Тошкент давлат юридик университети ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси “фалсафа. Мантиқ” ЎҚув фани бўйича
Download 0.87 Mb.
|
1. Фалсафа маъруза матнлари
в) Маънавий борлиқ:
Маънавий борлиқ аслида инсон борлиғининг бир кўриниши бўлиб, у индивидуал ва ижтимоий онг жараёнларини ўз ичига олувчи маънавийлик, маънавий қадриятлар ва маънавий бойликлардан иборатдир. Маънавийлик инсон ва инсониятнинг нодир фазилати бўлиб, у инсон руҳияти билан чамбарчас боғлиқдир. Маънавийлик – бу кўп қиррали онг ва онгсизлик жараёнларини ўз ичига олувчи инсоннинг кундалик ҳаёт тажрибалари, унинг табиат, атрофдаги кишилар ва жамият билан бўлган муносабатларда ҳосил қилган малакалари, кўникмалари, унинг шахс сифатида шаклланиши давомида эгаллаган аҳлоқий, сиёсий, ҳуқуқий, диний, фалсафий қарашлари, шунингдек, фанларни ўрганиш асосида олган билимлари, бадиий, техник ва илмий ижодларининг йиғиндиси ҳисобланади. Маънавийликни, яъни маънавий борлиқни унинг мавжудлик шаклларидан келиб чиқиб, икки турга бўлиб, ўрганиш мумкин. Уларнинг биринчиси – индивид онги ва руҳияти билан боғлиқ бўлган индивидуаллашган маънавий борлиқ бўлса, иккинчиси – индивид онги ва руҳиятидан ташқари, уларга боғлиқ бўлмаган объективлашган маънавий борлиқдир. Индивидуаллашган маънавий борлиқнинг ташувчиси - бу индивид онги ва руҳиятидир. Улар индивид – алоҳида киши миясининг хоссалари бўлиб, инсон борлиғининг ажралмас қисмларидир. Конкрет кишининг хис туйғулари, ички руҳий кечинмалари, орзу-истаклари, хотираси, таассуротлари, фикрлари, хаёллари, қарашлари, ғоялари, индивидуал онг ости ва онгсизлик жараёнлари индивидуаллашган маънавий борлиқнинг элементларидир. Индивидуаллашган маънавий борлиқнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда содир бўладиган жараёнларнинг мавжудлигини бевосита ташқаридан туриб сезиш, кузатиш, билиш мумкин эмас. Уларни илғаш, ҳис қилишнинг бирдан-бир йўли - индивиднинг (конкрет кишининг) ўз онгида, ўз руҳиятида юз бераётган жараёнлар тўғрисида ўз-ўзига ҳисоб беришидир. Фан соҳасида ҳали киши миясида содир бўладиган онг фаолияти ва руҳий жараёнларни бутунлай, тўлалигича билишга ҳозирча эришгани йуқ. Биз шу пайтгача, одатда, уларнинг субъектив таассуроти биз учун қолдирган табиий ёки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган айрим қисмлари, кўринишларини ажратиб олиб, қайд қилиб келамиз, холос. Индивидуаллашган маънавий борлиқни алоҳида борлиқ сифатида ўрганилар экан, инсон борлиғидан, умуман, бир бутун олам борлиғидан алоҳида ажратиб қарамаслик керак. Чунки, бир бутун оламсиз инсон бўлмаганидек, инсонсиз онг ҳам, индивидсиз индивидуаллашган борлиқ ҳам булмайди, у индивиднинг индивидуал руҳий-ижтимоий ҳаёти фаолиятида намоён бўлади. Маънавий борлиқнинг иккинчи кўриниши - бу объективлашган маънавий борлиқдир. Бу борлиқда индивид онгида вужудга келган ғоялар, қарашлар, фикрлар ундан ташқарига чиқиб объективлашади, реаллашади, моддийлашади. Натижада, улар индивидуал онгдан ташқарида яшай бошлайди. Объективлашган маънавий борлиқнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у субъект онгидан - индивидуал онгдан чиқиб, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда объективлашгандан сўнг, табиий ва сунъий тиллар материалларида, ижтимоий онг ва унинг шаклларида, масалан, муайян санъат асарлари ва маданият обидаларида ифодаланган ғоялар, қарашлар, назария ва таълимот шаклларида тарихий тараққиёт давомида ривожланиб, такомиллашиб боради ва асрлар оша инсониятга хизмат қилиб, сақланиб туради. Объективлашган маънавий борлиқнинг бир кўриниши бу тил (нутқ)дир. Тил (нутқ)да онг фаолиятининг бир қисми реаллашади, индивидуал онгдан ташқарига чиқиб, объективлашади. Чунки, тил реаллашган онгдир. Тилда онг маҳсули - фикр моддийлашади: у товушлар ва сўзларда, гаплар ва баён қилинган нутқларда ифодаланади. Дастлаб индивидуал онгда вужудга келган ғоялар ва фикрлар энди товуш ва сўзлар, жумла ва гаплар, матнларда онгдан ташқаридаги реаллик сифатида мавжуд бўладилар. Шу реалликлар туфайли инсоният маданиятни яратади, шу реалликлар туфайли моддий ва маънавий маданият бойликлари вужудга келади ва авлоддан-авлодга ўтиб, уларга хизмат қилиб, инсонни маънавий жиҳатдан бойитиб боради. Инсоният яратган барча моддий ва маънавий маданият ёдгорликлари, китоблар, формулалар, лойиҳалар, моделлар, ранглар, куйлар, ноталар, рақслар - ҳамма-ҳаммаси индивидуал маънавийликнинг объективлашган, моддийлашган кўриниши, объективлашган маънавий борлиқдир. Бу объективлашган маънавий борлиқнинг мавжуд бўлишида хотира алоҳида рол ўйнайди. Демак, объективлашган маънавий борлиқ, ҳам инсониятнинг маънавий-моддий ҳаётида, маданият, фан, санъат, адабиётнинг вужудга келиши, цивилизациянинг ривожланишида жуда катта роль ўйнайди. Download 0.87 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling