18.1- чизма. Аудитни ўтказишнинг умумий методологик тартиби
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказишда қуйидаги кетма – кетликга амал қилиниши, шунингдек қуйидаги ишлар олдинма - кетин бажарилиши керак.
Биринчидан.Аудитнинг аниқ объектлари ва уларни текшириш кетма-кетлиги белгиланади. Объектларни текширишда кетма-кетликни тўғри танлаш ҳам катта рол ўйнайди, чунки объектлар ҳам ҳисоб нуқтаи назаридан, ҳам текшириш нуқтаи назаридан бир–бири билан узвий боғлиқ ҳисобланади. Бизнингча, юридик статуси тўлиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг йиллик молиявий ҳисоботлари бўйича ўтказилаётган аудитда унинг объектлари қуйидаги кетма- кетликда текширилиши лозим:
молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботнинг кўрсаткичлари (даромадлар, таннарх, давр харажатлари, шу жумладан харажатларга кирувчи солиқлар ва мажбурий тўловлар, солиқ базасига қайта қўшиладиган харажатлар, асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар, молиявий фаолиятдан олинган натижалар, солиқгача фойда, солиқга тортиладиган фойда, даромад (фойдадан ) солиқлар, соф фойда);
бухгалтерия баланси ва молиявий ҳисоботнинг бошқа шаклларининг моддалари (ҳар бир модда кўрсаткичлари бошланғич ҳужжатлардан асосида бухгалтерия ҳисоби счётлари ёзувлари бўйича текшириб чиқилади);
қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга амал қилиш ҳолати;
мол-мулк бутлиги, мансабдор ва моддий жавобгар шахслар фаолияти.
Иккинчидан. Ҳар бир объект бўйича текшириш тестлари тузиб чиқилади ва улар бўйича исботу-далиллар тўпланади.
Учинчидан. Ҳар бир объект бўйича текшириш натижаси аниқланади, яъни аудитор текширган объект бўйича ҳисоб маълумотининг тўғрилигини тасдиқлайди ёки унда қанчалик четланиш борлигини исботлаб беради.
Текшириш натижалари тегишли оралиқ ва йиғма жадваллар кўринишида расмийлаштирилади. Йиғма жадвалларнинг маълумотлари оралиқ жадвалларнинг якуний маълумотлари билан тўлиқ мос бўлиши керак. Четланишлар мавжуд объектлар бўйича ушбу четланишларнинг миқдорини, уларни нима ҳисобидан келиб чиқганлигини кўргазмали ифодалайдиган аналитик жадваллар тузилади. Тузилган жадваллар натижаларини аудиторнинг ҳисоботида акс эттирилади ва улар изоҳлаб берилади.
Олдинги бобда таъкидланганидек, ҳар бир текшириш объекти бўйича аудитор мумкин бўлган аудиторлик хатарини, яъни хатога йўл қўйиш эҳтимолини белгилаши, ушбу эҳтимолни имкони борича йўқга чиқариш лозим.
Кейинги параграфларда юқорида келтирилган умумий методология асосида хўжалик юритувчи субъектлар, чунончи хизмат кўрсатиш корхоналарининг молиявий натижалари асосий кўрсаткичлари ва баланс моддаларининг аудиторлик текширувидан ўтказиш тартибига тўхталиб ўтамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |