Сўз туркумлари


Сифатдош шакллари ва унинг турлари


Download 0.74 Mb.
bet19/70
Sana17.06.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1549881
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   70
Bog'liq
Суз туркумлари 1

Сифатдош шакллари ва унинг турлари. Ўзгаловчи категориясининг таркибий қисми бўлган сифатдош нутқда феълларни отларга (баъзан феълларга) боғлаш вазифасини ўташга ихтисослашган. Бу вазифа – барча сифатдош шакллари учун мутлақ субстанциал моҳият.
Сифатдошлар табиатан «феълни феълга боғлаш» белгили нотўлиқ зиддиятнинг мажҳул, ноаниқ узви. Бу зиддиятда равишдош кучли аъзо ҳисобланади. Сифатдош, асосан, феълни отга, қисман феълга (масалан, маст қиладиган кулиши, дилни вайрон қиладиган йиғлаши каби) боғлаш вазифасини бажаради. Шунингдек, бу шакл баъзан аналитик, перифрастик шакллар таркибида ҳам феълни феълга боғлаши мумкин.
Сифатдошларнинг синтактик имконияти асосида унинг маъновий хусусияти ётади. Бу маъновий хусусият – феъл англатган ҳаракат ёки ҳаракат натижасини нарса/предметнинг белгиси сифатида нутқда воқелантириш. Шунинг учун тилшунослар сифатдошни сифат ва феъл оралиғида турган сўз сифатида баҳолашади. Мана шу жиҳати билан улар равишдошдан тубдан фарқ қилади. Равишдошлар ўзгалашиш жараёнида феълнинг луғавий маъносини ўзгартирмай, унга фақат тобеловчи синтактик вазифа юкласа, сифатдошлар феълдаги динамик белгини барқарорлаштириб, унинг луғавий маъносини кўпроқ модификация қилади.
Манбаларда сифатдошнинг қуйидаги шакллари ажратилади:
[-ган];
[-(а)р];
[-(у)вчи];
[-миш];
[-ажак];
[-аси/гуси].
[-(а)р] шакли мавжуд дарслик ва адабиётларда умумзамон, доимийлик маъноcини ифодаловчи (айтар гап, кетар одам) сифатдош шакли сифатида қаралади. Лекин бу шаклнинг каммаҳсуллиги ва уни олган сифатдош кўпроқ сифатга яқин туриши ўзбек тилшунослари томонидан эътироф этилган. Чунки «унинг ёрдамида сифатдош ҳосил бўлиши ўзбек тилида жуда кам учрайди. Мазкур кўрсаткич ёрдамида қўлланувчи айрим сўзлар феълдан кўра сифатларга жуда яқин туради: оқар сув, сўнмас ҳаёт каби. Ҳозирги-келаси замон феълининг келади, ишлайди ва келадиган, ишлайдиган типидаги шакли келиб чиққач, бу шакл ёрдамида ясалувчи сифатдош ҳозирги-замон феълига айланган» («Ўзбек тили грамматикаси, I том). Демак, [-(а)р] шаклини тарихий сифатдош шакли сифатида қарашга тўла асос бор.
[-миш] ўзбек тили тарихида том маънодаги сифатдош бўлиб, бу шаклга «перфект кесим орқали англашилган ҳаракатга нисбатан амалга оширилган, содир бўлган ҳаракат» маъносини ифодалаш хос. Лекин тил тараққиётининг кейинги босқичи ва ҳозирги вақтда ўзбек тили учун меъёр эмаслиги билан характерланади. Ўғиз тиллари ва ўзбек тилининг ўғиз шеваларига хос бўлган бу шакл ўзбек тилида учратмаслиги уни сифатдош шакли сифатида қарашга имкон бермайди.
[-(у)вчи] шакли ўзбек структур тилшунослигида сифатдошдан кескин фарқ қилувчи исми фоил (ҳаракат бажарувчи) ҳосил қилувчи сифатида баҳоланганлиги учун унга сифатдош шакллари қаторидан ўрин берилмади.
[-ажак], [-аси/гуси] шакллари – тўла архаиклашган сифатдош кўрсаткичи.
Демак, том маънодаги сифатдош шакли сифатида мазкур қаторда [-ган] қолади. Маълумки, [-ган] замон маъносини кўрсатувчи ва [-ган] шаклининг варианти сифатида қаралувчи [-ётган], [-адиган/йдиган] шаклига шу маъноси билан ўтмайди. Ҳар учала шакл замон маъноси билан фарқланганлиги ва бу замон кесимга нисбатан белгиланувчи нисбий замонга айланганлиги сабабли, уларни сифатдош шаклининг замон билан фарқланувчи кўриниши сифатида қараш мақсадга мувофиқ.
Демак, сифатдош шакли [-ган], [-ётган], [-адиган/йдиган] кўринишига эга.
Сифатдошнинг бу уч кўриниши ўзаро «феълни отга ва қисман феълга боғлаш» УГМсига бирдай эга бўлганлиги сабабли қуйида уларнинг фақат маъновий томонига эътибор қаратилади.
[-ган] кўрсаткичи билан шаклланган сифатдошнинг маъновий хусусияти асосида кейинги феълдан англашилган ҳаракатдан илгари содир бўлувчи ҳаракатни предметнинг атрибутив белгиси сифатида ифодалаш ётади. Лекин сифатдош ифодалаган ҳаракат нутқ моментигача содир бўлмаган бўлиши мумкин. Масалан, Жон хотин, мен боргунча шу хатни олиб борган болани ўлдириб юбор.(Эрт.) Бу шаклли сифатдош ифодалаган ҳаракат давомий (Сочига битта-иккита оқ оралаган хотин чиқиб эшикни очди) бўлиши ҳам мумкин.
Тўрт ҳолат феъли – ёт, тур, ўтир, юр феълларига қўшилганганда ҳам шакл ушбу маъно билан бўлади. Бу, албатта, феълнинг луғавий маъносига боғлиқ ҳолда юз беради.
[-ётган] шаклининг маъновий моҳияти давомий ҳаракатни нарса/шахснинг атрибутив белгиси сифатида бериш. Мисоллар: Най овози келаётган тепанинг олдига етдим. (С.Айн.) У ҳўл ўтин вишиллаб ёнаётган ўчоққа тикилди. (П.Тур.) Бу шаклдаги давомийлик, ҳозирги замон маъноси, асосан, шаклдаги -ёт формантининг маъновий хусусияти асосида. Чунки ёт феъли кесимдан англашилган ҳаракат билан бир вақтда юз берган давомий ҳаракатни ифодалайди. Маълумки, [-ган] шаклига бажарилган, ўтган замонга оид ҳаракатни ифодалаш хос бўлиб, [-ётган] шаклли сифатдошда замон ва давомийлик маъносини ифодалашни -ёт форманти бутунлай ўз зиммасига олган ва [-ган] шакли ҳиссасига фақат атрибутив белги эканликни кўрсатиш ва боғлаш вазифаси қолади.
[-адиган/йдиган] шаклининг маъновий моҳияти доимий ҳаракатни нарсанинг атрибутив белгисига айлантириш. Бу шаклнинг бундай хусусиятга эгалиги унинг таркибий қисми бўлган [-ади] формантининг қадимда ҳолат феъли [-арди] бўлганлигига бориб тақалади. Ҳолат эса, албатта, давомий. Худди [-ётган] шаклида бўлгани каби, [-адиган/йдиган] шаклида ҳам асосий маънони ифодалаш масъулияти шаклнинг -ади қисмига юклатилган бўлиб, -ган қисмида эса харакатни турғунлаштириш ва феълни ҳоким сўзга боғлаш вазифаси қолади. Мисоллар: 1. Энг яхши ўқийдиган зеҳнли болаларни доскага чиқариш керак. 2. Бу акам билан Устахўжанинг катта ўғли турадиган хона экан.
Сифатдош шаклларининг маъновий муносабатлари қуйидагича. Шакл УГМсида категориал маъно «феълни феъл ёки отга боғлаш» бўлиб, ундаги ёндош маъно «феълга сифатлик (атрибутив) белгисини бериш»дир. Шакл турлари «тегишли кейинги феълдан англашилган ҳаракатдан олдин содир бўлиш» белгиси асосида фарқланади. [-ган] шаклида мазкур белги ижобий. [-ётган], [-адиган/йдиган] шакл турларининг бу белгига муносабати мажҳул. Чунки уларнинг асосий хусусияти тегишли феълдан англашилган ҳаракатдан кейин ёки у билан бир вақтда содир бўлиш бўлса-да, баъзан контекст талаби билан олдин юз берган ҳаракатни ифодалаши ҳам мумкин. Мисол: Ишлаётган кишиларни кейинчалик мукофотга тақдим этасиз. [-адиган/йдиган] шакл турининг «доимийлик» белгиси ҳам уни мазкур белгига бефарқ, мажҳул, ноаниқ муносабатли қилиб қўяди.
Демак, маълум бўладики, сифатдош ҳам равишдош каби ўз микросистемаси ичида сифатдошлик (ҳаракатни барқарорлаштириш, феълни отга ва қисман феълга боғлаш) белгиларини муайянлаштириш, ихтисослаштириш жиҳатидан эмас, балки ўзга категорияларнинг замон, тарз каби маъноларини ифодалашга ихтисослашиши жиҳатдан фарқланади. [-ган], [-ётган], [-адиган/йдиган] қўшимчалари турли хил сифатдош эмас, балки ўзгаловчи категориянинг шакли сифатида намоён бўладиган битта сифатдош шаклининг бошқа категорияларга хос тажалли маънолар билан фарқланувчи кўринишлари.

Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   70




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling