Диалектика ва унинг муқобиллари
Диалектика (юнон. dialektika – суҳбат олиб бориш, баҳслашиш санъати) – борлиқнинг вужудга келиши, унинг тараққиёти ҳақидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби. “Диалектика” тушунчаси фалсафа тарихида дастлаб ҳозирги маъносидан бошқача тушунилган. Юнон фалсафасида диалектика мухолифнинг муҳокамасидаги зиддиятларни очиб ташлаш, мунозара орқали ҳақиқатни топиш санъатини англатган. Кейинчалик бу усул табиат ҳодисаларига татбиқ этила бошлаган, билиш услубига айланган.
Диалектик тафаккур воқеликни билиш жараёни сифатида инсон жамият билан боғлиқликда пайдо бўлган. Воқеликни билиш ва уни инсон манфаатлари йўлида ўзгартиришнинг диалектик услубини англашга интилиш қадимги замонларга бориб тақалади. Бу интилиш дастлаб Шарқда пайдо бўлиб, антик даврда ўз такомилига етган. Фалсафа тарихида диалектика турлича талқин қилинган. “Диалектика” сўзи илк бор Сократ (Суқрот) томонидан қўлланилган. У диалектикани бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар тўқнашуви орқали ҳақиқатни топиш санъати деб билган.
Гераклит ижодида диалектика ўзининг антик даврдаги энг ёрқин кўринишига эга бўлди. Гераклит фикрича, “диалектика – муттасил ҳаракатдаги олам ички жиҳатдан зиддиятли ва у доимий ички жиҳатдан вужудга келиш, ривожланиш ҳамда таназзулга юз тутиш – қарама-қаршиликлар бирлигидан иборат”. Мазкур даврда Гераклит ва юнон файласуфлари таълимотлари негизида софистларнинг салбий тусдаги диалектикаси вужудга келади.
Диалектиканинг асосий қонунлари
Қонун бу – муайян шарт-шароитда воқеалар ривожининг хусусияти ва йўналишини белгилайдиган, маълум бир қатъий натижани тақозо этадиган, теварак-атрофдаги нарса ва ҳодисаларнинг муҳим, зарурий, умумий, нисбий барқарор муносабатларини ифодалаш учун ишлатиладиган фалсафий категория.
Ҳаракат қилиш доирасига қараб қонунлар: энг умумий, умумий ва хусусийларга бўлинади. Моддаларнинг сақланиши ва айланиши қонуни, энергиянинг бир турдан иккинчи турга ўтиш қонуни – умумий қонунларга, хусусий қонунларга эса физикадаги Кулон қонуни, химиядаги Д.Менделеевнинг химиявий унсурларнинг даврий тизими кабилар киради. Фалсафий қонунлар энг умумий қонунлар туркумига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |