Йиллик режа назорати - айрим олинган бозор ва товарлар учун товар сотиш ҳажми, фойдаси ва бошқа кўрсаткичлари бўйича йиллик топшириқларнинг бажарилиш даражасини баҳолашдан иборатдир.
Йиллик режа назоратида сотув ҳажми, бозор ҳиссаси, сотув ҳажмининг харажатларга нисбати билан боғлиқ таҳлиллар, молиявий таҳлил, истеъмолчилар ва бозорда фаолият кўрсатувчи бошқа субъектларнинг фикрларини ўрганиш билан боғлиқ таҳлил ишлари ўтказилади.
Сотув ҳажми таҳлили ҳар бир товарнинг маълум бир бозорда ҳақиқатда қанча сотилганлиги ва бу борада кўзда тутилган мақсадга эришилган ёки эришилмаганлигини билиш учун ўтказилади.
Бозор ҳиссаси таҳлили эса муайян корхонанинг бозордаги бошқа рақобатчиларга нисбатан эгаллаган ўрнини билишга қаратилган бўлади.
Маркетинг ҳаракатларининг сотилган товарлар ҳажмига нисбатини таҳлил қилиш корхонага маркетинг харажатларининг самарадорлигини баҳолаш ва харажатларнинг қабул қилиш мумкин бўлган миқдорини белгилашга имкон беради. Кўпинча бундай таҳлиллар маркетинг ҳаракатларининг ҳар бир элементига нисбатан қўлланилади (реклама харажатлари, маркетинг тадқиқотлари харажатлари, сотишга бўлган харажатлар ва бошқалар).
Молиявий таҳлил сарфланаётган маблағларнинг қопланишига таъсир этувчи омилларни ўрганишни мақсад қилиб қўяди. Умуман олганда, бу таҳлил натижасида корхонанинг молиявий барқарорлигини таъминлашда маркетинг омилларининг роли аниқланади.
Истеъмолчилар ва бозорда фаолият кўрсатувчи бошқа субъектлар фикрларининг таҳлили мижозлар, дилерлар ва бошқа маркетинг фаолияти иштирокчиларининг корхонага нисбатан муносабатларининг ўзгаришини кузатишга асосланади. Бунинг учун сўровлар, суҳбатлар ўтказилади, оғзаки ва ёзма шикоятлар қайд этилиб, таҳлил қилинади.
Фойда даражаси назорати - ҳар хил товарлар, минтақалар, истеъмолчилар гуруҳлари, товар тарқатиш каналларининг фойдали ишлашини таъминлаш мақсадида баҳолаш ва бу борада ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ ҳаракатларни мужассамлаштиради. Бу назорат тури ҳар ҳафтада, ойда ёки ҳар кварталда бир марта ўтказилади ва йиллик режа назоратининг бир қисми ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |