УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИДА CПОРТНИНГ
ҚЎЛ ТЎПИ ТУРИ БЎЙИЧА ТЎГАРАК МАШҒУЛОТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
Умумтаълим мактабларида гандбол тўгарагини ташкил этишнинг мақсад ва вазифалари
Ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, спортга қизиқишларини орттириш, уларни чаққонликка, ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришишга, бир-бирлари билан ҳамжиҳат ва дўстона муносабатда бўлишга, шунингдек, қўл тўпи бўйича бўлажак спортчини тайёрлаш мақсадида тўгараклар ташкил қилинади.
Қўлингиздаги ушбу тавсияда “гандбол” спорт тури бўйича дарсдан ташқари секцияларни ташкил этиш йўллари, режалаштириш ва амалга ошириш усуллари, мавзуий-тақвим режа ва дастури, шунингдек, гандбол тўгарагига танлаб олиш йўллари, тўгарак аъзолари эришаётган ютуқларни баҳолаш мезонлари, айрим мавзулар бўйича машғулотлар ишланмалари намуна сифатида кўрсатиб ўтилган.
Ушбу тавсия жисмоний тарбия ўқитувчиларининг ўқувчиларга гандбол ўйинининг техника ва тактикасини, тўпни олиб юришни, узатишни ўргатишда ҳамда ўйин қоидаларини тушунтиришда амалий ёрдам бера олади.
Методик тавсия мактаб жисмоний тарбия ўқитувчилари, қўл тўпи мутахассислари, мураббийлар ва ўқувчилар учун мўлжалланган.
Албатта, методик тавсия камчиликлардан ҳоли бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, муаллифлар сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни минатдорчилик билан қабул қилади.
Гандбол – қизиқарли, мароқли ва жўшқинлик ўйини. Гандбол билан шуғулланиш организмнинг умумий жисмоний ривожланишига ижобий таъсир этади, ички органларнинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради, модда алмашинувини яхшилайди ва ҳаракат кординациясини ривожлантиради.
Гандбол тўгараги - ўқувчиларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишига жалб қилади, уларни “Алпомиш” ва “Барчиной” назорат меьёрларини топширишга, спорт разрядларини бажаришга тайёрлайди, организмни чиниқтиришга, жисмоний тўғри ривожланишга кўмаклашади.
Ёш авлодни Ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш, интизомли, ботир, иродали бўлиш руҳида тарбиялайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |