Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гулистон давлат университети


Download 0.74 Mb.
bet36/96
Sana18.10.2023
Hajmi0.74 Mb.
#1708686
1   ...   32   33   34   35   36   37   38   39   ...   96
Bog'liq
МАЪРУЗА

Ижтимоий иш технологиялари.



“Ижтимоий фанлар кам ривожлангани сабабли инсоният ҳозиргача ижтимоий фалокатлар билан курашишда ожиз ва энергиянинг барча турлари орасида олийси бўлган ижтимоий-психологик қувватдан фойдалана билмайди. Биз тентакни ақлли қилиш, жиноятчини ҳалол қилиш, лапашангни иродали мавжудотга айлантириш қобилиятига эга эмасмиз. Кўпинча биз “яхшилик” қаерда-ю, “ёмонлик” қаерда эканини билмаймиз, билган тақдиримизда эса нафсга қарши кураша олмаймиз. Биологик тиббиёт мукаммалликдан узоқ бўлса, “ижтимоий-психологик” тиббиёт ҳали зародишда ҳам вужудга келмаган. Шунинг учун ижтимоий фалокатларга қарши кураш инсоният аҳмоқлиги тарихининг ёрқин ифодасидир. Жиноятчиларни биз дор ва қамоқхона ёрдамида тўғри йўлга соламиз, руҳий беморларни соғлом одамни ҳам аҳмоққа айлантириб қўядиган жиннихона ёрдамида даволаймиз; ижтимоий тўлқинланишларни пулемётлар ва қамал қилиш билан, тентакликни эса синф хонасида кўп йиллик аҳмоқлаштириш ёрдамида, очларнинг эҳтиёжини ўлим ёрдамида, бузуқликни фоҳишахоналар ёрдамида даволаймиз”.

П. Сорокин


Методлар - мақсадга эришиш йўлида қўлланиладиган амаллар ва операциялар йиғиндисидир. Ижтимоий ишда эса улар бирор-бир мақсадга эришиш муайян (илмий-тадқиқот ёки амалий) масалани ҳал қилиш усулидир.


Илмий тадқиқот усуллари олимлар аниқ маълумотлар олиш учун қўллайдиган амаллар ва воситалар йиғиндиси бўлиб. улардан илмий назариялар ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш учун фойдаланадилар.
Ўзгартириш усуллари, аниқроғи ижтимоий воқеликни ўзгартириш усуллари, бу – ижтимоий хизматчининг мижозга ёки ижтимоий муҳитга муайян вазифаларни ҳал қилиш мақсадида таъсир ўтказиш усулидир. …
Агар ўзгартириш методларини тасниф қилишга асос қилиб шахс ёки ижтимоий бирлик хулқ-атворига таъсир ўтказиш кўрсаткичларини оладиган бўлсак, уларнинг уч гуруҳини ажратиш мумкин: ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-буйруқ ва психологик-педагогик усуллар.
Ижтимоий-иқтисодий усуллар ўз таркибида ижтимоий соҳа мутахассислари мижозларнинг моддий ва маънавий, миллий, оилавий ва бошқа манфаат ва эҳтиёжларига таъсир ўтказадиган барча усулларни бирлаштиради. Ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжлар ва манфаатларга таъсир ўтказиш методлари натура ёки пул билан ёрдам бериш шаклида; имтиёзлар бериш, бир марта бериладиган ёрдамлар ва компенсациялар шаклида; патронаж ва маиший хизматлар кўрсатиш шаклида; маънавий рағбатлантириш, санкциялар ва бошқалар шаклида қўлланилади.
Ташкилий-буйруқ методлари англанган ижтимоий ва меҳнат интизоми, бурч ва масъулият сингари мотивларга йўналтирилган бўлади. Уларнинг ўзига хос хусусияти тўғридан-тўғри таъсир ўтказишдир, чунки улар аввало чегараловчи, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади. Усулларнинг бу гуруҳида ташкилий ва буйруқ методлари орасидаги баъзи фарқларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ташкилий методлар ижтимоий хизмат органларининг турли бўғинларида ҳуқуқлар, ваколатлар, мажбуриятларни мустаҳкамлаб қўяр экан, ижтимоий хизмат вазифаларини бажаришга “олдиндан” бошқарув таъсири ўтказади. Буйруқ усуллари вазифаларни тезкор бажариш, куч ва воситаларни қайта тақсимлаш, йўл-йўлакай вужудга келадиган вазифаларни ҳал қилиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беради. Ташкилий усуллар билан узвий боғлиқ бўлар экан, улар ижтимоий ишнинг бошқариш органлари тизимига тезкорлик ва ғайрат бағишлайди.
Асосий ташкилий-буйруқ усуллари қуйидагилар: регламентлаш, меъёрлаш ва йўриқ бериш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, талаб қилиш, танқид ва ўз-ўзини танқид, назорат қилиш, ижрони текшириш ва бошқа методлар.
Регламентлаш ижро учун мажбурий бўлган ташкилий қоидалар (буйруқлар, намунавий низомлар, лавозим йўриқномалари, штат жадвали ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш ва амалга киритишдан иборат.
Меъёрлаштириш эса ижтимоий хизматчи фаолиятида мўлжал вазифасини бажарадиган меъёрлар (хизмат кўрсатиладиган мижозлар миқдорининг меъёри, хизмат кўрсатиш вақтининг меъёри ва бошқалар)ни белгилашдан иборат.
Йўриқномалар бериш вазиятни, вазифаларни, пайдо бўлиши мумкин бўлган қийинчиликларни мижознинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари оқибатларини тушунтиришда, эҳтимолий хатоликлардан огоҳлантириш, ҳатти-ҳаракатлар тўғрисида маслаҳатлар бериш ва бошқалардан иборат. Ижтимоий ишда йўриқномалар бериш, одатда, мижозга унинг фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишга қаратилган маслаҳатлар, ахборот ва услубий кўмак шаклида бўлади.
Психологик-педагогик методлар мижозга унинг ўзини-ўзи ҳис қилиши ва хулқ-атворини бошқариш мурватларига таъсир ўтказиш орқали бавосита таъсир қилиши билан характерланади.
Шахсий хулқ-атвори кўп жиҳатдан ижтимоий-психологик ҳодисалар: жамоатчилик, гуруҳ фикри, кайфиятлари, диди, истаклари, майллари, мода ва бошқалар билан белгиланади. Мулоқот маҳсули сифатида вужудга келган ижтимоий-психологик ҳодисалар нисбий мустақилликка эга бўлади ва одамларнинг хулқ-атвори, ҳатти-ҳаракатларига тартиблаштирувчи таъсир ўтказади.
Шахс (гуруҳлар) маънавий-ахлоқий ҳолатига ва хулқ-атворига педагогик таъсир ўтказиш мурвати одам онгига муайян ижтимоий вазият ва шарт-шароитлардаги хулқ-атвор тамойиллари ва меъёрларини, барқарор қарашларини шакллантириш манфаатлари йўлида мақсадга йўналтирилган таъсир ўтказишни назарда тутади.
Психологик-педагогик методлар жумласига ишонтириш (ижтимоий иш амалиётида турли шаклларда, аввало, тушунтириш, маслаҳат, далилланган тавсиф, мижозга ижобий намуна ва фаол ҳаётий фаолиятда ибрат шаклида намоён бўлади), социологик тадқиқотлар, кузатиш, ижтимоий-психологик ташхис, уқтириш, маълумот бериш, меҳнат ва турмуш шароитини инсонийлаштириш, меҳнатга жалб этиш ва ижодий имкониятларини намоён қилиши учун имкониятлар яратиш, урф-одатлар, анъаналар ва бошқалардан фойдаланиш кабилар киради. Бу гуруҳдан мижозлар фаолияти натижасини ўрганиш, ижтимоий терапия (индивидуал терапия, гуруҳ терапияси, меҳнат терапияси, ўзини-ўзи тарбиялаш терапияси, мунозара терапияси, психотерапия, оилавий терапия, ўйин терапияси, социодрама, психодрама ва бошқалар) тазарру усулини кўриб чиқамиз.
Мижозлар фаолияти натижаларини ўрганиш (“таржимаи ҳол усули”) кенг маънода ҳаракатлар натижасини, киритилган ўзгаришларни ҳаёт мавқеидаги, қадриятлар тизимидаги реал силжишларни ўрганишдан иборатдир. Тор маънода эса, мижозлар фаолияти натижасини ўрганиш муассаса раҳбарлари режалари ва ҳисоботларини, кундаликларни, журналлар ва бошқа ҳужжатларни; фаолият маҳсулотларини (натижаларини): иншолар, техник ишланмалар, қўлбола ўйинчоқлар, кўргазмали қуроллар, кино- ва видеофильмлар, микро- фото- ксерокопиялар (босма, график, қўлёзма материаллар); масаланинг тарихи ва назарияси бўйича маълумот каталоглари; мавзули картотекалар; магнит тасмасига ёзиб олинган суҳбатлар, маърузалар, мунозаралар (улар қайта тинглаб таҳлил қилиш учун қулай); машинка матнига кўчирилган қоғоз ёзувлари; фотосуратлардан иборат. Буларнинг бари белгиланган вазифаларни бажариш, эришилган натижалар тўғрисида фикр юритиш имконини беради.
Ижтимоий терапия (терапия (юнонча) - ғамхўрлик, қаров, даволаш) – шахсга ёки шахслар гуруҳига ҳиссиётлар, импульслар, фикрлар, муносабатларни тартибга солиш масаласида мунтазам, мақсадга йўналтирилган ёрдам бериш учун бажариладиган тадбирлар (И. Г. Зайнишев).
Терапия қуйидаги функцияларни бажаради: даволаш (мижозга унинг муаммоларини ечишда тиббиёт хизматчилари билан биргаликда ёрдам кўрсатиш); ижтимоий тараққиёт (мижозни фаол гуруҳ фаолиятига қўшиш, мижознинг ижтимоий саломатлигига ижобий таъсир кўрсатувчи “биргаликдаги ривожланиш” жараёнини ташкил қилиш); манфаатларини ҳимоя қилиш (ҳуқуқлари чекланаётганлар ёки жамиятдаги ижтимоий заиф мавқели одамлар эҳтиёжларини тушунтириш). Шундай қилиб, ижтимоий терапия “ижтимоий муолажа” методи сифатида; таълим ва касбий йўналтириш билан боғлиқ таъсир ўтказиш методи сифатида; ижтимоий назорат қуроли сифатида; мулоқот воситаси функциялари сифатида кўрилиши мумкин..
Ижтимоий терапиянинг вазифалари: хулқ-атворни тузатиш, коррекция қилиш; дисфункцияларнинг олдини олиш; меъёрдаги тарақққиётни таъминлаш; шахснинг ўзини намоён қилишига кўмаклашиш.
Индивидуал терапия муаммолари конфиденциал тарзда ҳал қилиниши лозим бўлган (зўрлашлар, оилавий келишмовчиликлар ва ҳ.к.) мижозларга, яъни гуруҳ терапиясида иштирок этишни истамайдиганларга нисбатан қўлланади. Одатда, бир неча индивидуал машғулотдан кейин мижоз жамоа терапиясига ўтказилади, чунки бу усул анча самаралироқдир.
Гуруҳ терапияси - одамларнинг эмоционал бузилишлар ёки ижтимоий ноқулайликларни бартараф этишида кўмаклашиш учун (ижтимоий хизматчи ёки профессионал терапевт бошчилигида) гуруҳдан фойдаланишни англатади. Одатда, ҳар бир гуруҳ 6-8 кишидан иборат бўлади, машғулотлар давомийлиги эса ҳафтасига 90 минут. Қуйидаги гуруҳлар ташкил этилади: ўқув (билим олиш, ўз фикрини ифодалаш, шахсий муаммоларини муҳокама қилиш); ҳамкорликдаги фаолият (умумий бир иш: спорт билан, театрга бориб муҳокамалар ўтказиш ва бошқалар) билан шуғулланиш; ота-оналар; эркаклар ва аёллар. Психотерапевтик муолажага қуйидагилар киради: релаксация, пантомимик саҳналар, “конструктив мунозара”, ролли вазиятларни ўйнаш, биографияни сўзлаб бериш, аноним касаллик тарихини муҳокама қилиш, кўрган тушлари, хаёллари ва тасаввурларини баён қилиш ва бошқалар.
Оилавий терапия ижтимоий хизматчининг бир бутунлик ҳисобланадиган оила аъзолари гуруҳи билан олиб борадиган фаолият. Мутахассис оила аъзоларининг роллари, ўзаро мажбуриятларини ёритишга, уларни юмшоқроқ хулқ-атворга рағбатлантиришга ҳаракат қилади. Бунда оила тарихи эмас, балки гуруҳ аъзоларининг вербал ва новербал ҳатти-ҳаракатларидан фойдаланилади.
Меҳнат терапияси инсоннинг психофизиологик соҳасига -меҳнатнинг тетиклаштирувчи ва фаоллаштирувчи таъсирига асосланади. У одамлар орасидаги муносабатларни енгиллаштириб, ўртадаги хавотир ва тарангликни, оғриқли туйғуларни енгиллатиб, биргаликдаги меҳнатни ташкил қилиш имконини беради.
Ўзини-ўзи тарбиялаш терапияси ўзини ўрганишни, ўзига баҳо беришни; ўз шахсиятини қайта баҳолашни; ўзини таҳлил қилиш, ўтмишни қайта баҳолаш, индивидуал “психологик тўсиқлар”ни аниқлашни; “МЕН”нинг ёқимли тимсолини яратиш; ўзини ишонтириш, ўзини рағбатлантириш ва ўзига уқтириш усулларидан фойдаланиш; фаолият ва мулоқот вазиятлари; кундалик ҳаёт ва фаолиятда эришилган натижалардан фойдаланишни қамраб олади.
Мунозарали терапия гуруҳ аъзоларининг бир-бирлари билан танишиши; мижозлар кутаётган нарсалар ва уларнинг хавотирларини муҳокама қилиш; гуруҳдаги мижозлар кутаётган нарсалар ва гуруҳдаги воқелик ўртасида мавжуд номутаносиблик туфайли вужудга келган тарангликни муҳокама қилиш; гуруҳ раҳбарига нисбатан қаршиликнинг кучайиб бориши; бу қаршиликнинг ўтмишдаги ҳаёт тажрибаси билан боғлиқлиги, гуруҳ раҳбарига муносабат билан боғлиқ, мустақиллик, масъулият ва фаоллик билан боғлиқ бўлган муаммоларни очиш; ечиш лозим бўлган муаммога мос муносабатни шакллантириш, гуруҳ фаолиятида фаол иштирок этиш мотивациясини, гуруҳ анъаналари ва меъёрларига мосликни шакллантириш; гуруҳ ичидаги муносабатлар тадрижини таҳлил қилиш, уни ҳар бир қатнашчи муаммоларини ечиш билан боғлаш; муносабатларни коррекциялаш, нутқларни мустаҳкамлаш; терапия натижаларини муҳокама қилиш, якун ясаш; рефлексия.
Социодрама - жамоа, гуруҳ терапияси усули. Унинг моҳияти шундаки, ижтимоий гуруҳлар муаммолари ва гуруҳлар ўртасидаги турлича низоли муносабатлар стихияли тарзда ташкил этилган саҳналарда муҳокама тақдим этилади. Бунинг натижасида, бир-бирларининг муаммоларини очиқ муҳокама қилиш, суриштириш ва мавжуд ижтимоий-маданий тафовутларни драматик йўл билан тасвирлаш натижасида бир-бирларини тушунишга эришилади.
Психодрама - гуруҳ терапиясида қўлланадиган техника бўлиб, унда одам турли ролларни, масалан, ўзининг турли стресс вазиятлардаги ҳолатини тасвирлаши ёки ўзига муқобил ролларни ижро этиши мумкин. Бу эса унга ўз ҳис-туйғуларига таъсир этиш, хавотирлик ҳолатини бартараф қилиш, турли вазиятларда ўзини тўлароқ қўлга олиш, муаммога бошқа киши нуқтаи назаридан қарашга имкон беради.
Ўйин терапияси мулоқотни енгиллатиш учун қўлланадиган психотерапия шакли. Иштирокчилар вербаллаштириш қийин ёки мумкин бўлмаган турли вазиятлар ва низоларни тасвирлаш учун ўйинчоқлардан фойдаланадилар. Ўйин терапияси кўпинча болаларга нисбатан қўлланади, бироқ баъзи шароитларда катталар билан ишлаганда ҳам у яхши натижалар беради.
Тазарру методи психотерапия шакли бўлиб, у ижтимоий муҳит билан ўзаро алоқалардаги қийинчиликларни, руҳий стрессларни бартараф қилиш мақсадида қўлланади. Бу усул ижтимоий хизматчининг мижоз билан “яккама-якка” мулоқот қилишини тақозо этади. Кўпчилик динларда кўп асрлардан буён қўлланиб келаётган ижтимоий ишнинг бу усули ўзининг самарадорлигини, жумладан, махсус илмий тадқиқотлар натижаси билан ҳам тасдиқлайди. Ижтимоий иш усуллари таснифи учун таъсир ўтказилаётган одамлар миқдорини асос қилиб оладиган бўлсак, унда ижтимоий ишнинг индивидуал ва гуруҳ шаклларини ажратиш мумкин.
Индивидуал ижтимоий иш ижтимоий хизматчилар томонидан индивидларга уларнинг психологик, шахслараро, социоиқтисодий муаммоларини улар билан шахсан ўзаро таъсир орқали ечиш йўли билан ёрдам беришга қаратилган йўналиш, қадриятлар тизими, амалиёт туридир.
Гуруҳдаги ижтимоий иш ижтимоий ишнинг шундай шакли ва усулидирки, бир-бирларига манфаатлари яқин бўлган ва умумий муаммоларга эга одамларнинг кичик гуруҳи мунтазам тарзда тўпланиб туради ва умумий мақсадга эришиш учун ҳаракат бошлайди. Психотерапевтик гуруҳлардан фарқли равишда гуруҳдаги ижтимоий ишнинг мақсадлари эмоционал муаммоларни ечишга қаратилган бўлиши шарт эмас.
Ижтимоий ишда фақатгина шу касб учун хос бўлган усуллардан фойдаланилади. Улар жумласига ижтимоий ташхис қўйиш, танглик вазиятларига аралашиш, жамоада иш олиб бориш, кўчаларда иш олиб бориш усуллари киритилади.
“Ижтимоий ташхислар” (1917) китобида Мэри Ричмонд ўзининг иш усули ─ мижоз шахсиятини ҳам, унинг ижтимоий ҳолатини ҳам баҳолашни кўзда тутадиган ижтимоий ташхис қўйишни тақдим қилган эди. Ижтимоий кўмак унинг томонидан натижаси мижознинг ўзини ҳам унинг ижтимоий теварак-атрофини ҳам ўзгартириб юбориш бўладиган тадбирлар комбинацияси сифатида кўрилади. Ижтимоий тадбирларни Мэри Ричмонд бир-бирини ўзаро тўлдирадиган усулларга бўлган эди: даволашнинг бавосита усули ва даволашнинг бевосита усули. Бавосита усул шахснинг ташқи муҳитига таъсир этиши, бевосита усул эса мижознинг ўзига қарор ишлаб чиқиш учун фаол ҳаракатга ундаш мақсадида таъсир ўтказишидир.
Ҳозирги кунда ижтимоий ташхисларга (И. Г. Зайнишевга кўра) қуйидагилар киритилади:

  • зондаж қилиш - ахборот текшируви: инфратузилма, маҳаллий аҳоли сони, таркиби ва тадрижи тўғрисида маълумот тўплаш ва бошқалар;

  • ижтимоий-тарихий текширув: мазкур ҳудуднинг ўзлаштирилиши ва унда одамлар яшай бошлаши тарихини, маҳаллий аҳоли таркиби ўзгаришини, унинг машғулотлари ва анъаналарини ўрганиш;

  • турли ҳужжатлар, маҳаллий ва марказий матбуотдан олинган мақолалар, электрон ахборот воситаларидан, фуқароларнинг хатлари ва шикоятларидан олинган материалларнинг мақсадли-ахборот таҳлили;

  • ижтимоий картографиялаш: аҳоли орасида туғилиш ва ўлим тадрижи ва ижтимоий макондаги тарқалиши ҳаёт сифатининг турли табиий ва ижтимоий омилларга қанчалик боғлиқлигини таҳлил қилиш.




Ижтимоий ташхис қўйиш усулидан фойдаланган ҳолда жойнинг ижтимоий харитасини тузинг. Фуқаролар интенсив келиб-кетадиган, фойдаланилмайдиган, ифлосланган, ижтимоий тарангликлар бор, криминоген, ижтимоий муҳим ҳудудларни аниқланг.

Ижтимоий таранглик вазиятларига аралашув усули (бу усулдан биринчи марта АҚШда 1874 йилда, Черков оилада шафқатсиз муносабатга учраган қизчанинг тақдирига аралашганда фойдаланилган бўлиб, бутун мамлакат бўйича болаларга шафқатсиз муносабатда бўлишнинг олдини олиш жамиятлари тузила бошлаган эди.) ━ ўтиш даври туфайли ёки ҳаётдаги турли вазиятлар сабабли кескин танглик ҳолатида бўлган алоҳида одамлар оилалар ва гуруҳлар билан ишлашда қўлланади.


Жамоада иш олиб бориш усули анъанавий методларни мувофиқлаштириш воситаси бўлиб, фуқароларнинг манфаатлари, эҳтиёжларини қондиришнинг ижтимоий-сиёсий воситаси сифатида кўрилади. Жамоада иш олиб борилганда мижоз шахсий ва ижтимоий муаммоларнинг ўзаро узвий боғлиқлигини англашига эришиш вазифаси қўйилади. У низоли вазиятларни ҳал қилишга қаратилган бирдамлик ҳаракатларида фаол иштирок этиши лозим. Бунда қўлланиладиган усуллар муаммонинг моҳияти ва типини аниқлаш, сабабини таҳлил қилиш, режа ва стратегия ишлаб чиқиш, зарур ресурсларни жалб этиш, лидерларни аниқлаш ва ишга тортиш, жамият аъзолари ўртасидаги муносабатларни уларнинг қийинчиликларини енгиллаштириш мақсадида ривожлантиришдан иборат.
Кўчада иш олиб бориш ижтимоий ишнинг “очиқ” усули бўлиб, у кўчадаги муаммоларга йўналтирилган ва қуйидаги превентив тадбирларни қамраб олади:

  • назоратсиз (маргинал) ёшлар пайдо бўлишининг олдини олиш, айниқса, болалар ва ўсмирларнинг бўш вақтларини ўтказиш давомида йиғилиши пайтида “тасодифан” улар билан мулоқот ўрнатиш йўли билан профилактика қилиш;

  • кўчадаги ёшлар гуруҳларининг эҳтиёжлари ва алоҳида муаммоларини аниқлаш ва уларга тегишли индивидуал ёки гуруҳ ёрдами кўрсатиш;

  • гуруҳларнинг миқдорий жиҳатдан ўсиши олдини олиш, уларнинг парчаланиб кетишига ҳаракат қилиш ва улар фаоллигини унчалик агрессив бўлмаган ишларга йўналтириш;

  • кўчалардаги гуруҳлардан алоҳида қийин ўсмирларни ижтимоий хизматчиларнинг педагогик оталиғи остида бўлган ёшлар гуруҳларига жалб этиш учун ҳаракат қилиш;

  • болаларнинг кўчалардаги гуруҳлари учун бинолар излаш, улар билан ҳордиқнинг турли шакллари ва экскурсияларини уларнинг ижтимоийлашуви ёки қайта ижтимоийлашувини тезлаштириш мақсадида ўтказиш;

  • гиёҳвандлар билан алоқа ўрнатиб, уларни тегишли муассасаларга бириктириб қўйиш;

  • ўсмирларни ўз тенгдошларига ҳамкорлик ёрдами кўрсатишга тортиш, яъни улар орасидан ижтимоий педагог ва ижтимоий хизматчилар кўнгилли ёрдамчиларини шакллантириш.

Сўнгги пайтларда оғир ҳаётий вазиятларда бўлган фуқароларга ёрдам кўрсатиш учун йўналтирилган одамларни оптимал тарзда ўзгартириш, тартибга солиш усулларини ижтимоий иш технологияси деб аталмоқда (технология юнонча techne – кўникма, маҳорат, logos – таълимот сўзларидан олинган) ижтимоий иш технологияларидан соҳаси бўйича мутахассислар ижтимоий соҳа бўйича профессионалларни тайёрлашда устувор йўналиш сифатида фақатгина унинг индивидуал маҳорати, санъати, интуицияси ва шахсий жозибадорлигини эмас, назарий ва амалий тайёргарлигини олдинги планга қўйишади, чунки ижтимоий хизматчи ҳатти-ҳаракатларининг кўпчилиги - технологик фаолият бўлиб, унда маълум элементли муайян тизимлар, операциялар, кўрсаткичлар мавжудки улар янги шароитда осонгина намоён қилиниши ёки такрорланиши мумкин.
Ижтимоий муаммоларни ечиш технологияси (И.Г. Зайнишевга кўра) уч асосий босқични босиб ўтади:

  • назарий босқич мақсадли установкани шакллантириш, технологизациялаш предметини аниқлаш, тузилма таркибий элементларини, мижоз қўшилган сабаб-оқибат алоқалари ва муносабатларини аниқлашдан иборат;

  • методик босқич мижознинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни олиш йўллари ва усуллари, манбаларини танлаш, шунингдек, уни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш воситалари ва усулларини ўзгартириш фаолияти учун аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида танлаш;

  • процедура босқичи амалий фаолиятни ташкил этиш, ишлаб чиқилган тавсияларни текшириш, таклиф қилинган тавсиялардан фойдаланишдаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш ва ҳаракатлар алгоритмини ўрнатиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишни кўзда тутади.

Ижтимоий хизматчи фаолияти мақсад, муайян алгоритм (ҳатти-ҳаракатларнинг мантиқий кетма-кетлиги)га, ҳаракатлар андозаси ва меъёрларига, фаолият натижаларини баҳолашнинг объектив мезонларига эга бўлса, унда унинг иши технологияга мос эканлиги хусусида сўз юритиш мумкин.
Ижтимоий иш технологияларини тасниф қилиш масаласи анча мунозаралидир. Бундай таснифлардан бир нечтаси мавжуд. Мисол тариқасида биз В. В. Богдан ва В. Н. Ивановлар таснифини келтирамиз, унда қуйидагилар ажратиб кўрсатилади:

  • бошқарув стратегиясини излаш технологияси;

  • ижтимоий моделлаштириш ва прогнозлаш технологиялари;

  • ахборот технологиялари;

  • тадбиқ этиш технологиялари;

  • инновацион таълим технологиялари;

  • ўтмиш тажриба технологиялари.

Ижтимоий иш технологиялари унинг амалий жиҳатини акс эттиради, ижтимоий хизматлар ва профессионал кадрлар фаолияти самарадорлигини аниқлайди. Технологик жараёнларнинг моҳияти, мазмуни ва намоён бўлишидаги ўзига хосликларни ўзлаштириб олиш мутахассисни касбий тайёрлашдаги зарурий шарт ва асос ҳисобланади.



Download 0.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   32   33   34   35   36   37   38   39   ...   96




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling