Нима учун шахс ҳуқуқининг мазкур кафолати муҳим? Шахсни айбдорлигига оид ҳар қандай шубҳаларга таяниб, айблаш учун етарли бўлмаган далиллар асосида шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Борди-ю, терговда айб эълон қилинса ҳам, бундай вазиятда судда айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли унга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Яъни, “исботланмаган айб – исботланган айбсизликка тенг” деган халқаро стандарт амал қилади. Мисол сифатида айтиш мумкинки, мамлакатимиз судлари томонидан сўнгги 5 йилда 4 минг 700 нафардан ортиқ фуқаро оқланган.
Конституцияга киритилаётган мазкур норма суриштирув, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда натижада, шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортишни олдини олишга хизмат қилади.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас (28-модда).
Жиноят иши бўйича шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги оддий инсонга нима беради?
Биринчидан, бу кафолат шахсга нисбатан гумон ёки айблов кўриб чиқилаётганда тергов органлари томонидан унга ҳар қандай босим ўтказишдан ҳимоялайди, иккинчидан, шахс ўз айбига иқрор бўлишига мажбурланиши ҳолатларини олдини олади, учинчидан, жиноий таъқиб остидаги шахснинг яқинларидан унга қарши гувоҳлик бериш мажбуран эмас, фақат ва фақат ихтиёрий бўлиши кераклигини кафолатлайди.
Шунингдек, Жиноят процессуал кодексининг 116-моддасида шахснинг ўз қариндошларига қарши кўрсатма беришдаги эркинлиги белгиланган бўлиб, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари гувоҳ ёки жабрланувчи тариқасида фақат ўзларининг розиликлари билан сўроқ қилинишлари мумкин.
Ушбу қоида суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари сўроқ қилишидан олдин шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи тўғрисида огоҳлантириши лозимлигини ҳам англатади. Ўз-ўзини айбламаслик ҳуқуқи фақатгина жиноятга иқрор бўлишга мажбурлашни тақиқлаш билан чекланиб қолмайди. Бу қоида жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим, турли таҳдидлар ўтказиш, шаъни ва қадр-қимматни камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |