Тошкент молия институти н. Маматов, А.Ҳожибоев, Ш. Жўраев фалсафа тарихи


Download 133.13 Kb.
bet11/13
Sana21.04.2023
Hajmi133.13 Kb.
#1370588
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13
Bog'liq
ТОШКЕНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ

Этикадаги эмотивизм. Неопозитивистлар верификацияга тушмайдиган ахлоққа оид гаплар, демакки, на ҳақиқий, на сохта бўлган гаплардан иборат бўлади деб ҳисоблаганлар. Уларнинг маъноси ахлоқий эмоцияларни ифодалашдан иборат бўлган. («эмотивизм» атамаси ҳам шундан келиб чиққан). Британиялик неопозитивист А.Айернинг таъкидлашича ахлоқ - бу билиш эмас, балки ҳис - туйғудир; уни илмий йўл билан асослаш мумкин эмас. Айни бир вақтда неопозитивистлар ахлоқий, сиёсий, эстетик кўрсатмаларни, аниқ кишилар, ижтимоий гуруҳларнинг истаклари, ҳис - туйғуларини ўрганиш мумкинлигини инкор этмайдилар. Бу иш билан яна бошқалар қаторида социологлар ҳам, психологлар ҳам, тарихчилар ҳам шуғулланадилар, чинакам, ҳақиқий билим идеаллари гуманитар фанлардан бегонадир, деб ҳисоблайдилар. Орадан йиллар ўтгач, эмотивистлар ўз позицияларини сезиларли даражада ўзгартирадилар, энди уларни ахлоқий фикр - мулоҳазалар табиий фанлардаги гаплардан кўра кўпроқ қизиқтира бошлайди. Англиялик олим Р.Хэар этика буйруғ (фармойиш) беришидан бошланишини кўрсатиб беради(«бундай қил», «буни қилма», «бу яхши, бу эса ёмон»). Буйруғ, фармойишлар бериб бўлингач, мантиқ қонунлари кучга киради: қоидаларга амал қилган ҳолда, бир гапдан бошқа гапларни келтириб чиқаравериш мумкин.

Шундай қилиб, неопозитивизм ёки мантиқий - мантиқий позитивизм илмий билим маъносини сезиларли даражада аниқлаб, тушунтириб берди; кўпгина янги муаммоларни, шу жумладан, фалсафий маънодаги муаммоларни ҳам ҳаётга олиб кирди. Фалсафий билимга келганда шуни айтиш керакки, бу билим постпозитивистларнинг асарларида анча юксак даражага кўтарилди.

Постпозитивизм дегани – бу неопозитивизм ўрнига келган жуда кўп концепцияларнинг умумий номидир. Турли хил постпозитивизм концепцияларининг тарафдорлари кўп соҳалар бўйича бир-бирлари билан келиша олмайдилар. Неопозитивизмнинг эскириб қолган таърифларини танқид қиладилар, лекин уларга нисбатан ўзларининг изчил муносабатларини сақлаб қолдилар. Худди неопозитивистларга ўхшаб, постпозитивистлар ҳам билишнинг роционал усулларига асосий эътиборни қаратадилар. Инглиз файласуфи Карл Поппер энг машҳур постпозитивистлардан бири ҳисобланади.

Поппер учун верификация (текшириш мумкинлиги) концепциясининг муваффақиятсизликка учраши, илмий гапларга нисбатан нотўғри фикрларнинг бўлгани тасодифий эмас. Верификациянинг методологияси ишонч - эътиқодга асосланади. Унга кўра, билим мутлақо ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин. Бундай деб ўйлаш ҳаёлий бир тасаввур. Эртами - кечми эски назария ўрнига янги назария келади, шу вақтгача ҳақиқий, тўғри деб келинаётган фикрлар энди нотўғри, адашиш бўлган деб тан олинади. Шунинг учун эпистемология, яъни илмий билиш фалсафасининг вазифаси назариялар излашда эмас, балки билимни ривожлантириш муаммосини ҳал қилишдан иборатдир. Билимни ривожлантиришга рационал баҳс - мунозара йўли билан эришилади. Бунда ҳеч шубҳасиз мавжуд бўлган билимлар танқид остига олинади. Шунинг учун Поппер ўз фалсафасини танқидий рационализм деб атаган.

Хўш, унда илмий ихтиролар мантиғи қандай бўлади? Индуктивистлар фикрига қарама - қарши ўлароқ , Поппер, олимлар фактлардан назариялар томон кўтарила бориб эмас, балки гепотезалардан алоҳида айтилган фикрларга ўтиш йўли билан ихтиро қиладилар, деб ҳисоблайди. Бунда олимлар гипотетик-дедуктив усулдан фойдаланадилар. Умумий характердаги гепотезалардан гап тузадилар. Бу гаплар бевосита баёний гаплар билан қиёслаб, таққослаб чиқилади. Агар назария билан баёний гаплар нисбатан бир-бирига мувофиқ келса олимлар ҳам келишадилар, у ҳолда назария вақтинча тасдиқланган деб ҳисобланган. Ҳеч бир назарияни мутлақо тўғри деб топиш мумкин эмаслиги туфайли унга гипотетик характердаги таъриф берилади, яъни ушбу назарияни қонунлар эмас, балки ҳақиқатга ўхшаб кетадиган тасдиқлар ҳосил қилади. Ҳар қандай назария ҳам ишончли эмас, унда хатолар мавжуд бўлиши мумкин (фоллибилизм принципига кўра). Назарияни мутлақо тўғри деб тасдиқлаш мумкин эмас, лекин уни рад этиш мумкин. Назарияни соҳталаштириш тадбири назария тажриба маълумотларига зид келиб қолган тақдирда ўтказилади, гоҳида биргина тажриба бўйича олинган фактга қараб назария соҳталаштирилади. Соҳталаштирилган назария янгиси билан алмаштирилади, кейинчалик бу назарияга ҳам рационал танқиднинг янги - янги зарбалари ёғила бошлайди.

Илмий билим ўсиб боришини қуйидаги схема орқали ифода этиш мумкин:

Р1 ТТ ЕЕ Р2

Бунда Р1-дастлабки муаммо; ТТ-синовчи назариялар; ЕЕ-хатоларнинг –яъни ТТ таркибида мавжуд бўлган хатоларнинг бартараф этилиши; Р2-янги муаммо.

Ҳар хил гипотетик-дедуктив структуралар ўзларининг қай даражада яшовчан эканликлари билан бир-биридан фарқ қилади. Организмлар оламида муҳитга кўпроқ даражада мослашган организмлар тирик қолади, фан оламида эса бир-бирига нисбатан энг кўп даражада қарама - қарши бўлмаган-яъни зиддиятсиз концепциялар яшаб қолади.

Фақат шундай бир концепция илмий назария деб тан олинадики, у албатта тажриба қилиб олинган маълумотларни бир-бири билан солиштириб, қиёслаб кўриш имкониятини берсин ва, бинобарин, уни истаган бир пайтда фальсификация қилиш-яъни соҳталаштириш мумкин бўлсин. Фандан фарқли ўлароқ , фалсафани соҳталаштириш мумкин эмас, яъни фалсафа илмий характерга эга эмас. Бироқ , илмий кучга эга бўлмаган фалсафа шундай маънога эгаки, усиз ҳеч бир фан ривожлана олмайди. Поппер фан билан фалсафа демаркацияси (яъни уларнинг чегарасини белгилаб бериш) муаммосини шу тарзда ҳал этади. Унинг фикрича, бу ерда фалсафа илмий билимларни англаб етиш воситаси сифатида майдонга чиқади ҳамда, жумладан, рационал -танқидий баҳс-мунозаралар, фоллибилизм, фальсификационизм принциплари - тамойилларини ўз ичига олади.

Поппер илмий билимлар ўсиб ривожланиб боришининг кўпгина нозик томонларини ифодалаб беришга муваффақ бўлган. Лекин у яратган концепция ҳам танқидга учрайди. Асосан, Поппер илмий билимлар ўсишини гипотезалар билан кузатиш фактлари ўртасидаги дуэлга ўхшатганлиги учун уни танқид қиладилар. Тўғри-да, ахир гипотеза ва кузатиш фактларидан ташқари ижтимоий ва техник оламлар, бошқа кўпгина омилларнинг йиғиндиси ҳам мавжуд-ку! Улар ҳам илмий билимларнинг ўсишига таъсир кўрсатади. Масалан, худди ўша фальсификация-сохталаштириш принципини олиб кўрайлик. Бунда шуни назарда тутиш керакки, олимлар илмий танқид натижасида муайян назарияда баён этилмаган кузатиш фактларини аниқлаган вақтларида ҳам унинг хизматидан фойдаланишни тЎхтатишга-уни батамом рад этишга асло шошилмай турадилар. Масалан, Ньютон механикаси бунинг мисолидир. Бунда унинг ўзига қарши чиқарилган жуда кўп фактлар мавжуд бўлишига қарамасдан, ҳозирги замон олимлари ундан кенг миқёсда фойдаланиб келмоқдалар. Худди шунга ўхшаш, Поппер томонидан олға сурилган талаблар ҳам норматив характерга эгадир, бу эса ўша талабларга ҳар доим ҳам амал қилинавермаслик керак, деган маънони англатади.

Энди ўз хусусий концепцияларини ишлаб чиққан бошқа бир қатор постпозитивистларнинг қарашларини кўриб чиқамиз. Инглиз олими Имре Лакатос ўзининг илмий - текшириш программаси методологиясини олға сурган. Поппер фикрига кўра, бир назария ўрнига бошқа назария келади, эски назария батамом рад этилади. Лакатос назарияларни бир-бири билан қиёслаб кўриш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Бунда у шунчаки назарияларнинг ўзини бир-бирига солиштириш билан чекланмай, ҳатто-тадқиқот программаларини ҳам таққослаб кўриш муҳим эканлигини айтиб ўтди. Ҳар бир илмий-тадқиқот программаси бир қанча назариядан таркиб топади. Программанинг «мағзи» мазкур программанинг бир назариясидан бошқа назарияга кўчиб ўтаверади, ёрдамчи гипотезалардан иборат бўлган ҳимоя майдони эса қисман бузилиши мумкин. Ньютоннинг илмий-тадқиқот программасидаги «мағзи» механиканинг уч қонуни ва тортилиш қонуни ҳисобланади. Мана шу асосда турли соҳаларга, масалан, астрономияга, нур тўғрисидаги таълимотга ва бошқа соҳаларга тааллуқли бўлган кўплаб назариялар ривожлантирилган. Фақат мана шу «мағзи» программанинг мағзи парчалаб ташлангандан кейингина эски илмий текшириш программасидан янги дастурга ўтиш зарур бўлиб қолади. Янги прогрессив илмий тадқиқот программаси ўзидан олдинги дастурга қараганда кўпроқ даражада эмпирик мазмунга эга бўлмоғи керак.

Лакатос назария билан илмий тадқиқот программасини солиштириб кўриш зарурлигини таъкидлаб ўтар экан, билимнинг ривожланиш жараёнидаги муҳим жиҳатлари ажратиб кўрсата олади. Бу ерда муҳими-назария билан илмий тадқиқот дастурларини бир-биридан фарқ қилишидадир. Таълимотлар хилма - хиллигини ўзлаштираётган ҳар бир киши учун у қандай илмий тадқиқот дастури ва унинг назарияси доирасида иш олиб бораётганлигини англаб олиш муҳимдир. Бундай англаб олиш назария билан программаларни бир-бирига солиштириб, таққослаб чиқишни тақазо этади. Агар тадқиқотчи ёки талаба фақат биргина илмий тадқиқот программасига эга бўлса ёҳуд, яна ҳам ёмони, фақат биргина назарияни билса, бунда ушбу дастур ёки назарияни беихтиёр мутлақ ҳақиқат деб қабул қилади (ахир уни бошқача қиёслайдиган ҳеч нарса йўқ-да!). Бунинг маъноси, ўша субъект ўзининг илмий статуси, яъни ҳақиқий вазифасини англаб етмаганлигида. У олиб бораётган биргина илмий тадқиқот программаси атрофида қаттиқ ўралашиб қолади ҳамда бошқа программаларнинг афзаллигини англаб етмайди ва тушунолмайди.

Постпозитивистлар эътиборни ҳақли равишда илмий билимни ривожлантириш тарихини пухта ўрганиш зарурлигига қаратганлар. Фан тарихини ўрганмай туриб унинг ўзини ўргана бошлаши - бу бир ёқлама билимга олиб келади, догматизим учун шароит яратиб қўяди.

Шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, бизнинг ўқув қўлланмамизда ана шундай вазиятларни ҳисобга олиш зарурлигига ҳаракат қилинади. Сиз, бизнинг азиз ўқувчимиз, фалсафий программаларнинг асосий муаммолари билан танишиб чиқасиз. Бизнинг фикримизча, мана шу асосий фалсафий дастурларнинг бирортасини ҳам мутлақ мукаммал дастур даражасига кўтариб бўлмайди. Келинг, яхшиси яна постпозивитистларнинг қарашларига қайтайлик.

Америка файласуфи Пол Фейерабенд кумулятивизмни танқид қилди, кумулятивизмга мувофиқ, билимининг ривожланиши билимларни аста-секин изчиллик билан тўплаб бориш натижасида содир бўлади. Фейрабенд назарияларнинг ҳеч қандай ўлчовга тушмаслиги тўғрисидаги тезисни қаттиқ ҳимоя қилган олим. Назариялар дедуктив тарзда бир-бири билан боғлиқ бўлмайди, улар учун турли тезислар ва тушунчалар характерли хусусият бўлади. Фейерабенд фикрига қараганда плюрализм нафақат сиёсатда, ҳатто фанда ҳам ҳукмрон бўлиши зарур. Жуда кўп бир-бирига тенг бўлган билим типлари мавжуд. Универсал билимни олиш усулининг имкониятлари Фейерабенд томонидан рад этилади. Баъзан, ҳатто шундай бир маънодаги - яъни усуллар маъқул, ҳаммасидан ҳам фойдаланса бўлади, деган маънодаги сўзларни ҳам айтган, яъни башарти олимлар жамоаси томонидан қабул қилинган ҳар қандай назарияни қабул қилиш ва ундан фойдаланиш мумкин, дейди у. Рационалликнинг мезонлари абсолют - мутлақ эмас, балки улар нисбийдир. Ҳамма ерда ва ҳар доим мақбул келаверадиган рационаллик мезонлари йўқ. Анархизм ҳаддан ташқари жозибадор сиёсий доктрина бўла олмайди деб ҳисоблайди Фейерабенд. Лекин у билиш фалсафаси ва фан учун, ўзини битта универсал усул билан чеклаб қўйишга мойил бўлган кишилар учун ажойиб восита бўлиб ҳизмат қилади. Башарти илмийликнинг қатъий мезонлари йўқ экан, у ҳолда илмий фактларни илмий бўлмаган фактлар билан алоқаси мавжуд деб ўйлаш табиий бўлади, чунки улар фанга ўз таъсирини ўтказади ҳамда мустақил қадрият хусусиятига эга бўлади. Фан, фалсафа, дин ва ҳатто магия ҳам - ҳаммаси ўз жойида керак, ҳаммаси ҳам мустақил қадрият хусусиятига эгадир.

Фейерабенднинг хизмати шундаки, у мумтоз фан идеаллар бўлган барқарор хусусиятларни бартараф қилиш, уларни рад этишни қатъиян талаб қилиб чиққан. Фан-бу назарияларнинг кўпайиш жараёнларидан иборат бўлиб, бу ерда ягона бир йўл йўқ. Бироқ шундай бир тасаввур пайдо бўладики, гўё Фейерабенд фанни ривожлантиришнинг барқарор тенденцияларига етарли даражада эътибор бермаган. Ахир бундай тенденциялар ҳам мавжуд-ку!

Америка файласуфи Томас Кунн ҳам худди Фейерабенд сингари фан тараққиётини поппериал схемасида олиб борилишига танқидий назар билан қараган. Унинг асосий фикри шундан иборатки, илмий билимларни ривожлантиришда илмий ҳамжамиятлар фаолияти алоҳида рол ўйнайди. Бу ерда мантиқ, методология эмас, балки парадигма нормалари белгиловчи аҳамиятга эга бўлади, яъни илмий уюшмалар қабул қилган, ҳамда илмий анъаналарни давом эттирган эътиқодлар, қадриятлар, техника воситалари катта аҳамият касб этади, ўз мазмунига кўра парадигма назариядан ҳамда илмий -текшириш дастурларидан ҳам кенгроқдир. Башарти у ёки парадигма ҳеч сўзсиз асосий ўринни эгаллаб турган бўлса, у ҳолда нормал фан даври муқаррардир. Парадигманинг бузилиб кетиши фанда революцияга - илмий инқилобга олиб келади. Ҳар бир парадигма рационаллик масаласида ўз мезонларига эга бўлади, бу мезонлар универсал ҳисобланмайди. Парадигмалар бир-бири билан қиёсланмайди, улар ўртасида бироз бўлса ҳам бевосита изчиллик мавжуд эмас. Янги парадигма эскисини инкор этади. Кўпчилик олимлар Кун парадигмаларни ўлчаб бўлмаслиги тўғрисидаги ўз концепциясида илмий билимларнинг изчиллигига етарли баҳо бермайди деб ҳисоблайдилар. Кун фаннинг илмий жамоалар фаолияти натижаси эканлигини таъкидлар экан, фанда социал ва психологик ҳолатларнинг алоҳида аҳамият касб этишига ҳақли равишда эътиборни қаратади.




Download 133.13 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   13




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling