Ҳуқуқий тартибга солиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
1) ҳуқуқ нормасини яратиш ва унинг умумий таъсири (ижтимоий муносабатларни регламентлаштириш);
2) субъектив ҳуқуқлар ва субъектив юридик мажбуриятларнинг вужудга келиши;
3) субъектив ҳуқуқ ва субъектив юридик мажбуриятларни амалга ошириш, ижтимоий муносабатлар иштирокчиларининг аниқ, амалдаги хулқ-атворида уларнинг намоён бўлиши;
4) ҳуқуқнинг қўлланиши.
Ҳуқуқий тартибга солишнинг юқорида кўрсатилган босқичларига мувофиқ равишда унинг механизмининг қуйидаги асосий таркибий қисмлари фарқланади:
Ҳуқуқ нормалари. Ҳуқуқ нормаси ҳуқуқий тартибга солиш учун бошланғич юридик асос ҳисобланади. Чунки, унда ҳуқуқий норма диспозициясида таърифланган зарур ҳаракатлар моделининг асоси мавжуд. Ҳуқуқ субъектлари хатти-ҳаракатлари хусусияти ҳуқуқ нормаси тури (тақиқловчи, ҳуқуқ берувчи, мажбурият юкловчи, тавсиф этувчи)га боғлиқ бўлади.
Ҳуқуқий муносабатлар. Ҳуқуқий муносабат ҳуқуқ нормаси талаблари ким ва қандай амалга оширилишини аниқлашга ёрдам берадиган асосий воситадир. Хатти-ҳаракатларнинг умумий модели унда субъектларга нисбатан аниқлаштирилади, уларнинг субъектив ҳуқуқлари ва субъектив юридик мажбуриятлари жамланади.
Ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш ҳаракатлари. Ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш ҳаракатлари – субъектларнинг амалдаги хатти-ҳаракатидир. Бу ерда ҳуқуқий тартибга солиш механизми таъсири тугайди. Чунки, қонун чиқарувчи иродаси йўналтирилган субъектларнинг ҳақиқий, амалдаги хатти-ҳаракатидан кутилган натижа таъминланади.
Ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари. Ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари – ваколатли органларнинг ҳокимият кучига эга буйруқлари бўлиб, улар ҳуқуқий муносабатларнинг пайдо бўлишини таъминлайди, ҳуқуқ нормалари талабларини ҳаётга татбиқ этади, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг амалга оширилишини кафолатлайди ва ҳоказо.
43-§. Ҳуқуқий тартибот тушунчаси ва объектив зарурияти.
Do'stlaringiz bilan baham: |