Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов


ЎЗБЕКИСТОНДА ПСИХОЛОГИЯ ФАНИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ ВА ХОЗИРГИ АХВОЛИ


Download 0.58 Mb.
bet66/157
Sana05.02.2023
Hajmi0.58 Mb.
#1167266
1   ...   62   63   64   65   66   67   68   69   ...   157
Bog'liq
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)

ЎЗБЕКИСТОНДА ПСИХОЛОГИЯ ФАНИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ ВА ХОЗИРГИ АХВОЛИ



  1. ЎЗБЕКИСТОНДА ПСИХОЛОГИК ҒОЯЛАР ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ТАРИХИЙ ИЛДИЗЛАРИ



Зороастризм
Психологик билимларнинг пайдо бўлиши ва тараққий этиш тарихи, уларни вужудга келтирган, ўз таркибида сақлайдиган манбалар ҳақида гапирганда, биринчи навбатда турли диний таълимотлар тўғрисида сўз юритилади. Чунки турли дин асослари инсоннинг моҳияти, шахс хусусиятлари, ижтимоий муносабатлар тизими, ахлоқий масалалар каби инсон ҳаёт фаолиятининг ҳамма қирраларини ўзида акс эттиради. Маълумки, Мовароуннаҳр араблар томонидан эгалланиб, ислом дини тарқалгунга қадар бу ерлардаги халқлар Зороастризм динига сиғинганлар. Илмий адабиётларда Зороастризмни оташпарастлик дини деб аташ қабул қилинганлигининг асосий сабаби, бу диннинг сиғиниш маросимларида олов асосий атрибут бўлиб ҳисобланган. Лекин шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, қолган барча динларда ҳам бу атрибут, албатта, иштирок этади. Сиғиниш, дафн маросимларида оловнинг албатта иштироки бу фикримизни исботлайди. Бизнингча, инсон ҳаёт фаолиятида оловнинг бунчалик катта ўрин тутишининг бир неча ва албатта психологик изоҳи бор.
Биринчидан, агар биз ҳозирги замон фанидаги инсонинг эволюцион тараққиёти йўлини ҳақиқат ўрнида қабул қилсак, инсон қачонлардир оловга эга бўлгандан бери олов инсон учун хавф-хатардан, очликдан, совуқдан ҳимоя қилувчи восита бўлиб хизмат қилиб келди. Иккинчидан, қадимги табиий ва фалсафий таълимотларда олов оламнинг асосини ташкил этувчи тўрт унсурнинг бири ҳисобланади. Учинчидан, тўғридан-тўғри маънода олов ўзининг куйдириб кул қилиш хусусияти билан инсонлар онгида покловчи, халос қилувчи куч сифатида тасаввур қилинади. Тўртинчидан, оловда жозиба, маст қилувчи наркотик хусусият ҳам борки, оловнинг инсонни ўзига жалб қилувчи хусусиятларидан бири ҳам ана шу ҳисобланади.
Зороастризм – эрамизгача I минг йилликда Эронннинг шимолий-шарқий ва Марказий Осиё ҳамда Афғонистоннинг чегfрадош ҳудудларида пайдо бўлган диний таълимот. Турли манбаларда зороастризм издошларини маздаяснийлар, праслар, оташпарастлар, ҳам деб аталади. Зороастризм номи дининг асфсонавий асосчиси Зардўшт (бошқача, Заратуштра, Заратустра; грекча Зороастр) номи билан боғлиқ. У тарихий шахс бўлиб эрамизгача VII асрда яшаган, деб тахмин қилинади. Зороастризмнинг қадимийлиги ва кейинчалик издошларининг қувғин қилиниши унинг кўплаб манбаларининг йўқолишига сабаб бўлган. Хозирги тақиқотчилар асосан IV-VI асрларда ёзилган ибодатлар, урф-одатлар ва таълимотлар тўплами - Авестога таянишади. Ўзининг бутун мавжудлик даврида зороастризм эрон қабилалари орасида индоарий жамоаси давридан мавжуд бўлган космоногоник тасаввурлар (κοσμογονία; κόσμος “олам”, “коинот” + γονή “туғилиш” — оламнинг яратилиши, хаосдан коинотнинг пайдо бўлиши хақидаги афсоналар, кўплаб мифологияларнинг асосий бошланғич сюжети) дан озуқа олиб, ўз навбатида янги ғоявий ва диний тизимлар: митраизм, манихейчилик, шунингдек маздакийчилар ҳаракатининг пайдо бўлишига сабаб бўлди.
Зороастризм эътиқодининг асосида ҳамма яхши ва фойдали нарсалар: ёруғлик, иссиқлик, ер, хайвонлар ва ўсимликларни яратган “Доно тангри” – Яратувчи худо Ахурамазда (шундан маздаяснийлар номи келиб чиққан), хақидаги тасаввурлар ётади. Художўй зардўштийнинг ҳаёт мақсади – “Доно тангрига” у яратган нарсаларни ҳимоя қилиш ва кўпайтиришда: оловни сақлаш, хайвонларни кўпайтириш, ерни ишлаш, қурилиш, хунармандчилик ва савдо билан, фарзандларни катта қилиш билан шуғулланиб ёрдам беришдан иборат. Ахура-Мазда (бошқачаси: Ормузд, Хормузд)нинг рақиби ёвузлик рухи Анхра-Майнью (бошқачаси: Ахриман) бўлиб, совуқни, ўлимни, душманликни, зарарли хайвонлар ва хашоратларни ва х.з. ларни у яратган. Зардўштийлар ўлимдан кейин мукофотга лойиқ бўлиш учун булар билан курашишни ўзларининг мажбуриятлари, деб биладилар.
Табиат кучлари, ходисалари ва ижобий сифатлар Ахура-Мазданинг сафдошлари ёки унинг намоён бўлиш шакллари ролида гавдаланади: Амеша Спента – “Боқий авлиёлар”, Boxy Мана – “Эзгу фикр”, Аша Вахишта –“Энг яхши хақиқат”, Хшатра Варья – “Илоҳий ҳокимият”, Спента Армаити – “Тақводорлик”, Амеретат – “Мангулик”, Хаурватат – “Яхлитлик, бутунлик”. Зорорастризмда (бунгача индоарий қабилаларда ҳам мавжуд бўлган) “тўғри турмуш тарзи”, одам фикрлари ва олийжаноблигининг поклигини англатадиган “Олий хақиқат” – Арта тушунчаси сақланган. Хақиқат Анхра-Майньюнинг ажралмас сифати бўлган ёлғончилик, бузуқлик – Друджга қарама-қарши қўйилган. Бутпарастликдан йироқ бўлган зороастризм маросимларда оловга сиғинишни эзгуликнинг тимсоли, Артанинг рамзи сифатида кўз қорачиғидай сақлаган. Махсус ёқилган олов зардўштийлик ибодатхоналарида юз йиллаб ёниб турган, шундан зороастризмнинг яна бир номи – “оташпарастлик” келиб чиққан.
Рухнинг ўлимдан кейинги мавжудлиги хақидаги тасаввурлар солих Вираф хақидаги ривоят (“Арда-Вираф-нама”), зардўштий рухонийсининг нариги дунёга саёхатида акс этган: “адолат тоғи” ёнида Чинват кўприги бор, ундан фақат солихларгина ўта оладилар, гунохкорлар эса тубсизликка қулаб тушадилар. Зардўштийлар аралаш (миллатлараро, ирқлараро) никох ва рўзани тан олмайдилар, улар муҳитида маиший чекловлар қаттиққўллик билан сақланади.
Зороастризм – сезиларли ўзгаришларга учраган мураккаб дин. Даставвал Авестода оламни эзгулик Худоси бошқаради, деб талқин қилинган. Кейинчалик иккита қарама-қарши куч – Эзгулик (Ахура Мазда) ва ёвузлик (Ахриман) тан олинган. Қадимги Эрон афсоналарида улар, ака-ука, Вақтнинг фарзандлари, деб тасвирланган. Олам тарихи даврлардан иборат, кураш даври, эзгуликнинг ғалабаси даври, кейин ёвузлик даври, яна кураш – ва нихоят Эзгуликнинг узил-кесил ғалабаси.
Зороастризмда биринчи марта Жаннат ва Дўзах аниқ ажратилган, Қиёмат қойим ва ўлимдан кейинги ҳукм долзарблаштирилган. Зороастризм – қадимий динлар орасида энг ахлоқий дин ҳисобланади. Кейинчалик “этиканинг олтин қоидаси”га айланган: “Бошқаларга бахт тилаган одамгагина бахт берилади”, деган сўзлар айнан Заратуштрага тегишли. Зрорастризм таълимоти вужуд ва рух поклигини тарғиб қилган. Жасаддан жирканиш ва бугунги кун назарида ғаройиб дафн маросими шундан келиб чиққан: ўликни тезда бургутларга ем бўлиши учун махсус минорага олиб бориб ташлашган, ўлик жасад қанча тез йўқ бўлса, шунча яхши, деб ҳисобланган. Зороастризмнинг “ахлоқ кодекси” диққатга сазовор. Бу қоида қадимий онг гуманизмнинг юқори чўққисига чиққанини кўрсатади. Масалан, “хеч ким билан душманлик қилма, хеч кимга ёмонлик тилама, ҳар бир йўловчига мехмондўстлик қил”. Итни ўлдириш ҳам, солихни ўлдиргандек гунох ҳисобланган. Замонавий тадқиқотчилар фикрича, Зороастризм диний гуманизмнинг биринчи намунаси бўлган..
Зардўштийларнинг кам сонли жамоалари хозирги кунда Язда, Кармана, Бомбей, Карачида ўз урф-одатлари ва маданиятлари билан сақланиб қолган. XVIII асрда зардўштийлик диний адабиётларининг таржима қилиниши билан зороастризм Эроннинг расмий дини бўлган Сосонийлар подшолиги даври исломгача адабиётини тизимли ўрганиш бошланди.
Авестода Мовароуннаҳрда яшаган қадимий халқларнинг маданияти, диний-фалсафий тасаввурлари, сиёсат, ахлоқ, маиший ҳаёт, адабиёт, астрономия, биология, география, тарих, табииёт каби билимлари ҳақидаги бой материал ўз аксини топган.
Авесто бешта китобдан иборат бўлиб, биринчи китоб Ясна деб аталади. Уни ташкил қилувчи Гаталар, асосан диний-билиш мадҳияларидан иборат бўлиб, 72 та “Ҳа”ёки “Хат” деб аталувчи бобларга бўлинади.
Иккинчи китоб “Висперд” 24 боб ёки “Карде” (Ҳаракат) дан, диний маросимлардан ташкил топган.
Учинчи китоб “Вендидат” (Девларга қарши қонун) 22 боб (Фаргердалар) дан иборат диний ҳуқуқий қонунлардан ташкил топган.
Тўртинчи китоб “Яшталар” - 21 бобдан иборат. Яшталарда якка худолилик ва меҳр-шафқат фаришталари улуғланади. Яшталар Заратуштра таълимотини Ўрта Осиё халқларининг қабилавий маросимлари билан боғлайди.
Бешинчи китоб Хорде Авесто ёки Кичик Авесто – кундалик ибодат вақтлари, йиллик муқаддас кунлар ва диний байрамларни аниқлаш учун ёзилган.
Авестодаги асосий ғоя эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш ғоясидир. Гаталарнинг бутун мазмуни ҳаётнинг турли томонларига, ҳаёт фаолияти ва ахлоқ маросимларига қаратилган. Гаталарда бутун дунё икки сферадан иборат, деб уқтирилади. Бири ердаги реал, вужудий ҳаёт, иккинчиси тасаввурий, руҳий ҳаёт. Гаталарнинг асосий хусусияти шундаки, уларда кўпроқ ердаги реал ҳаётга эътибор қаратилади. Масалан, Яснанинг 5-бобида айтилади: “Биз Ахура Маздани тирик жонзот ва адолатни, роҳатбахш сув ва ўсимликларни, ёруғлик, ер ва барча қулайликларни яратганлиги учун, унинг буюклиги ва яхши подшолик қилаётганлиги, яхши санъати учун улуғлаймиз”.
Вендидатнинг 33-бобида реал ҳаётни, шу билан бирга одамлар тасаввурларининг қанчалик ҳаётийлигини кўрсатувчи яна шундай далиллар бор: Ким овқат емаса, хуш хулқлик ишни амалга оширишга куч тополмайди ва ўз эр-хотинлик вазифасини бажара олмайди, авлодни давом эттира олмайди. Ҳар қандай моддий жонзот овқат билан тирик: овқатсиз у ҳалок бўлади.
Зороастризм ва ундан кейин ислом дини тарқалган даврда Ўрта Осиё ва Эронда Манихейчилик ва Маздакизм кенг тарқалади. Мани (216-276 й.) таълимоти бўйича ёруғлик олами - эзгулик ва зулмат олами ёвузлик мавжуд. Ҳар икки олам ўртасида омонсиз кураш оқибатида эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонади ва инсон ўзининг бутун хулқ атвори, бутун ҳаёти билан ўзидан ёрқин зарралар чиқариб, ёруғликнинг зулмат устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши керак. Шунинг учун одам бошқа бировни, ҳайвонларни ўлдиришга, жароҳат етказишга, оловга, сувга, ўсимликларга зарар етказишга ҳаққи йўқ. У ахлоқий, пок ҳаёт кечириши керак.
Маздакизмда - Манихейчиликдан фарқ қилиб, диний - фалсафий масалалардан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларга ўрин берилган. Маздак таълимотига кўра, энг катта ижтимоий иллат бу жиловлаб бўлмайдиган очкўзлик ва қашшоқликдир. Булар жамиятдаги ҳасад, нафрат, қасоснинг сабабчиларидир. Жамиятдаги ана шу иллатларга қарши курашиш ва уларни йўқотишга интилиш худога хизмат қилиш деганидир.
Шуни тан олиш керакки, Зороастризм, манихейчилик, маздакизмдаги бу тасаввурлар кундалик ҳаётимизда, бошқачароқ кўринишда яшаб келмоқда. Психологик механизмга кўра, инсон ўйлаётган, гапираётган пайтда ўзидан маълум қувват ажратиб чиқаради. Фикр ва сўз самимий, эзгу бўлса ажралаётган қувват ижобий бўлади ва яхшилик ишларга сабаб бўлади. Фикр, сўз ёвуз бўлса, ажралаётган қувват салбий бўлади, бутун бир одамлар тўпламининг салбий қувватлари бирлашиб катта ёвузликларга сабаб бўлиши мумкин. Агар оломонда шундай ёвуз кайфият мавжуд бўлса, бу оламон ўзи англамаган ҳолда, вахшийлик қилиши ҳам мумкин. Оммавий психологик ҳодисалар ва кайфиятнинг юқумлилиги қонуниятларига кўра бир неча одамлардан тарқалаётган қувват бирлашиб катта кучланишдаги қувватга айланади, кучни янада оширади ва тобора кўпроқ одамлар онгини қамраб олади. Агар қувват ижобий бўлса қаҳрамонликларга, агар қувват салбий бўлса турли хунрезликларга сабаб бўлади.
Шу фикрни алохида таъкидлаш жоизки, Авестода, шунингдек Манихейчиликда илгари сурилган асосий ғоя, инсоннинг табиат билан уйғунлиги, табиатни асраш, инсоннинг ўз хулқ атворини поклаш учун интилиши замонавий тиббий ва психологик таълимотларда эътироф этилаётганидек психологик саломатликнинг омилларидир. Маздакизм ғоясига кўра ўзидаги хасад, нафрат ва қасосни жиловлай олган инсон ўз-ўзини бошқариш имкониятига эга бўлади.
Замонавий онтопсихология, экзистенциал психология йўналишлари таълимотида ўз-ўзи ва борлиқ билан келиша олган, уйғунлаша олган инсонда невротик бузилишлар, психологик муаммолар бўлмайди, деб таъкидланади.
Зороастризмнинг буюк ахамияти шундаки, бу диний таълимот ижтимоий муаммолар таркибида инсоннинг ўзига, унинг шахсий психологик барқарорлигини ижтимоий муаммоларни бартараф қилиш воситасида таъминлашга алохида эътибор қаратган, бу далиллар шу заминда яшаган қадимий аждодларимиз қанчалик тафаккурга ва дунёқарашга эга бўлганликларини кўрсатади.



Download 0.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   62   63   64   65   66   67   68   69   ...   157




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling