Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов
Нақшбандия ва ўз-ўзини тарбиялаш муаммоси
Download 0.58 Mb.
|
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)
Нақшбандия ва ўз-ўзини тарбиялаш муаммоси
Муҳаммад ибн Муҳаммад Жалолиддин Хожа Баҳовуддин Нақшбанд 1318 йилда Бухоро шаҳри яқинидаги Кўшки Ҳиндувон (кейинчалик Қасри Орифон) қишлоғида туғилган, ўз таҳсил ва тарбиясини Сайид Мир Кулол ва Бобо Самосийдан олган. Сайид Мир Кулол маърифатли руҳоний бўлиб, Афлотун ва Арасту фалсафасини, имом Исмоил Бухорий, Мусо ат-Термизийларнинг китобларини мутолаа қилар, тасаввуфга доир китоблар ёзар эди. Ўша вақтда дарвеш-қаландарларининг баъзилари уй-жойсиз, бошпанасиз, икки дунё бир қадам, деб сафарларда юрсалар, бошқалари - ўзлари танлаган пирлари, устозлари қошида билим, тарбия олишар ва хонақоҳга вақфлардан, хайру-садақалардан тушган неъматлар билан яшар эдилар. Баҳовуддин Нақшбанд дарвешларнинг ҳаёт тарзини ислоҳ қилиб, бутунлай ўзгартирди. У сўфийлар, дарвешларнинг таркидунёчилик қилишга, бу дунё ишларидан этак силкиб, қўлни ювиб қўлтиққа уришига қарши чиқди. У дарвеш ва сўфийларни ўзларининг осойишта, беҳавотир яшашлари, бировларнинг қўлига қараб қолмасликлари учун ҳалол меҳнат ва ҳунармандчилик билан шуғулланишга чақирди. Бу соҳада ўзи ибрат кўрсатиб, дастгоҳда тўқувчилик қилиб, нақш боғлаб, шогирдларига ҳунар ўргатди. Баҳовуддин қисман ҳазрати Султон ул-орифин Аҳмад Яссавий изидан бориб, унинг нафс ва таъмагирликни қоралашига амалий жавоб тариқасида, биринчилардан бўлиб, дарвеш, сўфийларнинг ҳам меҳнат, касб, ҳунар билан шуғулланиб, ҳам илм маърифат олишини ёқлаб чиқди. Баҳовуддин Нақшбанд руҳоний, сўфий, дарвешнинг қўли меҳнатда, хаёли Худои таолода бўлиши керак, деб ҳисоблади ва бу таълимотни ихчам, лўнда қилиб: ”Дил ба ёру, даст ба кор” сўзларида теран ифодалади. Нақшбанд ўрнатган бу янги удумга амал қилувчилар кундан-кунга, йилдан-йилга ошиб борди. Бутун бошли дарвешларнинг жамоалари, минглаб қаландарлар тинч, осойишта ҳаётга қайтдилар. Улар ҳақ таоло йўлида маърифат ҳосил қилиш билан бир вақтда ишлаб, ўзларини ўзлари боқа оладиган даражага етдилар. Шайхнинг издошлари кўпайди. Шу тариқа Нақшбандия тариқати юзага келди. Нақшбандия таълимотида хурфикрлиликка кенг йўл берилган. Бу сулукдагилар меҳнат қилиш, илм олиш, ўз меҳнати билан топилган бойлик ҳалол бўлиши, ноз-неъматларни кўпчилик билан баҳам кўриш, фақирона ҳаёт кечириш, ҳаммага яхшиликни раво кўриш ғояларини илгари сурганлар. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ижодига Нақшбанд ахлоқий-фалсафий қарашлари беқиёс таъсир кўрсатган. Алишер Навоий Нақшбандга катта ҳурмат билан қарар эди. Шунинг учун улуғ шоир асарларида унинг номи тез-тез учраб туради. Хусусан, Навоий ўзининг “Ҳайратул-аброр” достонида Нақшбанд таърифига 15 банд бағишлаган. Шоир ҳар бир байтнинг ҳар мисрасида шеъриятнинг такрор санъатидан фойдаланиб, “нақш”, ва шу сўз билан боғлиқ “нақшбанд”, “наққош”,”мунаққаш” каби сўзларни 30 марта қўллаган ва шу усул билан Баҳовуддин Нақшбанднинг фазл ва камолотини таъриф ва тавсиф этган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Баҳовуддин Нақшбанд тариқати ахлоқий тизими аввалги тасаввуфлардан бироз фарқ қилади. Нақшбандия таълимотида инсон табиат неъматларидан лаззатланиши, аммо лаззат ҳисси Оллоҳни эсдан чиқаришга, у дунёни унутишга хизмат қилмаслиги, инсон ботиний Ҳақ-Оллоҳ билан, зоҳирий халқ билан бўлиши, инсон ҳаётни, табиатни севиши лозим, деб тушунтирилади. Сўфий ҳақ билан шундай ботиний муносабатда бўлсинки, халқ уни Холиқ билан ҳеч қандай алоқадорлиги, боғлиқлиги йўқ, деб фикр юритсин. Сўфийнинг бу хатти-ҳаракати восилликка, фонийликка халал бермайди. Нақшбандия тариқати ушбу 4 тамойил асосида қурилган: 1. Ҳилват дар анжуман. 2. Сафар дар ватан. 3. Назар дар қадам. 4. Хуш дар дам. 1. Ҳилват дар анжуман. Нақшбанд таълим берадики, инсонлардан холи, ҳилватда яшашда, ёлғизликда офат бордир. Жамоага уюшиш, суҳбат-анжуман қуриш, табиат ва кўпчилик билан алоқада, мулоқотда бўлиш керак. Ҳамжиҳатликда яшашнинг асосий шартларидан бири – ўз қўл-кучи, меҳнати билан ҳалол ризқ-рўз топиб кун кечириш, тирикчилик қилишдир. Бу ҳолат қул сақлаш, хожа бўлиш, ўз манфаати учун ўзгалар меҳнатидан фойдаланишни истисно этади. Қул бўлишлик, хожалик бандаликка тўғри келмайди. Ҳамма Оллоҳнинг қули, хизматкори. Хожа эса биргина Оллоҳнинг ўзи. 2. Сафар дар Ватан. Баҳовуддин Нақшбанд ахлоқий таълимидаги бу рукннинг мазмуни шуки, сўфийлар бир ерда, ҳилватда, узлатда яшаши керак эмас, дунёни сайру саёҳат қилиш, Оллоҳ яратган гўзалликларни кўриб, унинг қудратини томоша қилиш лозим. Сайру саёҳатдан инсон онги ўсиб, Оллоҳ мўъжизаларидан огоҳ бўлади. 3. Назар дар қадам. Бу рукн таълимида инсон ҳар бир қадамини ўйлаб, фикрлаб босиши, бир иш қилишда ҳар бир хатти-ҳаракатини мулоҳаза, мушоҳада қилиши, сўнггида пушаймон бўлмаслиги, бахтсизлик, ғам-аламга ўз ихтиёри билан юз бурмаслиги керак. 4. Хуш дар дам. Инсоннинг бу дунёси муваққат, умри ўлчанган, вақт ғанимат. Бу ҳаёт ноз-неъматлар маскани. Табиат эса ўйноқи, ноз карашмали, ҳаёт азоб-уқубатларга тўла. Инсон ҳаёт қийинчиликлари қаршисида қанот синдирмасдан, сабр-бардош билан, куч сарфлаб, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиши керак. Бунинг учун инсон фаолиятда-ҳаракатда бўлиши керак. Бадан-тан сиҳатлиги, ақл қувватини ишга солиш, кўнгил зорига қулоқ тутиш, ҳар ишни тажрибада синаб кўриш, оз сўзлаш, кам ейиш, тежамкорлик, нафсни жиловлаш каби ахлоқий хатти-ҳаракатига инсон ўзи ҳоким бўлиши лозим. Нақшбанд таълимоти фундаментализм қарашларига, яъни инсонни барча яхши ва ёмон сифатлари Оллоҳдан деган тушунчага салбий муносабатда бўлган ва ирода эркинлиги, яъни тақдир Оллоҳдан, феъл, аъмол, ҳаракат инсондан, деган ғояни илгари сурган. Баҳовуддин Нақшбанд тариқат аҳлининг одобига алоҳида эътибор берган. ”Яхши феъллар ва яхши амаллар ҳалол луқмадандир”. Демак ҳар бир қилинаётган ҳаракатда пок дилнинг пок нияти бўлиши керак. Ана шундагина ҳар бир оилага қут-барака ёғилади, фарзандларнинг тарбияси камолот йўли сари ўзгаради. Баҳовуддин Нақшбанд Ҳақиқат йўлидан борувчи кишилар албатта, ҳалол луқмага риоят этишлари лозим деганлар. Бу тариқат аҳли ўз ҳалол меҳнати билан топган нарсага қаноат этиб, нафсини бошқара оладиган кишиларни қадрлайдилар. Ҳазрат айтганлар: Ҳеч мо нею, ҳеч мо кам не Аз паи ҳеч мо ғам не. Мазмуни, бизда ортиқча ҳеч нарса йўқ бўлса-да, бизнинг ҳеч кимдан камимиз йўқ ва ҳеч нарсани, деб ғамимиз ҳам йўқ. Инсон вужуд нафсини жиловлаб, машаққат орқали, меҳнат орқали покликка эришади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling