22622 Юридик шахслар ўз ваколатхоналари ва филиаллари таъминоти учун ажратган маблағлар
Ҳисобварақнинг таърифи: юридик шахслар томонидан ваколатхона ва филиаллари таъминоти ҳамда жорий харажатларини (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, маҳаллий солиқлар, хизмат сафари харажатлари, сув, газ, электр энергияси, телефон ва бошқа коммунал тўловлар, ижара ҳақи, автотранспорт харажатлари) қоплаш учун ажратилган маблағларнинг ҳисоби юритилади. Филиаллар фақат юридик шахснинг асосий ҳисобварағи бўйича қарздорлиги (2-сонли картотека) бўлмаган ҳолда ўз уставларида кўрсатилган харажатларни амалга оширишлари мумкин.
Ҳисобварақнинг кредитида юқори ташкилотнинг ҳисобварақларидан келиб тушган маблағларнинг суммаси акс эттирилади.
(III-бўлим 22622-ҳисобварағининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 8 сентябрдаги 29/3-сонли қарори (рўйхат рақами 773-37, 15.10.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2018 й., 10/18/773-37/2054-сон)
Ҳисобварақнинг дебетида ваколатхоналар ва филиаллар томонидан жорий харажатларни (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, маҳаллий солиқлар, хизмат сафари харажатлари, сув, газ, электр энергияси, телефон ва бошқа коммунал тўловлар, ижара ҳақи, автотранспорт харажатлари) ва қонунчиликка мувофиқ бошқа харажатларни тўлаш учун ўтказилган маблағлар суммаси акс эттирилади.
Таҳлилий ҳисоб алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади.
22624 Айрим турдаги акцизли товарларни сотадиган юридик шахсларнинг мақсадли маблағлари
Ҳисобварақнинг таърифи: юридик шахсларнинг «Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисида»ги Вақтинчалик низом (рўйхат рақами 1390, 2004 йил 26 июль)га мувофиқ, айрим турдаги акцизли товарларни сотишдан келиб тушган мақсадли маблағлари ҳисоби юритилади.
Ҳисобварақнинг кредитида товар (маҳсулот)ларнинг сотишдан келиб тушган нақд пул тушумининг, шунингдек, пластик карточкалар воситасидағи тўловлар суммаси акс эттирилади.
Ҳисобварақнинг дебетида қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилган суммалар акс эттирилади.
Таҳлилий ҳисоб ҳар бир мижоз ва товар(маҳсулот)ларнинг тури бўйича алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |