Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
Муомала маданиятининг асосий тушунчалари ва тузилиши
Download 1.06 Mb.
|
Банк Этикаси Ниезов З Д Каримова А М
10.2. Муомала маданиятининг асосий тушунчалари ва тузилиши
Муомала шахслараро муносабатнинг шундай кўринишики, унинг ёрдамида одамлар бир–бирлари билан ахлоқий, эстетик, маданий, сиёсий ва руҳий жиҳатдан алоқага киришадилар, таъсир ўтказадилар ва таъсирланадилар. Шу маънода, баъзи бир мулоҳазаларга кўра, қуйидагини тавсия этиш мумкин: «Муомала – бу инсонлар ўртасидаги алоқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳамда уларнинг ҳаёт фаолиятидаги эҳтиёжнинг мураккаб жараёни бўлиб, ўзга кишилар билан маълумот алмашиш, уларни тушуниш ва идрок этишнинг ҳамкорликдаги стратегиясидир». Бу муаммонинг объекти – идеал руҳий воқеликдир. Бу ерда гап инсон тафаккурининг ақлий, ҳиссий ва ихтиёрий пайдо бўлиши ҳамда унинг руҳиятини онгости жараёнларида юзага келиши ҳақида кетяпти. Унинг предмети эса инсонлар муомаласи ва фаолиятининг руҳий ва ахлоқий тарафи ҳамда турли хил вазифада фаолият юритувчи инсонлар гуруҳининг ўзига хос руҳий жараёнлари ҳисобланади. Шу боисдан муомала ижтимоий категория сифатида турмушнинг барча соҳаларида қўлланиш моҳиятига кўра бевосита ёки билвосита иштирок этади. Дастлаб «муомала» ва «алоқа–коммуникация» тушунчалари-нинг ўхшаш томонларини аниқлаб олиш лозим. Алоқа–коммуникация – ялпи алоқанинг бир тури бўлиб, йўналтирилган алоқа деб юритилади. У моҳиятан маълум бир ҳодиса ҳақидаги маълумотни бошқаларга узатади. Масалан, оммавий ахборот воситаларида кўрсатув учун йўналтирилган маълумотларда муомала алоқа–коммуникация воситаси вазифасини бажаради. Бундай ҳолатда муомала, энг аввало субъект–объект муносабати сифатида намоён бўлади. Муомала жараёни икки тарафлама ҳарактерга эга: у ўз моҳиятига кўра ахборот ёки маълумотларни шунчаки узатиш ва қабул қилишга қараганда кенг қамровли бўлиб, икки ёки ундан ортиқ инсонлар ўзаро таъсирининг мураккаб тизими ҳисобланади. Шунга кўра муомала акти бир инсоннинг бошқа инсон(лар) билан муомалага киришиб, унда ўзиникига ўхшаш хусусиятларни топа олиши, уларга муносиб жавоб қайтариши. Улар билан ўзаро мулоқотда оптимал даражага эришсагина ўзининг муомала жараёнидаги муносиб ўрнига эга бўлади. Бундай ҳолатда муомала, энг аввало субъект–субъектга муносабати тарзида кўзга ташланади. Лекин шуни таъкидлаш лозимки, кўпгина илмий–оммабоп адабиётларда муаллифлар «муомала» ва «коммуникация» тушунча-ларини синоним тарзида ишлатадилар. Айтиш мумкинки, муомала жараён сифатида тугал натижани объектив эҳтиёжлар, аниқ манфаатлар, мақсадлар, тузилмалар, воситалар, муомала техникаси нуқтаи назаридан кўриб чиқади. У пайдо бўлганидан бошлаб илмий тавсифланадиган қатор даража ва босқичлардан ўтиб келган. Шунингдек, муомала ҳамкорлик фаолиятининг муҳим омили эканин алоҳида таъкидлаш лозим. Муомаланинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий соҳалардаги ҳамкорлиги иккала томоннинг манфаатига асосланади. Шундай бўлган тақдирдагина, мулоқот самарали якунланиши мумкин. Бу борада Президентимизнинг қўшни давлатлар ва давлатлараро ҳар томонлама шартномаларни имзолаш учун олиб борадиган мулоқотлари юқоридаги фикрларимизга мисол бўлади. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, мулоқо жараёнида ҳамкорларнинг ўзаро мулоқотида умумий манфаатлар кузатилмайди, шу билан бирга, бу ҳолат ҳамкорликнинг узилишига ҳам олиб келмайди. Бундай ҳолат аксарият ҳолларда сиёсий, иқтисодий соҳа вакилларининг ўзаро кузатувчи ва эксперт сифатида иштирок этадиган учрашувларида кузатилади. Психолог олим Э.Ғозиев муомала тузилиши тўғрисидаги тадқиқотларида муомаланинг қуйидагилардан таркиб топганлигини кўрсатади: 1. Коммуникатив (бир томонлама) ахборот узатиш. 2. Интерактив (икки томонлама ўзаро таъсир). 3. Перцептивлик (ўзаро бир–бирини идрок қилиш). Жумладан, «муомаланинг биринчи томонида – тилга ва унинг амалий ифодаси бўлмиш нутқ фаолиятига бевосита мурожаат қиладилар. Муомаланинг иккинчи томони – мулоқотга киришувчи-ларнинг ўзаро таъсири, уларнинг нутқ фаолиятида нафақат сўз орқали фикр алмашинуви, балки хатти–ҳаракати ва хулқ–атвори билан ўзаро таъсир ўтказиш, таъсирланишдан иборат. Муомаланинг учинчи томонида – мулоқотга киришувчилар ўзаро бир–бирларини идрок қилиш жараёни намоён бўлади, инсонни инсон томонидан идрок қилиш юзага келади»67. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, мулоқот жараёнининг стихияли ва англанмаганлик даврида натижа иккиёқлама бўлиши мумкин: мулоқот якун топиши (масалан, «Бизнинг алоқаларимиз ва муносабатимиз тасодифий боғланган эди. Яна шундай тасодифий муносабатимиз тез ажралади») ёҳуд ички таъсир натижасида юзага келган мулоқот жараёнида унинг кейинги босқичларида ҳам давом этиши мумкин. Давомига тегишли манфаат юзага келади. Агар мулоқот барқарор бўлса, у ҳолда ҳамкорларда аниқ мақсадлар пайдо бўлади: турли ахборотларни узатиш; билим ва тажриба алмашиш; бир–бирини тушунишга эришиш; ҳаракатлар бирлигига эришиш кузатилади. Муомаланинг юқорида қайд этилган таркибини алоҳида кўриб ўтиш мақсадга мувофиқ. Download 1.06 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling