Самарадорликни назорат қилиш. Корхонанинг маркетинг фаолиятининг самарадорлик даражасини фақатгина қисқа даврдаги фаолият натижаси билан аниқлаш шарт эмас. Юқори самарадорлик корхона ўзининг маркетинг сиёсатини стратегик масштабда тўғри олиб борганлиги билан ҳам тушунтирилади. Шу сабабли кўпгина корхоналар вақти-вақти билан бирваракайига корхонанинг маркетинг фаолияти самарадорлигини танқидий баҳолайдилар, яъни маркетинг фаолияти бўйича стратегик назоратини амалга оширадилар. Бу ерда маркетинг аудити асосида атрофлича баҳолашни ўтказиш катта аҳамият касб этади.
Маркетинг аудити деганда корхонанинг бутунлай ва унинг айрим субъектларининг мақсади, стратегияси ва маркетинг фаолиятининг айрим турларини атрофлича, систематик, ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган, холисона текширувини амалга ошириш тушунилади.
Маркетинг аудитининг асосий мақсади маркетинг фаолиятининг самарадорлигини ошириш учун қаерда, қандай муаммолар ва имкониятлар борлигини аниқлашдан иборатдир. Маркетинг аудити асосан ўзида тўртта муҳим хусусиятларни мужассамлантиради. Бу хусусиятлар аудит қамраб оладиган маркетинг фаолиятининг кенглиги, назоратнинг систематик тарзда олиб борилиши, назоратни ўтказишда ҳеч кимнинг монелик қилмаслиги ва назоратнинг доимийлигидадир.
Умуман олганда, маркетинг назорати корхонанинг рақобатбардошлигини таъминлашга ва самарали фаолият кўрсатишига хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири саналади.
4-Мавзу. МАРКЕТИНГ МУҲИТИ
Режа:
Корхонанинг микромуҳити ва унинг тавсифи.
Корхонанинг макромуҳити ва унинг тавсифи.
Корхонанинг микромуҳити ва унинг тавсифи.
Маркетинг муҳити деганда корхона маркетинг хизмати ходимларининг мижозлар билан яхши ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва бу муносабатларнинг сақланишига бевосита таъсир кўрсатувчи субъектлар ва кучларнинг мажмуи тушунилади. Муҳит доимий ўзгаришда бўлиб, корхонанинг фаолиятига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли маркетологлар муҳит доирасида бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатиб боришлари керак.
Одатда муҳитлар микромуҳит ва макромуҳитларга ажратилади.
Корхонанинг микромуҳити. Маълумки, ҳар қандай корхонанинг бирдан-бир мақсади фойда олишдан иборатдир. Бу ерда маркетинг бошқаруви тизимининг бош мақсади истеъмолчиларнинг талабига мос товар ишлаб чиқаришдан иборатдир. Бироқ, маркетинг хизмати ходимларининг ана шу мақсадга эришишларида корхонанинг бошқа бўлинмалари, воситачилар, рақобатчиларнинг фаолияти ҳам муҳим роль ўйнайди. Шундай қилиб, корхонанинг микромуҳитига таъминотчилар, воситачилар, мижозлар (истеъмолчилар) киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |