Халқнинг бевосита ҳуқуқий ижодкорлиги. Унинг энг ёрқин кўриниши референдум – давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича умумхалқ овоз беришидан иборат. Ҳуқуқий ижод тури сифатида референдум ҳуқуқий нормаларни ўрнатиш бўйича халқ иродасининг бевосита акс этиши сифатида кўринади. Шунга кўра, референдум натижалари давлатнинг қайсидир органи томонидан тасдиқланишга муҳтож эмас, агарда референдум қарорининг ўзида бошқача муддат ўрнатилмаган бўлса, у эълон қилинган куниданоқ кучга киради. Референдум йўли билан қабул қилинадиган норматив ҳужжатлар худди қонунлар каби олий юридик кучга эгадир. Референдум ҳуқуқий ижодкорликнинг самарали тури бўлиши мумкин. У ортиқча поғоналарсиз ва бўлиши мумкин бўлган тузатишларсиз бевосита мамлакат фуқароларининг референдумга чиқарилган у ёки бу масалани ҳуқуқий тартибга солиш ва шу бўйича дарҳол якуний қарор чиқаришга имкон беради. Шу билан бирга референдум анча қимматга тушадиган жараён бўлиб, каттагина ташкилий-техник чиқимни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда бевосита иштирок этадилар. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.
Давлат органларининг ҳуқуқий ижодкорлиги. Бу – ҳуқуқий ижоднинг асосий шаклидир. Давлат органларининг ҳуқуқий ижодкорлиги −давлат органларининг ҳуқуқ нормаларини яратиш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган фаолиятидир. Давлат органларининг деярли ҳаммаси ўз ваколати даражасида мазкур иш билан шуғулланадилар. Давлат органлари ваколат даражасининг ҳажми ва кўлами улар қабул қилган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучини белгилайди. Олий давлат органлари тегишли равишда қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлар ва қарорлар;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлар ва фармойишлар;
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар буйруқлар ҳамда қарорлар;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |