Ўзбекистон республикаси фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти қўлёзма ҳуқуқида
Этнопсихологик омилларнинг таржимада берилиши
Download 282.99 Kb.
|
Dissertatsiya Guljahon Namazova (4)
2.2. Этнопсихологик омилларнинг таржимада берилиши
Ҳар бир миллатнинг ўз тили, тарихи, маданияти ва миллий қадриятлари бор. Буларнинг ҳаммаси яхлит ҳолатда мазкур халқнинг этнопсихологиясини ташкил қилади. Ўзга миллатларнинг этнопсихологиясини ўрганиш миллатлараро муносабатларни ташкил қилишда, турли маданий, иқтисодий алоқаларни ўрнатишда катта ёрдам беради. Этнопсихология – этнография ва психологиянинг бирикувидан (грекча этнос – халқ, қабила, психология — руҳ илми) юзага келган. Фан маълум миллатнинг ўзига хос руҳий қиёфаси, феъл-атвори, менталитетини ўрганади. Ҳар бир миллатга хос миллий атвор, урф-одат ва қадриятлар, дид, миллий ўзини англаши, ўзгариши ва ривожланиши, авлодлар ўртасидаги муносабатлар, авлодлар тарбияси, воқелик ва табиатни идрок қилиши, кийиниш каби масалалар ҳам этнопсихологиянинг ўрганиш объекти ҳисобланади. Этнопсихология фанини ўрганувчи ва фан муаммоларини тадқиқ қилувчи олимлар соҳада учрайдиган жуда кўп мураккабликларни таъкидлашади. Боиси, этнопсихология хусусиятларини эмпирик жиҳатдан ўрганиш қийин. Бу соҳада ҳали барча усуллар яратилмаган. Бир давлат халқини ўрганиш учун яратилган усуллар бошқа халқни ўрганишга мос эмас. Бундан ташқари, этнопсихологияда бошқа миллат этнопсихологиясидан фарқ қилувчи хусусийлик ва умумийлик жиҳатларини очиб бериши керак. Таржима нуқтаи назаридан олиб қаралганда этнопсихология – этноснинг тили, маданияти, урф-одати этнопсихологик характеристикасидир. Асар таркибидаги этнопсихологик матнларни етарли даражада таржима қилиш таржимондан алоҳида маҳорат талаб қилади. Ушбу таржима жараёнида таржимон фаолиятини этнопсихолингвистика аспектида кенгайтиради. Бу ерда тил маданиятга боғлиқ ҳолда бўй кўрсатади. Қадрияту урф-одатлар, кундалик турмуш тарзи ва уларнинг тилда намоён бўлиши этнопсихология объектига айланади. Этнопсихологик матнларни беришда қуйидаги таржима стратегияларини белгилаб олиш мумкин: Автоадаптив (“она тили ва маданиятига мослашиш”, яъни шаффоф ва равон таржима услубини сақлаш); Этноадаптив (бу стратегияда таржимон асл нусхадан ўзга миллатнинг баъзи этник элементларини киритиш орқали ўз тилининг лингвистик ва маданий (урф-одатлар) “бузилиш”га йўл қўяди) Ўзбек романчилигида Ойбекнинг “Навоий” романи бадиий-эстетик, тарихий-маданий ҳодиса сифатида айрича аҳамият касб этади. Ёзувчи “Навоий” романини қандай ёздим?” номли мақоласида роман ёзишга киришган кезларни хотирлаб: “Тахминан 1936-37 йиллар кичик поэма — «Навоий»ни ёздим. Лекин бу машқ Навоий образини яратишда чизилган фақат бир эскиз эди. Кейин 1942 йил буюк полотнога ўтиб, «Навоий» романини ёздим. Кўп тарихий фактлар, материалларни йиғдим, уларни таҳлил этиб, мағзини чақиш учун чуқур ҳис этишга, ўйлашга бошладим. Бу ишга шу қадар ғарқ бўлган эдимки, романнинг иш плани қоғозда йўқ эди. У менинг кўнглимда, ёдимда эди, бутун борлиғимни банд этган эди. Юрсам-турсам ҳамиша Навоийни ўйлар эдим. Унинг теран, нозик, фалсафий фикрларини тўла тушунишга уринардим. Ниҳоят, юракка йиққан, юракда сақланган бу материални ёза бошладим.”,88 - деб ёзади. Шу боис бўлса керак ёзувчининг “юрагига йиғилган, сақланган” ва “қалбнинг зўр ҳаяжони” билан ёзилган ушбу тарихий роман нафақат ўзбек халқининг, таржималар орқали бошқа халқларнинг ҳам адабий мулкига айланди. Ушбу тарихий-биографик романни хитой тилига таржима қилган Хао Гуанг Жонг (1999) ва Ванг Женг Жонг (2005) асосан рус таржимонлари М.Салье (1945) ҳамда П.Слётов (1946) ўгирмаларига таяниб иш кўришган. Ванг Женг Жонг фақат рус тилидаги ўгирмаларига суяниб қолмасдан, ўзбек тилидаги варианти билан ҳам таниш эканини китобнинг кириш сўзида қайд этиб кетган. Ушбу таржималар ўзбек-хитой таржимачилиги тараққиётида катта аҳамиятга эга. “Навоий” романи сингари тарихий романлар таржимасида ўша давр руҳи, миллий-маънавий ўзига хослигини сақлаган ҳолда китобхонга етказиш учун таржимон ўша миллатнинг тарихи, дини, тили, урф-одатлари ва маданий ҳаётидан яхши хабардор бўлиши зарур. Шу боис таржимон “асарларни таржима қилганида, аслият руҳини сақлаб қолишга, улардаги бадииятнинг олтин кукунлари таржимада ҳам товланиб туришига”89 эришмоғи лозим. Биламизки, бадиий таржимада миллий колоритни сақлаб қолиш таржимашунослик ва адабиётшуносликнинг муҳим вазифаларидан саналади. Хитойлик таржимон Ванг Женг Жонг асар таржимасида аслиятдан тўлалигича фойдаланмаган бўлса-да, тарихий ва миллий колоритни сақлаб қолишга, миллий анъана, урф-одатларни аслиятдагидай беришга ҳаракат қилган. Таржимашунос олима Вандераувера Риа шундай ёзади: “Таржима матнни қайта ишлашга ўхшайди. Чунки у манба матнидан бироз фарқланишни кўрсатиб турадиган алоҳида ҳолдир. Унинг талаби матндан матнга сезиларли даражада бироз фарқ қилиш, аммо маъно ва мазмунни айнан сақлаб қолишдир”.90 Хитойлик таржимон иш жараёнида Ойбекнинг фалсафий-лирик услубини сақлашга ҳаракат интилади. “Баҳор қуёши кўкнинг тиниқ ферузасида Ҳиротнинг Гавҳаршод мадрасасининг ҳайбатли гумбази устида порлар...”91, дея бошланади роман. Ванг Женг Жонг Ойбек “услуби атмосферасида нафас олишга” интилади: “春天的太阳在深遂的蓝宝石苍穹中,在赫拉特城“古海尔夏德”“经学院浑然雄伟的圆顶上方闪耀光芒...”92 (Chūntiān de tàiyáng zài shēn suì de lánbǎoshí cāngqióng zhōng, zài hè lā tè chéng “gǔ hǎi'ěr xià dé” jīng xuéyuàn húnrán xióngwěi de yuán dǐng shàngfāng shǎnyào guāngmáng...) “Баҳор қуёши тўқ зангори осмон гумбази, Ҳиротнинг “Гавҳаршод” мадрасасининг улуғвор қуббаси устида порлар...” Жумла таржимаси таржимонга у қадар қийинчилик туғдирмайди. Ҳар бир сўзнинг хитой тилидаги мос эквивалентини топиб қўллайди. Гавҳаршод мадрасаси ўзбек китобхони учун таниш, аммо хитойлик китобхон учун нотаниш бўлгани боис, таржимон биргина жумла билан чегараланиб қолмасдан, Гавҳаршод мадрасаси ҳақида саҳифа якунида алоҳида маълумот бериб кетади. Таржимон таржима жараёнида романдаги миллий бўёқдорликни қай даражада сақлаб қола олди? Жавоб тариқасида баъзи жумлаларни таҳлилга тортишга ҳаракат қиламиз. “Чол кўзларини қуюқ қошлари ичига яшириб, бир нафас жим қолди. Кейин тараддудланиб, деди: Мени мушкул аҳволга солдинг, йигит, не қилсам?.. Иложсизликдан қошингизга келдим, — деди ялинқираган товуш билан Тўғонбек. — Мен чақалоқ эканмен, раҳматлик отам бу тиғни бешигимга, ёстиғим остига қўйган экан. Эсимни танигандан буён ҳамиша ёнимда. Яхши йигит, мен биламен. Бу бир парча пўлат сени турли балолардан асраган; бу тиғ сен учун энг нодир хотиралар билан боғланган. Шунинг учун азиз тутасен. Аммо, ўйламаки, мен буни ҳар бир харидорга рўкач қилғаймен... Йўқ сен каби тиғпараст йигитга берамен. У шундайки, яхши тиғни дилрабо маъшуқасидан афзал кўради, ўзи барлос бекзодаларидан! Тўғонбекнинг умиди кесилди. Қўлини тиғга узатди. Лекин чол бу қийматли буюмни қўлдан чиқаришни истамади. Бир ойдан сўнг балки арзон баҳога сотиб олиш умиди билан киссасини кавларкан, деди: Хўп, ўғлим, йигитнинг сўзини қайтариш эрларнинг иши эмас. Тўғонбек беш динорни олиб белбоққа тугди-да, хайрлашиб, ўрнидан турди. 93 老 头儿把双眼深藏在浓眉于,一时改坑气,然后犹象地说: “社士,你让我为难,不知怎么办才好.........” “我是迫不得己才到您眼前的,”托汉别克稍带展求的口吻 “我还是要儿时,过世的父亲就把这把首放在我摇床的枕命运不济找不到钱,你再把它卖掉。你会凭良心作价的下。从记事起我一直带在身边。 “好一个壮士,我知道,这块钢曾保护你渡过种种大难。 这如上首对你来说,是和最参贵的记忆连在一起的,因此你珍爱它。但你不要以为我会高价卖给随便一位买主…不,我会卖给一位像你一样喜爱と首的壮士,他得把好的匕首看得比心爱的恋人还宝贵,他该是白尔拉斯 部落的官家子弟! “托汉别克很失望,他伸手去取上首,但老丈可不想放手这件宝物,他抱着一个月后也许就能低价收购的希望,手伸进口袋: “好吧,我的孩子,拒绝壮士言,不算男子汉。” 托汉别克把五个第纳尔缠在腰带里,站起身来与店主告别。94 (Қария икки кўзини қуюқ қошлари орасига яширди, бир муддат жим турди, кейин иккиланиброқ деди: Эр йигит, мени қийин аҳволга солиб қўйдинг, нима қилсам экан... Бу ерда таржимон кўзларини сўзи ўрнига икки кўзини сўзини ишлатган. Сўзни аниқлаштирган. Хитой тилининг оғзаки нутқида сўзларни конкретлаштириш муҳим саналади. Мен ҳам иложсизлигим сабаб сенинг ёнингга келиб турибман, Тўғонбек бироз илтимос оҳангида – ялинқираб шундай деди: Мен ҳали гўдаклик чоғимда ўлган отам бу ханжарни беланчагим ёстиғи остига қўйган эди. Эсимни таниганимдан бери мен уни ёнимда олиб юраман.) Таржиманинг ушбу жумласида урғу асосан “ўлган отам”га тушиб, Тўғонбекнинг отаси гўдаклик чоғидаёқ вафот этган деган маъно тушунилади. Аслиятдаги маъно англашилмай қолган. Аслиятда эса қуйидагича берилган: “— Мен чақалоқ эканмен, раҳматлик отам бу тиғни бешигимга, ёстиғим остига қўйган экан. Эсимни танигандан буён ҳамиша ёнимда”. Худди шу жумлада таржимон миллий қадриятимиз ҳисобланмиш бешик сўзининг ўрнига беланчак сўзини қўллаган. Беланчак дейилганда, ўзбеклар арғимчоққа ўхшаш, ипга осилган мосламани тушунади. Бундай беланчаклардан деярли ҳамма миллатлар фойдаланган ва ҳозиргача фойдаланиб келади. Жумладан, Хитойда ҳам болани ухлатиш учун қадимдан шундай тебратма мосламалар ишлатилган. Хитойдаги илк беланчаклар дарахтнинг қуриган ёғочи ичини бола сиғадиган қилиб ўйиб, болани ўйма ёғоч ичига ётқизиб, тебратишган. Кейинчалик бамбук ёғочлари ёки ингичка хивич чўплардан турли нақшлар билан безатилган саватчалар ясаб, арқон билан уйларнинг шифтларига боғлаб тебратишган. Таржимон 摇床-yaochuang сўзини ишлатган. Сўзма-сўз таржима қилинганда摇 - тебратма床- каравот. Таржимон бешик сўзининг маъносига яқинроқ摇篮- “тебратма саватча” сўзини ҳам ишлатиши мумкин эди. Бизнингча, таржимон бешик сўзини аслидагидай қолдириб, хитойлик китобхонларга бешик ва ўзбеклардаги гўдак ёстиғи остига ханжар қўйиш анъанаси ҳақида изоҳ берса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бешик миллий реалия. Бу сўзнинг бошқа тилларда айнан эквиваленти йўқ. Зеро, Гёте айтганидай, “Таржимада таржима қилиб бўлмайдиган жойгача бориш керак, ўшандагина бегона халқ, бегона тилни тўла тушуниб етмоқ мумкин”. Матнда гўдак ёстиғи остига отасининг ханжар қўйишида ҳам алоҳида бир рамзий маъно бор. Ханжар жасурлик рамзи. Эл орасида ёстиғи остида ханжар турган бола қўрқмас бўлади, ханжар уни турли балолардан асрайди, деган ишонч ҳам бор. Қолаверса, бу ханжар ота-бобосидан мерос. Ханжар эгаси ота-боболари юрган йўлдан юради, улар каби довюрак бўлади. Download 282.99 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling