Тадқиқотнинг объекти - ўзбек тили сўзлашув ва бадиий-публицистик услубларида кенг тарқалган кўз, қўл ва юрак компонентли соматик иборалар.
Тадқиқотнинг предметини ўзбек тилидаги соматик фраземаларнинг шаклланиши ва семантик-прагматик тадқиқи ташкил этади.
Тадқиқот усуллари. Мавзуни ёритишда систем-структур, таснифлаш, тавсифлаш, когнитив, прагматик, лингвокульторологик таҳлил усулларидан фойдаланилди. Шунингдек, компонент ва лингвостатистик таҳлил усулларига ҳам мурожаат этилди.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
тадқиқот натижаларида прагматика, лингвокультурология ва когнитология соҳасига оид назарий фикрлар баён этилган ;
тил бирликларининг ментал моҳияти чуқурроқ очиб берилган;
кўз, қўл ва юрак компонентли соматик фраземаларнинг матндаги хилма-хил функционал-стилистик хусусиятларини аниқланган;
кўз, қўл ва юрак компонентли соматик фраземаларнинг семантик-прагматик таҳлили илк маротаба монографик планда ўрганилган;
тадқиқот натижаларидан келажакда лексикографик амалиётда, фраземаларнинг синонимик ва изоҳли луғатларини тузишда материал манбаи бўлиб хизмат қилиши, фразеология, лингвопрагматикага доир монографиялар, ўқув қўлланмалари яратилишида муҳим манба вазифасини бажариши назарда тутилган;
таҳлил давомида қўлга киритилган натижа ва хулосалар иш якунида умумлаштирилган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари: юзага келган илмий-фактик материаллардан ўзбек тилшунослигининг когнитология, фразеология, прагмалингвистика, лингвокультурология, услубшунослик, нутқ маданияти, бадиий матннинг когнитив-прагматик таҳлили ва бошқа соҳаларига оид танланма курслар, семинарлар ташкил қилиш ва амалий машғулотлар учун ўқув қўлланмалари яратиш ҳам мўлжалланган. Кўз, қўл ва юрак компонентли соматик фраземаларнинг семантик-прагматик таҳлилининг натижаларидан “Она тили” таълим тизимининг барча босқичларида фойдаланиш муҳим илмий ва амалий аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |