Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин (28-модда).
Жиноят ва уни тергови ҳақида сўз борганда одамларимиз орасида шундай гап кенг тарқалган “Тергов органларига кунинг тушмасин, тушса тамом, қутула олмайсан, тергов нима деса шуни қилишга мажбур бўласан”. Энди эса тасаввур қилинг, жиноятда гумонланаётган ёки айбланаётган шахс терговчига қараб “Айбдор ёки айбсизлигимни исботлашга мажбур эмасман, бу сизнинг мажбуриятингиз!” деб турса. Тан олайлик, бундай вазиятни тасаввур қилишимиз ҳам қийин. Аслида эса айбсизлик презумпцияси ҳар бир шахсга айнан шундай дадил позицияда бўлишни кафолатлайди!
Хусусан, айбсизлик презумпциясига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Одатда, шахсга нисбатан жиноят иши бошланганда у оғир руҳий ҳолатга тушади, ўзини йўқотиб қўяди, ана шу пайтда у ўз ҳуқуқларини тўлиқ англай олмайди. Айнан шундай руҳий ҳолатда оддий инсон айбдорлигини исботлаш унинг эмас, тергов органларининг вазифаси эканлигини тушунмасдан ўзига қарши кўрсатмалар бериши, афсуски, ҳаётимизда учрайдиган амалиёт.
Шахс ўзининг айблови исботида иштирок этишга мажбур эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши қоидасининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши тергов органлари томонидан мажбурлаш ёки унга ҳар қандай босим ўтказиш каби қонунга хилоф ҳаракатлардан шахсни ҳимоя қилади.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас
(28-модда).
Жиноят иши бўйича шахснинг ўз айбини бўйнига олиш тўғрисидаги кўрсатувигагина асосланиб, уни айбдор деб хулоса чиқариш одил судлов тамойилларига мутлақо зиддир. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят содир бўлганми, унинг содир этилишида ким айбдор ва бу билан боғлиқ барча ҳолатларни тўлиқ аниқлаши шарт. Шахсни жиноятда айбдор деб топиш ва уни жазога тортиш учун далиллар ишончли ва етарли бўлиши керак. Жиноят-процессуал кодексига биноан, шахс берган кўрсатувлари билан аниқланган ҳолатлар, у ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, ўзининг айбдор эканлигини инкор қилган тақдирда ҳам ишнинг барча ҳолатлари бошқа далиллар каби текшириб чиқилиши ва баҳоланиши шарт.
Ушбу норма тергов органлари зиммасига конституциявий даражада алоҳида масъулият юклайдики, улар шахсни айбини исботлаш жараёнида иқрорлик кўрсатмаларига асосий урғу бермаслиги ва айбловни фақат тергов йўли билан текширилган бошқа ишончли далиллар мажмуи билан исботлашлари шарт.
Мазкур норманинг Конституциямизга киритилиши содир этилган жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек айбсиз инсонларни жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |