчи машқлар юрганда, югурганда, сафда, доирада, жиҳозлар билан, рақиблар қаршилиги билан бажариш мумкин. Умумривожлантирувчи машқлар бўйин, гавда, бел, қўл ва оёқ мускуллари учун алоҳида бажарилиши мумкин.
Махсус жисмоний машқларга спорт турлари бўйича бажариладиган жисмоний ҳаракатларни киритиш мумкин. Югуриш ҳаракатлари енгил атлетикачиларнинг махсус машқлари, тўп билан ҳаракатлар спорт ўйинлари машғулотларининг махсус машқлари, кураш тушишлар курашчилар махсус машқлари, уриш ва тепиш ҳарактлари яккакураш турларининг махсус машқлари бўлади. Махсус машқлар спорт тўгарклари машғулотлари жараёнларида ҳамда жисмоний тарбия дарслари давомида ўргатилади.
Ёрдамчи машқлар махсус машқлар малака ва кўникмаларини эгаллашга қаратилган ҳаракатлардир. Енгил атлетикачиларнинг ёрдамчи машқларига қумликда югуриш, баланлика ва қияликка югуриш, оёқларга юк осиб югуришларни киритиш мумкин. Спорт ўйинлари турларида оғир тўплар билан машқлар, мосламалар билан машқлар, яккакураш турларида маникенни уриш, қопни тепиш, муляжни улоқтириш машқлари ёрдамчи машқлар бўлиши мумкин. Ўқувчилар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини оммавийлаштиришда спорт машғулотлари ва жисмоний машқлар билан мустақил шуғулланиш муҳим ўрин тутади.
Ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънавий етук қилиб тарбиялашда тўғри ташкил этилган жисмоний тарбия, спорт соғломлаштириш тадбирларининг роли катта. Бунинг натижасида келажагимизнинг етук мутахассис бўлган кадрлар тайёрлаш вазифалари ҳал этилади.
Шу билан бирга жисмонан баркамол бўлган ёшлар мамлакатимизни ривожлантиришда ва тараққиётига ўз ҳиссасини қўша олади. Соғлом авлод ватанимиз сархадларини химоя қилишда дунё мамлакатлар ичида харбий ва сиёсий жиҳатдан нуфузимизни ортиб боришига асосий ўринни эгаллайди.


Download 314 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling