«Улар: «Агар биз кўпчилик бўлиб туриб, уни бўри еб кетса, унда биз зиёнкорлардан эканмиз-да?!» дедилар». (14)
Бу гап оталарига қаттиқ таъсир кўрсатиш учун айтилган эди. Улар, агар биз кўпчилик бўла туриб, биттаю битта укамизни ҳимоя қила олмай, бўрига егизиб юборсак, нима деган одам бўлдик, унда биз зиёнкор, ҳеч нарсага арзимайдиган, индамай бўрига ем бўлиб кетаверадиган одамлар эканмиз-да, демоқчи бўлдилар. Бунга ўхшаш гаплар одамга, албатта, қаттиқ таъсир қилади. Яъқуб алайҳиссалом ҳам ноилож қолиб, Юсуфни акаларига қўшиб юбордилар.
ШУМ НИЯТНИ АМАЛГА ОШИРИШ
«Уни олиб кетиб, қудуқ қаърига ташлашга қарор қилганларида, Биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик». (15)
Ниҳоят, Юсуфнинг акалари ўзларининг машъум ниятларига етдилар. Уни қудуқ қаърига ташлаш ҳақидаги қарорларини амалга оширдилар. Қудуқ қаърида қалби хавфга тўлиб, ўлимини кутиб ўтирган ёш Юсуфга ваҳий келди:
«Унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар сени сезмаслар ҳам», деб ваҳий қилдик».
Яъни, сен хафа бўлма, қўрқма ҳам, вақти-соати келиб, акаларингга ўзингга қилган хиёнатларининг хабарини берасан. Ўшанда вазият шу даражада ўзгарган бўладики, акаларинг сени танимайдилар ҳам.
Аллоҳ таоло бу башоратни қудуқ ичида бечора ҳолда ўлимини кутиб ўтирган Юсуфга айтмоқда. Қудуқда ўлим хавфи остида ўтирган одамнинг бирдан-бир фикри қандай қилиб бўлса ҳам, у ердан қутилиб чиқиш бўлади. Аммо ўзини шу ҳолга солганларга қилмишларини айтиб беришини ва ўшанда тажовузкорлар унинг Юсуф эканини хаёлларига ҳам келтирмасликларини фақат Аллоҳ таологина башорат қила олади. Ўзининг суюкли бандаси, бўлажак Пайғамбари Юсуфнинг қудуққа ташланиши ҳам, аслида, беҳикмат эмас. Балки рўй беражак катта ҳодисалар ва мартабалар сари бир поғона бўлган, холос. Юсуф ўша ҳолда қудуқ қаърида қолди.
Акалар эса, қилар ишни қилиб қўйиб, уйга равона бўлдилар ва:
ОТАНИ АЛДАШ
«Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: (16)
Do'stlaringiz bilan baham: |