ҚАРШИ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ТАЛАБАСИ ОСИЁНИНГ ЯНГИ РЕКОРДИНИ ЎРНАТДИ
Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида пара-сузиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни баҳсларда қатнашган Қарши давлат университети Жисмоний маданият факультети 4-курс талабаси Шоҳсанам Тошпўлатова аёллар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида финишга биринчи бўлиб етиб келди ва терма жамоа ҳисобига ушбу жаҳон чемпионатидаги илк олтин медални олиб берди.
Шоҳсанам 1 дақиқа, 3,89 сония натижа билан Осиёнинг янги рекордини ўрнатди. Шоҳсанам Тошпўлатова бунгача 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича бронза медалига сазовор бўлган эди.
ЧИНАКАМ ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК АНЖУМАНИ
16 сентябрь куни Қўқон шаҳрида олис тарих ва бугунги замон нафасини, турли қадрият ва анъаналарни ўзида яққол намоён этган, муштарак дилларни бирлаштирган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик байрами –биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали якунланди.
Халқаро ҳунармандчилик фестивали юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган кўп асрлик ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш, янада ривожлантириш ҳамда бутун дунёга тараннум этишга қаратилган эзгу ташаббуснинг ёрқин ифодасидир. Фестиваль дунёнинг турли мамлакатларида асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш имкониятини яратиб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Эзгу фазилатлари билан дунёга танилган халқимиз ўзининг меҳмондўстлик, ширинсуханлик ва одамийлик хислатларини Қўқон шаҳрида яна бир бор намоён этди. Давлатимиз раҳбари биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг тантанали очилиш маросимидаги нутқида таъкидлаганидек, жаҳон халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда мана шундай халқаро анжуманларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Фестивалда дунёнинг 78 давлатидан 370 дан зиёд моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |