Ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқи – бу инсоннинг ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам айнан “ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишига ҳақли”, деган қоида бежизга мустаҳкамланмаган.
Шахсни эркин камол топтириш ҳуқуқи унинг ҳуқуқларини қонунчиликда кафолатлаш, сўнгра уларни таъминлаш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон қонунчилиги “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деган олтин қоида билан сингдирилганлиги эркин камол топиш ҳуқуқини амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудлигини англатади.
Ушбу ҳуқуқ инсоннинг ижод қилишга бўлган ҳуқуқлари асосида ўзига керакли бўлган билим ва кўникмаларни эгаллаш ҳуқуқини ҳам англатади. Мазкур ҳуқуқнинг белгиланиши инсонни ўзини-ўзи кашф этиши ва ривожлантириши учун конституциявий-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас (21-модда).
Янги таҳрирдаги Конституцияда барчанинг – бир томондан давлат ва унинг органлари тизими, иккинчи томондан инсон, фуқаро ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ва лўнда қилиб белгилаб берилмоқда.
Қонунда белгиланганидан ташқари бошқа бирор-бир мажбуриятни бажаришга ҳеч ким мажбур эмас. Конституцияга киритилаётган ушбу норма мазкур ҳаётий ҳақиқатларни рўёбга чиқариш орқали оддий одамларни ҳаётини янада енгиллаштиради, десак муболаға бўлмайди.
Конституция ва қонунларда бизнинг зиммамизга фуқаро, инсон, ота-она, фарзанд ёки муайян касб эгаси сифатида бир қатор мажбуриятлар юклатилган. Жумладан, қонунларга риоя этиш, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ота-онани боқиш ва фарзандларни тарбиялаш, табиий муҳит ва тарихий ёдгорликларни асраш, солиқларни тўлаш, Ватанни ҳимоя қилиш ва бошқалардир.
Янги киритилаётган норма фуқаролар ва юридик шахслар фақат Конституция ва қонунчилик ҳужжатларида мажбурий этиб белгиланганидан ташқари, бошқа бирор-бир мажбуриятни бажаришга бурчли эмаслигини, шунингдек давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳам уларга қонунчиликда белгиланмаган қўшимча мажбуриятларни юклаш ваколатига эга эмаслигини англатади. Бу эса амалиётда айрим ҳолатларда учраб турадиган бирор-бир қонунда кўрсатилмаган мажбуриятни ёки қандайдир вазифани (масалан, ўқитувчига кўча супуриш, врачга маҳаллага чиқиб хатлов ўтказиш) ташкилот раҳбари томонидан ходимга юклаш каби салбий ҳолатларга қатъиян чек қўяди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас (23-модда).
Дунёда қайси давлат бўлмасин, улар фуқаросини ўз ҳудудидан мажбуран чиқариб юбормаслик ёки бошқа давлатга бериб юбормаслик мажбуриятини олган. Хусусан, Ўзбекистон ҳам.
“Давлат ҳам ўз фуқаросини чиқариб юборадими?” деган савол туғилиши мумкин. Ҳа, мумкин. 1930-йилларда 5,5 мингдан зиёд оилалар сиёсий тузумнинг қурбонларига айланиб, “қулоқ” қилинганлиги, зўравонлик билан ўз Ватанидан, қариндош-уруғларидан жудо этилганлиги ҳам бор ҳақиқат. Шунинг учун бутун жаҳон афкор-оммаси ҳеч ким ўз яшаб турган мамлакатидан эрки-хоҳишига зид равишда сиёсий, диний, миллий, мафкуравий, маданий ва бошқа қарашлари ёки фаолиятини асос қилиб мажбурий чиқариб юборилмаслигини белгилайди.
Ўз фуқаросини ўзга давлатда содир этган жинояти учун ўша давлатга ушлаб берилмаслиги халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган қоидага айланган. Шу билан бирга, халқаро шартномаларга асосан, давлатлар ўз фуқароларини ушлаб беришни рад этиши жиноятчини жазосиз қолишини англатмайди.
Мазкур янги норма фуқароларимизни доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигига ишончини мустаҳкамлашга, ўз юртидан чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади, давлат ва унинг масъул органларининг ўз фуқаролари тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |