Ўзбекистон республикаси қишлоқ ХЎжалик вазирлиги тошкент давлат аграр университети андижон филиали агрологистика факультети


Фермер хўжалиги фаолиятинини диверсификациялашда иктисодий омиллар


Download 317.8 Kb.
bet4/6
Sana05.11.2023
Hajmi317.8 Kb.
#1749149
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
Абдулхакова Мохинур

4. Фермер хўжалиги фаолиятинини диверсификациялашда иктисодий омиллар.

Мамлакатнинг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш таркиби шаклланишида бирламчи равишда унинг географик ўрни, табиий-иқлим ресурслари ва ресурс салоҳияти муҳим аҳамият касб этади. Мавжуд табиий имкониятлар етарли бўлган ҳолатда, қишлоқ хўжалиги ҳудудий ихтисослашуви шакллантирилади ҳамда мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига ва саноат тармоқларининг хом-ашёга бўлган талабидан келиб чиқиб, кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини берувчи самарали ишлаб чиқариш танланади.


Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркиби танланганидан сўнг, бозор қонуниятига кўра зарур бўлган товар ишлаб чиқариш жараёни бошланади, яъни маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида ишлаб чиқарувчи томонидан яратилган маҳсулотга бозорда талабнинг бўлиши ишлаб чиқарувчи даромадини таъминласа, маҳсулотнинг ҳаддан ташқари ортиқчалиги эса мавжуд бозорнинг тўйинишига ва бозорда маҳсулот турларининг ортишига олиб келиши оқибатида даромаднинг ошишига акс таъсир этади.
Шунинг учун доимий равишда маҳсулот ишлаб чиқарувчининг олдида бир муаммо туради, бу мамлакат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш йўналишини ҳисобга олган ҳолда даромадли экинни етиштириш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтирилган ҳолда давом эттиришидир. Бу саволга жавоб излаган ҳолда ишлаб чиқарувчи бир турдаги маҳсулотдан ололмаган меъёрий даромадини бошқа турдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳисобига эга бўлишга ҳаракат қилади. Бу интилиш асосида ишлаб чиқаришнинг диверсификациялашуви жараёни ётади. Маълумки, диверсификация бу унсурларнинг бирламчи ажралиб чиқиши жараёни бўлиб, унсурлар сонининг янги хусусиятлар ҳисобига кўпайиши тарзида намоён бўлади.
Иқтисодий терминологияда ишлаб чиқариш жараёнида янги йўналишни танлаш ёки маҳсулотнинг янги турини яратиш билан боғлиқ жараён диверсификациялашув сифатида талқин қилинади.
Диверсификация корхона (бирлашма)ларнинг фаолият соҳалари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлари турларининг кенгайиши, янгиланиб туришидир. Диверсификация – бир-бири билан технологик жиҳатдан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш турларини бир вақтда ривожланиши ва маҳсулот турларининг кўпайишидир.
Ишлаб чиқариш диверсификацияси (фаолияти) бир томонлама, кўпинча бир турдаги маҳсулотдан ишлаб чиқаришга таянган ишлаб чиқариш структурасидан, кенг турдаги, бир неча йўналишни ўз ичига олган ишлаб чиқариш структурасига ўтиш ҳисобланади3 .
Диверсификациялашув бир неча босқичда амалга ошиб, дастлаб тармоқ доирасида ишлаб чиқаришнинг айрим тармоқларга ажралиши сифатида юз бериши, сўнгра тармоқнинг ўзида корхоналарнинг шаклланиши ҳамда ихтисослашувнинг юзага келиши ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқарувчилар томонидан мавжуд агроресурслар таъминотини ҳисобга олган ҳолда ҳамда бозорда бошқа бир турдаги маҳсулотга бўлган эҳтиёж ва талабнинг пайдо бўлишига мос ҳолда ихтисослигига бевосита тааллуқли бўлмаган маҳсулотларни яратишга интилиши ва бунга қандайдир даражада муваффақ бўлиши тармоқда диверсификациянинг янги мураккаб шаклини англатади. Бу қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши таркибий тузилмасининг янги йўналиши, тармоғи сифатида янги бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини ўзлаштириш билан боғлиқдир.
Бозор иқтисодиёти шароитида корхона самарадорлигини таъминлайдиган йўналишлардан ғоят муҳими бўлган ишлаб чиқаришнинг диверсификацияси ҳисобланади. Бу жараённинг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида табиий-иқлимий ресурслар билан бевосита боғлиқликда амалга ошишишини ҳам эътиборга олиш ниҳоятда муҳим.
Диверсификациялашувнинг асосий мақсади бир неча йўналишда фаолият олиб борган ҳолда таваккалчиликни камайтириш ва даромадни ошириш бўлиб, у ўзига хос равишда даврийлик касб этиши мумкин ( бир тармоқнинг таназзулни бошидан кечираётган даврида, бошқаси ўзининг ривожланиш чўққисига эришиши мумкинлиги). Диверсификациялашган корхоналар рақобат курашида анча барқарор бўлиб, уларда сиклик, таркибий ва конъюнктуравий тебранишлардан ҳосил бўлиши мумкин бўлган зарарлар хавф-хатари камаяди. Диверсификация субъектлар хўжалик фаолиятини ривожлантиришнинг умум қабул қилинган ва зарурий усулларидан ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш жараёни иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидан фарқланиш хусусиятига эга ва у кўпроқ очиқ майдонда, табиий иқлим шароитларига мос равишда ташкил этилади. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш жараёнига янги турларни барпо этиш, бу янги муҳитга экинларнинг турларини мослаштириш билан боғлиқ жараён ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги тармоғининг икки асосий тармоғи ўсимчилик ва чорвачилик доимий равишда бир-бирига боғлиқ ҳолда ривожланиб келган. Шу туфайли бу икки тармоқ ўзаро боғлиқлиги ҳисобга олиниши зарур. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асоси бўлиб ресурслар таъминоти сақланиб қолинади. Шунинг учун ресурслар таъминоти хусусиятларини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Қишлоқ хўжалигининг яна бир муҳим хусусиятларидан бири етиштирилган маҳсулотнинг тез бузилувчанлиги, унинг истеъмол учун йўналтирилиши ҳисобланади. Шунинг учун қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини диверсификациялаш жараёни мураккаблик томони билан бошқа тармоқлардан фарқланади.
Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификациялаш учун бир қанча босқичлар таҳлили амалга оширилиши ва ушбу таҳлиллар асосида қарор қабул қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Қишлоқ хўжалигида диверсификациялашув жараёнини шартли равишда:

  • қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши таркибини ресурслар таъминоти ва ҳолати ўзгаришидан келиб чиқиб, бошқа мос келувчи даромадли ишлаб чиқариш йўналишига алмаштириш;

  • қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши, шу жумладан, экинлар таркибини бозор талабидан келиб чиқиб танлаш;

  • қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини маҳсулотларни қайта ишлаш тизими ривожланишига мос равишда шакллантириш йўналишларига ажратиш мумкин.

Шу билан биргаликда, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши диверсификациялашувига ҳудудий жойлашув мезони ҳам чуқур таъсир этади. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини ҳудудий жойлаштириш мезонига мос равишда қуйидаги йўналишга ажратиш мумкин:

  • йирик шаҳарлар атрофида шаклланган қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши таркибини диверсификациялаш;

  • йирик шаҳарлардан узоқликда, лекин аҳолиси тиғиз бўлган ҳудудларда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини диверсификациялаш;

  • йирик аҳоли массивларидан узоқликда жойлашган ҳудудлар қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши таркибини диверсификациялаш.

Қишлоқ хўжалигида диверсификациялашув жараёнининг асосий сабаблари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

  • қишлоқ хўжалиги тармоқларининг бир текисда ривожланмаслиги;

  • анъанавий қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқариш йўналишида даромаднинг пасайиб кетиши;

  • инновацион жараёнлар ва фан-техника ривожланишининг тармоққа таъсири.

Диверсификациялашдан мақсадлар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • техник – технологик ривожланиш;

  • иқтисодий ривожланиш;

  • молиявий барқарорлик;

  • ижтимоий барқарорлик;

  • стратегик ривожланиш.

Диверсификациялашдан кутиладиган натижа қуйидагича бўлиши мумкин:

  • қишлоқ хўжалик корхоналарининг молиявий ва иқтисодий барқарорлиги;

  • қўшимча даромад;

  • рақобат хавф-хатардан ҳимояланиш;

Қишлоқ хўжалиги диверсификациялашуви натижасида қуйидаги масалалар ҳал этилиши мумкин:
– бозор талабини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг тури кўпайиши;
– маҳсулот турининг ортиши натижасида қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бир қаторда қайта ишлаш тизими ҳам ривожланиши, пировард ҳолатда қишлоқ хўжалик корхонаси даромади кўпайиши;
– қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш тизимини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқарувчилар савдо корхоналарини шакллантириши ҳамда улгуржи савдо тизими ривожланиши;
– қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши диверсификациялашуви натижасида қишлоқ хўжалик корхоналарининг ташқи иқтисодий фаолияти билан боғлиқ жараён ривожланиши;
– қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш тизимига инвестициялар киритиш яхшиланади, янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг ижтимоий турмуш даражаси ортишига хизмат қилиши кабилардир.

Фермер хўжаликлари энг аввало, оиланинг келажаги ва ўз меҳнатларининг пировард натижасига маъсулият билан қарашлари асосида қурилади. Ташкил этилиши моҳияти жиҳатидан фермер хўжаликлари иқтисодий фаолият асосида қишлоқ хўжалигидаги эркин ишбилармонлик ҳисобланади. Фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот ишларига кўра, фермер хўжаликлари иқтисодиётда мустақил бозор субъекти сифатида янги хўжалик юритиш шакли бўлганлиги сабабли уларни ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши ва барқарор ривожланишининг асосини шу хўжалик юритиш шаклига хос бўлган маълум бир тамойиллар ташкил этади.


Хулоса.

Фермер хўжалиги фаолиятини диверсификациялаш, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ёки кўрсатилаётган хизматлар ассортиментини кўпайтиришни назарда тутади. Бу ўринда фермер хўжалиги турли фаолият соҳалари билан шуғулланиши шарт эмас. Одатда, бозор иқтисодиёти шароитида ягона, битта маҳсулот турини ишлаб чиқаришга ихтисослашган фермер хўжалиги баркарорлиги хавф-хатарнинг юқори даражаси билан тавсифланади. Чунки, ушбу маҳсулот бозоридаги конъюнктуранинг салбий ўзгариши фермер хўжалиги фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга кўра, фермер хўжалиги анъанавий тарзда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таркибини бозор-да янги талаб шаклланган ва изчил равишда ўсиб бораётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобига кенгайтириши мақсадга мувофиқ. Бундай ҳолда, бозордаги у ёки бу маҳсулотга бўлган талаб қисқариши ёки нарх пасайиши таъсирида пайдо бўлган йўқотишлар бошқа маҳсулотларга бўлган талаб ёки нарх ўсиши ҳисобига қопланади.


Мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик жадал суръатларда ўсишини таъминлаш иқтисодиётнинг барча етакчи тармоқларини, жумладан, аграр соҳани модернизациялаш, янги техника ва тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини тубдан янгилаш, уни ўзгартириш ва диверсификациялашни тақозо этмоқда. Маълумки, фермер хўжаликлари фаолиятини диверсификациялаш орқали қишлоқ хўжалигида ер-сув ресурслари чекланганлиги шароитида ишлаб чиқаришнинг доимий ўсиши зарурлигини таъминлашда, аграр соҳа ва иқтисодий ресурслар салоҳиятидан тўла ва самарали фойдаланиш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бошқа саноат ва қайта ишлаш тармоқларини хом ашё билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида бандликни оптимал тарзда таъминлаш орқали ишчи кучларни бошқа тармоқларга жалб этиш ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини янада ошириш имкониятлари кенгаяди.

Download 317.8 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling