Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 5.6 Mb. Pdf ko'rish
|
Жиноят хукуки
3. Жиноятга суиқасд қилиш Суиқасд - бу жиноятни содир этишнинг иккинчи босқичи бўлиб, жиноятни содир этишга ва ижтимоий хавфли оқибатга эришишга 233 қаратилган, жиноятнинг объектив томонини ифодаловчи онгли ҳаракат бўлиб шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра тугатилади. Суиқасдда тайёргарлик босқичидан фарқли равишда жиноят содир этиш учун шароит яратилмасдан, балки, уни содир этишнинг бевосита бошланиши бўлиб, жиноят қонуни билан қўриқланадиган объектга тажовуз қилинади ва зарар етказиш хавфи вужудга келади. Қонунга хилоф бўлган ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш хавфи ёки ижтимоий хавфли оқибатнинг юз бериши реал бўлиб қолади. Аммо жиноят шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмайди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 25-моддасига мувофиқ: NOTA BENE! Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади. Бошқача қилиб айтганда, суиқасд бу қасддан содир этилган жиноятнинг тугалланмай қолиши ёки айбдор истаган оқибатнинг рўй бермаслигидир. Шундай қилиб суиқасд ўзида бевосита жиноят содир этишнинг бошланишини ифодалайди. Бу босқичда қонун ҳимоясида бўлган объектга бевосита тажовуз қилинади, аниқ бир жиноятнинг объектив томони амалга оширилади. Суиқасдда шахс қонун билан қўриқланадиган объектни реал хавф остида қолдиради, лекин объектив ва субъектив сабаблар натижасида жиноий оқибат юз бермайди. Масалан, қасддан одам ўлдириш мақсадида жиноятчи жабрланувчига заҳар беради, лекин модданинг зарарсизлиги туфайли жиноий оқибат юз бермайди. Шунинг учун ҳам суиқасднинг ижтимоий хавфлилик даражаси тамом бўлган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига яқин туради. Жиноят ҳуқуқи назариясида суиқасд объектив ва субъектив белгиларга эга, дейилади. Кўпчилик мутахассислар суиқасднинг учта объектив белгиси мавжудлигини таъкидлайдилар. Биринчи навбатда суиқасд жиноят содир этишга қаратилган ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик)ни ифодалайди. Суиқасд бу бевосита жиноят содир этишга қаратилган ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир. Айни шу ҳаракат (ҳаракатсизлик) жиноятни амалга оширишга қаратилган бўлади. Айбдор аниқ бир объектга тажовуз қилиб, уни зарар етказиш хавфи остида қолдиради, баьзи ҳолларда унга зарар етказади ҳам. Бу 234 белгининг асосий мазмуни Жиноят кодекси Махсус қисм моддасида ифодаланган жиноят объектив томонининг қисман бажарилиши (Масалан, ўғирлик жиноятини содир этиш мақсадида шахснининг уйга кириши, қулфни бузиши)да ифодаланади. Ўқ отиш қуролидан одам ўлдиришга суиқасд бўлганлигини аниқлаш учун, қуролдан ўқ отилган ёки отилмаганлигини аниқлаш лозим бўлади. Онанинг ўз чақалоғини ўлдиришга суиқасд қилганлигини билиш учун чақалоқнинг овқатлантирилганлиги ёки аксини аниқлаш керак бўлади. Кўпчилик ҳолларда суиқасд ҳаракат (қасддан одам ўлдириш мақсадида заҳар бериш) орқали амалга оширилади. Шу билан бир қаторда баьзи бир ҳолларда ҳаракатсизлик (Масалан, онани ўз чақалоғини ўлдириш мақсадида уни эмизмаганлиги) ҳам суиқасдни амалга ошириш шакли бўлиши мумкин. Бундан ташқари суиқасдда жиноят охирига етказилмайди. Суиқасд шу белгиси билан тамом бўлган жиноятдан фарқ қилади. Тамом бўлган жиноятдан фарқли равишда суиқасдда жиноятнинг объектив томони жиноят содир этаётган шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ўзининг тўлиқ белгиларига эга бўлмайди. Бу белги асосан объектив томондан жиноий оқибатнинг йўқлигида ифодаланади. Масалан, шахс ўқ отиш қуроли ёрдамида одам ўлдириш жиноятини содир этмоқчи бўлади, аммо қуролнинг отмаганлиги сабабли шахс ўлмай қолади. Бу ўринда жиноят субъектив жиҳатдан тугалланган, лекин уни фактик жиҳатдан тугалланмаганлиги уни тамом бўлган жиноятдан фарқлаш имконини беради. Тамом бўлган жиноятни суиқасддан фарқлашда, айбдорнинг жиноий ҳаракати бошланишидан то жиноий оқибат юз бергунга қадар қанча вақт ўтганлиги аҳамиятга эгадир. Агар жиноий оқибат муайян вақт ўтгандан сўнг юз берса (масалан, жабланувчини ўлдириш мақсадида унга суиқасд қилиб оғир тан жароҳати етказса ва жабрланувчи бир неча кундан сўнг вафот этса), қилмиш тамом бўлган жиноят деб баҳоланади. Қонунга кўра оқибат айбланувчининг қасддан қилган ҳаракати туфайли юз берганида, орадан қанча вақт ўтишидан қатьий назар жиноят тамом бўлган деб ҳисобланади. Моддий таркибли жиноятларда суиқасд жиноят объектив томонининг зарурий белгиси бўлган ижтимоий хавфли оқибатнинг юз бермаслигида ифодаланади. Оғир тан жарохати етказиш мақсадида айбдор лезвия билан жабрланувчига тажовуз қилади, аммо лезвия жабрланувчи камарининг темир қисмига тегади ва натижада 235 оғир тан жароҳати етказилмайди ва жиноий оқибат келиб чиқмайди. Шуни назарда тутиш керакки, суиқасд деб топиш учун хар доим ҳам объектга зарар етказилиши талаб этилмайди. Қатор ҳолларда жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга зарар етказилади. Масалан, катта суммадаги пулни ўғирлаш мақсадида айбдор сейфни очади, аммо у ерда оз миқдордаги пул суммаси бўлади. Бундай ҳолларди қилмиш тамом бўлган жиноят эмас, балки, кўп миқдордаги пулни ўғирлашга суиқасд, деб квалификация қилинади. Формал таркибли жиноятларда, суиқасд жиноят таркибини ташкил қилувчи барча ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилмаслигида ифодаланади (масалан, пора берувчи мансабдор шахснинг қаршилигига қарамасдан, пора предметини унинг столи устида қолдиради). Суиқасд жиноят таркибининг зарурий белгиси жиноий оқибат рўй бермаганида аҳамиятга эга бўлади. Шу ўринда суиқасднинг жиноят содир этишнинг бошқа босқичларидан фарқловчи қуйидаги белгиларини кўриш мумкин. Суиқасд субъектга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра жиноий оқибат юз бермаган ҳолдагина аҳамиятга эга бўлади. Субъект жиноят содир этиш учун ўзига боғлиқ бўлган барча ҳаракатларни бажаради, аммо исталнган оқибат юз бермайди. Суиқасднинг объектив томонини ифодаловчи учинчи белги жиноятнинг шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолда тугалланмай қолишидир. Бу белги жиноятга тайёргарлик кўришга ҳам хосдир. Бу ҳолатлар турлича бўлиши мумкин (масалан, калитнинг яроқсизлиги туфайли эшикнинг очилмаслиги). Жиноятнинг тамом бўлишига тўсқинлик қилган турли ҳолатларга: уларнинг ҳар бири жиноятчининг хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра вужудга келиши ҳосдир. Айнан шу белги суиқасднинг юқорида кўрсатилган объектив белгиларини бирлаштириб, уни жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишдан фарқлаш имконини беради. Жиноятни содир этишдан ихтиёрий қайтишда шахсда жиноятни охирига етказиш учун барча шарт-шароит мавжуд бўлади. Масалан, айбдор ўғрилик жиноятини содир этиш мақсадида автомобиль топа олмаганлиги хақида ҳабар бергач, шериги жиноятни охирига етказа олмайди. Агар айбдор ўзи хоҳиши билан жиноий фаолиятини тўхтатса, бунда жиноятни содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади. 236 Субьектив томондан, суиқасд фақат тўғри қасддан содир этилади. Жиноятга тайёргарлик кўриш босқичи каби суиқасд ҳам жиноятни амалга оширишда қасднинг амалга оширишга қаратилган босқичи ҳисобланади. Айбдор жиноят содир этаётганида уни охирига етказишга ҳаракат қилади. У ўз ҳаракати билан аниқ бир жиноятни содир этаётганини, жиноят обьектив томонининг бир қисмини бажараётганини англайди, ижтимоий хавфли оқибат юз беришини билади (моддий таркибли жиноятларда) ва жиноятни охирига етказишни истайди. Суиқасдда шахснинг ҳаракати жиноий мақсадни амалга оширишга қаратилган бўлиши керак. Масалан, номусга тегиш жиноятида зўрлик ишлатиш жиноий мақсадга эришиш воситаси бўлади, агар зўрлик шу мақсадда ишлатилмаса, бу жиноят содир этишга суиқасд деб баҳоланмайди. Агар шахс бирор аниқ мақсадни кўзлаб ҳаракат қилса-ю, унинг ҳаракати натижасида бошқа оқибат келиб чиқса, шахснинг мақсади қандай оқибатга эришишга қаратилган бўлса, у ўша жиноятга суиқасд қилишда айбланади. Масалан, шахс жабрланувчининг соғлигига оғир шикаст етказиш мақсадида уни урса, лекин бунинг натижасида унга ўртача оғир шикаст етказилса, бу оғир шикаст етказишга суиқасд деб топилади. Жиноят кодексида суиқасднинг турлари кўрсатилмаган. Жиноят ҳуқуқи назариясида суиқасд тамом бўлган ва тамом бўлмаган суиқасдга ажратилган. Бундан ташқари яроқсиз объектга тажовуз деб номланувчи суиқасднинг тури ҳам мавжуд. Аммо суд практикасида суиқасднинг бу тури аҳамиятга эга бўлсада, унга эьтибор берилмайди. Мутахассислар ўртасида суиқасдни турларга бўлиш мезони масаласида ягона фикр йўқ. Уларнинг баьзилари субьектив, 1 баьзилари обьектив 2 , яна бошқа бирлари эса иккали мезонинг бир вақтни ўзида мавжуд бўлиши, яьни аралаш мезон турлари мавжуд дея таъкидлайдилар. Субьектив мезон тарафдорлари, суиқасднинг тури айбдорнинг жиноят содир этиш босқичини қандай баҳолашига боғлиқ бўлади дейдилар. Обьектив мезон тарафдорлари эса, суиқасд Жиноят кодекси Махсус қисми моддасида назарда тутилган қилмишнинг фактик жиҳатдан содир этилганлигига қараб тамом бўлга ёки тамом бўлмаган турларга бўлиш мумкинлигини таькидлайдилар. 1 Курс советского уголовного права. Л.., 1968 Т1, С.-562 2 Уголовное право обьшая часть М.., изд МГУ 1993г 237 Аралаш мезон тарафдорлари эса, жиноятни фактик жиҳатдан содир этилиши ва унинг айбдор томонидан баҳоланишини қайд этадилар. Аралаш мезон тарафдорларининг фикри анча асослидир, аммо айбдор томонидан жиноятни баҳолаш ва қилмишнинг фактик жиҳатдан содир этилганлиги ҳар доим ҳам мос келавермайди. Масалан, ўзлаштириш жиноятини яшириш мақсадида, омбор мудири омборхонаги ўт қўяди. Бироқ олов ўчиб омборхона ёнмай қолади. Бундай ҳолатда айбдор жиноятни охирига етказиши учун қўшимча ҳаракат қилиши лозим бўлсада, лекин жиноятни тамом бўлиши учун барча ҳаракатларни амалга оширганлигига ишонади. Download 5.6 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling