17. Ҳол
Иш-ҳаракатнинг қандай ҳолатда бажарилганини, сабаби ёки мақсадини, унинг бажарилиши билан боғлиқ ўрни ёки пайтини билдирган гап бўлаги ҳол дейилади.
Ҳол феъл-кесимга боғланади.
Масалан: Сардор Акмал билан қадрдонларча (қандай?) хайрлашди. Маҳалланинг каттадан-кичик ҳамма аъзоси тозалаш учун (нима учун?) кўчага (қаерга?) чиқди.
Ҳол баъзан қисмларга ажратилмайдиган сўз бирикмалари орқали ҳам ифодаланади.
Масалан: Ҳамма сув сепгандай (қандай ?) жим бўлди. Томдан тараша тушгандай (қандай?) гапириб қўя қолди.
Ҳоллар маъно жиҳатидан беш турга бўлинади:
1. Равиш ҳоли.
2. Ўрин ҳоли.
3. Пайт ҳоли.
4. Сабаб ҳоли.
5. Мақсад ҳоли.
18. Равиш ҳоли
Иш-ҳаракатнинг қай ҳолатда бажарилишини ёки қандай бўлганлигини билдирган ҳол равиш ҳоли дейилади.
Равиш ҳоли қандай? қандай килиб? каби сўроқларга жавоб бўлиб, кўпинча равишдош, равиш, кўмакчили от орқали ифодаланади.
Масалан: Қўзилар далада ўтлай-ўтлай (қандай?) кетаверди. Эргаш тўнининг этагини полвончасига (қандай?) икки қўллаб (қандай?) орқага тортди. Аҳмад ўз ишини жон-дили билан (қандай?) бажаради.
Равиш ҳоли иш-ҳаракат ва ҳолатнинг ёки бирор белгининг миқдорини, даражасини ҳам англатиши мумкин. Бунда равиш ҳоли қанчалаб? нечалаб? неча марта? қанча? каби сўроқларга жавоб бўлади.
Масалан: Содиқ мажбуриятини анча (қанча?) яхши бажаради. Ҳар хил касбдаги бу кишилар ўн минглаб (нечалаб?) ҳисобланади
Равиш ҳоли баъзан иш-ҳаракат, ҳолат ёхуд белгининг қандайлигини ўхшатиш йўли билан англатиб, қандай? қандай аҳволда? каби сўроқларга жавоб бўлади. Бу ҳолларда равиш ҳоли -дек, -дай, -ча қўшимчаларини олган сўзлар ва сўз бирикмалари орқали ифода этилади.
Масалан: Бундан уч йил аввал ўтқазилган кўчатлар шовулдек ҳосил килди. Лолалар чамандай очилди. Аҳмад билан Маҳмуд дўстларча хайрлашди.
Равиш ҳоли иш-ҳаракат ёки ҳолатнинг қандай вазиятда бўлишини, нима ё ким орқали бажарилишини англатганда, қандай? қай вазиятда? нима бўлиб? ким бўлиб? каби сўроқларга жавоб бўлади.
Масалан: Салима ўқитувчи бўлиб ишлайди
Do'stlaringiz bilan baham: |