Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги алишер навоий номидаги ўзбек тили ва


Download 1.39 Mb.
Pdf ko'rish
bet22/73
Sana27.01.2023
Hajmi1.39 Mb.
#1134427
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   73
Bog'liq
monografiya. so\'nggi

Жамлаш йўли билан образ яратиш умумлаштириш орқали 
амалга оширилади. Бу ҳақда адабиётшунос олим Т.Бобоев томонидан 
Чернишевскийнинг “Санъатнинг воқеликка эстетик муносабати” 
асаридан келтирган қуйидаги фикрларини ўринли деб биламиз: 
“ёзувчи кўпгина индивидуал шахсларни кузатади, уларнинг ҳеч 
қайсиси тип бўлиб хизмат қила олмайди, лекин у ҳар биридан 
умумий типик хусусиятларини сақлайди, барча тасодифий 
хислатларни чиқариб ташлаб, ҳар хил кишиларга хос бўлган 
хусусиятларни бадиий бир бутунликка бирлаштириш йўли билан 
характер яратади”
54
. Бу турдаги образлар типик образлар 
ҳисобланади. Типик образ ўзида бутун бир қатламга мансуб 
характер-хусусиятни жамлай олиши билан алоҳида аҳамиятга молик.
Ўзбек болалар шеъриятида образ яратишда типиклаштиришдан 
кенг фойдаланилади. Типик образ жонли шахс, жонсиз предмет ёки 
ҳодиса бўлиши ҳам мумкин. Бунда кенг кўлам қамраб олингани 
адабиёт ихлосмандларини қизиқтиради, чунки мазкур типик образда 
ҳар ким ўз характерини кўриши мумкин бўлади. Болалар шеъриятида 
учрайдиган типик образлар ҳам кичик китобхонларни янги 
хулосалар чиқаришга чорлайди. Улардаги даъват этиш хусусияти 
умумийлиги билан ажралиб туради. 
Прототип асосида бадиий образ яратишда ҳаётдан намуна 
олинади, яъни бунда образнинг ҳаётда прототипи мавжуд бўлади. 
Унинг исм-шарифи образлилик нуқтаи назаридан ўзгарган бўлиши 
мумкин, лекин мазкур образ айнан ҳаётдан, бир кишидан олинган 
нусха ҳисобланади. Болалар адабиётида ушбу усулда образ яратиш 
кам учрайди. Лекин тарбиявий характердаги шеърларни оладиган 
бўлсак, унда ахлоқий нуқсонларга эга болалар ҳаётда ҳам учрайди, 
аслида. Мана шу жиҳатлар билан болалар шеъриятида ҳам прототип 
асосида бадиий образ яратишдан фойдаланилади, дейиш мумкин. 
Замонамизда болакайлар эришаётган ютуқлардан илҳомланиб янги 
асарлар яратилса, улардаги образларни прототип асосида яратилган 
дейиш мумкин бўлади. 
Бадиий образ яратиш шундай улкан тушунчаки, унда Масиҳ 
нафаси бор. Ривоятларда Масиҳ нафаси билан жон киришига ишора 
қилинади. Бадиий образ яратиш бирикмасидаги яратувчанлик 
тушунчаси ҳам айнан шунга яқиндир. Масалан, шоир-ёзувчилар 
ўзларининг маълум асари билан предмет, жонивор, табиат 
54
Бобоев T. Aдабиётшуносликка кириш. – Toшкент: Ўқитувчи, 1979. – 52–53-б. 


~ 70 ~ 
ҳодисалари, табиатдаги деталларга жон “беради”, яъни улар сўзлай 
бошлайди, ҳаракат қилади, бевосита мулоқотга киришади. Албатта, 
уларнинг асарда ўз айтадиган сўзи, “миссияси” бўлади. Бошқа бир 
асарда образ сифатида реал шахс тасвирланади, у ҳам 
умумлаштирувчи ҳисобланиб, жамиятдаги у ёки бу қатламнинг 
типик образи ҳисобланади. Ижодкор шу орқали бутун бошли башар 
қисматини ҳам ифодалаши мумкин. Шу ва бошқа қатор 
хусусиятларига кўра, болалар адабиётида яратилган образларни 
қуйидаги кичик гуруҳларда таснифлаш мақсадга мувофиқ: 
– реалистик образлар, 
– рамзий-мажозий образлар; 
– фантастик образлар; 
– афсонавий образлар. 
Бундан ташқари, образлар салбий ва ижобий каби турларга ҳам 
бўлинади. Ижобий образлар орқали болаларда идеаллар шаклланади: 
ижобий қаҳрамонларга ҳавас қилиб, улардек бўлишга интиладилар. 
Бундай образлар болалар адабиётида намуна кўрсатиш вазифасини 
бажаради. Салбий образлар билан эса аксинча хусусиятни кўриш 
мумкин. Болалар бундай қаҳрамонлар феъл-атворидаги инсонийликка 
зид хусусиятларни кўриб, қандай бўлиш кераклигидарсини оладилар. 
Ўзларидаги айрим нуқсонларни тузатишга ҳаракат қиладилар. 
Ҳажвий асарларнинг характер хусусиятидан келиб чиқиб, 
болалар шеъриятида уларни сатирик ҳамда юмористик образлар каби 
турларга ҳам ажратиш мумкин. Ўзбек болалар шеъриятида ҳам 
юқоридаги каби образлар кенг учрайди. Адабиётда рамзий образлар 
ўрнини кенг маънода романтик образлар тушунчаси эгаллайди. 
Кейинги даврларда образ танлашда ўзига хос яна бир хусусият кўзга 
ташланмоқда: бу агар образ шахс бўлса, унга исм танланиши 
масаласидир. Албатта, бу анъана Навоийнинг Фарҳод, Мажнун, 
Ширин каби образлари; кейинчалик эса Қодирий асарларида Отабек 
бекларнинг отаси; уста Алим – олимлар устаси ёки Ўлмас 
Умарбековнинг “Қиёмат қарз” ҳикоясида келтирилган Сарсонбой 
ота – омонатини эгасига топшира олмай икки дунё ўртасида сарсон 
қаҳрамон; Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” қиссасидаги Мўмин чол 
– мўмин-қобил чол каби образларда яққол кўзга ташланган бўлса, 
ўзбек болалар шеъриятида ҳам аста-секин мазкур тушунчаларга 
эътибор қаратилди. Юқорида мазмун ва шаклий изланишларни 
мумтоз адабиётдаги намуналар яратилган давр (Навоий замонасидан 
то жадид адабиётигача бўлган давр), миллий уйғониш даври 


~ 71 ~ 
адабиёти ва ўзбек замонавий болалар шеърияти даври тарзида 
шартли даврлаштириб олган эдик. Мазкур хронологик тартибда 
ушбу даврда яратилган образлар ўзгаришларини ҳам таҳлил қилиш 
мақсадга мувофиқ бўлади. 
Мумтоз адабиётда қўлланилган образлар таснифида юқоридаги 
каби ҳолатни кўриш мумкин. Улар сафида реалистик образлар ҳам, 
рамзий образлар ҳам учрайди. Бундан ташқари, танланган образлар 
орасида нарса, шахс ва жониворлар ҳам бор. Реалистик образ айнан 
ҳаётдаги прототип эмас. Бунда образнинг характер хусусиятлари 
реал ҳаётда учровчи инсонлар табиатига мос келади. Реализм даври 
адабиётига хос хусусиятлар аввалдан мавжуд бўлган. Масалан, 
Навоий, Бобур ижодида учровчи реалистик характер хусусиятлари 
билан ҳаётга яқин турган қаҳрамонларни кўплаб учратиш мумкин. 
Бобур ижодидаги реалистик образлар прототиплар билан боғлиқ. 
Умуман, унинг ижодидаги реаллик мемуарликка уйқаш. Лекин 
Навоий асарларидаги айрим образлар ўз хусусиятлари билан реал 
инсонларга ўхшаш. Масалан, “Фарҳод ва Ширин”даги Шопур 
образини олайлик. У ўзининг содиқ дўстлиги, меҳнатсеварлиги ва 
бошқа қатор хусусиятлари билан тамоман реалистик бўлмаса-да, 
шунга яқин туради.
Мазкур давр адабиётида учровчи фантастик қаҳрамонларни 
тавсифлашда яна Навоий ижодига мурожаат қилиш мумкин. 
Фантастик қаҳрамонларни яратишда Навоийнинг башоратчилик 
қобилиятига ҳам тан бермай илож йўқ. Унинг тасаввур оламидаги 
нарсалар бугунги кунда реал ҳаётда мавжуд. Масалан, “Фарҳод ва 
Ширин”да ойна детали ўша давр учун ақлбовар қилмас тушунча, 
фантастик бўлиши мумкин. Аммо у бугун кундалик ҳаётимизда 
ойнайижаҳон кўринишида аллақачон мавжуд. “Садди Искандарий” 
асарида учровчи Маллу образи ҳам ўзида бир қанча мўъжизакор, 
тилсимли ҳаракатлари билан фантастик образнинг илк кўриниши 
сифатида намоён бўлади. Фантастик образлар реалистик образларнинг 
зидди ҳисобланиб, уларда ҳаётда учрамайдиган, хаёлий характер 
эгаларини кўрамиз. Мазкур образлар болалар хаёлотини бойитиб, 
уларнинг ижодий тафаккурини кенгайтиради, ижодкорликка ўргатади, 
шунингдек, санъатга қизиқишларини оширади. 
Ҳажвий образлар ўз ўрнида икки турда таснифланади: 
– сатирик образлар; 
– юмористик образлар. 


~ 72 ~ 
Ҳажвий образлар болалар адабиётининг ажралмас қисми 
саналади. Бу восита ўзининг жуда катта кучга эгалиги билан 
аҳамиятли. Шу ўринда ҳажвий образларни яратишдан кўзланган 
мақсад ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Жадид адабиётигача 
бўлган даврда ёзувчи ва шоирлар ҳажвий образлардан ўз сўзларини 
ифодалашда унумли ва ўринли фойдаланиб келганлар. Булар орасида 
болалар учун ёзилган асарлар сони кўп эмас. Лекин бола ёшида 
бўлган 6-синф ўқувчилари учун мўлжалланган “Адабиёт”дарслигида 
Муқимийнинг “Танобчилар” ҳажвияси келтирилади
55
. Ушбу асарни 
бола ҳажвий образни қабул қила оладиган намуна сифатида баҳолаш 
мумкин. Асарда Алихўжа билан Ҳакимжон образлари орқали ҳажвий 
қаҳрамонлар жонлантирилган. Мазкур қаҳрамонлар орқали адиб 
жамиятда учрайдиган нуқсонлар устидан аччиқ кулади. Уларни 
танқид қилади. Бу шундай танқид, шундай кулгики, шунчаки эмас, у 
бир ўқ, ўз нишонини кўзлаб олға борар экан, жамиятдаги қайсидир 
иллатни йўқ қилиши мумкин.
Мазкур ҳажвий образлар болалар учун қандай аҳамиятга эга? 
Болалар бу образлар орқали ўзларини кўрса, хатти-ҳаракатлари 
кулги қўзғатаётганини билса, ўша ишни қилмаслиги кераклигини, 
салбий одатлари бошқаларунинг устидан кулишига олиб келишини 
англаб етади.

Download 1.39 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   73




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling