Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети


Download 300.38 Kb.
bet11/44
Sana13.05.2023
Hajmi300.38 Kb.
#1456897
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   44
Bog'liq
РАШИДОВА УМИДА

Кўз компонентли иборалар энг қадимги умумтуркий фразеологик қатламга киради. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» да кўз сўзи қатнашган 80 дан ортиқ, Ш.Раҳматуллаевнинг «Ўзбек тилининг фразеологик луғати» да 118 та шундай ибора мавжудлиги қайд этилган. Агар биз бу луғатларда қайд этилган кўз сўзи иштирокидаги ибораларнинг барча вариантларини ҳам инобатга оладиган бўлсак, уларнинг умумий сони 200га етади. А.Исаев «Ўзбек тилида соматик фразеологизмлар» номли тадқиқотида кўз компонентли иборалар тилимизда 127 та эканлигини қайд этган. Унинг таъкидлашича, кўз компонентли иборалар маҳсулдорлиги жиҳатидан рус тилида иккинчи, инглиз ва немис тилларида учинчи ўринни эгаллайди.
Шуниси муҳимки, кўз компонентли ФБлар инсоннинг чексиз ва турли-туман ҳис-ҳаяжонини, физиологик жараёнларини ифодалашга хизмат қилади, уларнинг асосий қисми структурал жиҳатдан от+феъл тузилишига эга бўлган феъл иборалардир. Масалан, кўз югуртирмоқ ибораси икки компонентли бўлиб, Ш.Раҳматуллаев луғатида қуйидагича изоҳланган: Кўз югуртирмоқ. Ким нимага ёки кимга. Тез ва юзаки қарамоқ. Варианти: кўз(и)ни югуртирмоқ66: Маҳкам атрофидаги болаларга кўз югуртириб олди (П.Қодиров, Уч илдиз); Шайх ака ўтиравериб зерикиб кетганми, залга кўз югуртириб, ёнида ўтирган Адҳам акадан сўради (О.Шарафиддинов, Ижодни англаш бахти).
Ш.Раҳматуллаев луғатида кўзини қисмоқ иборасининг тўрт маъноси келтирилган: 1) кўзни очиб-юмиш ишораси билан бирор фикрда бирдамлигини билдирмоқ; 2) кўзини очиб-юмиш ишораси билан воқеликка, фикрга қандай муносабатда бўлиш кераклигини билдирмоқ; 3) кўзини очиб-юмиш ишораси билан маълум бир фикрни атайлаб синаш учун айтаётганини билдирмоқ; 4) кўзини очиб-юмиш ишораси билан интим алоқада бўлиш истагини билдирмоқ [ЎТФЛ,148]. ЎТИЛда бу иборанинг фақат икки маъноси таъкидланган: 1) кўзни торайтирмоқ, юммоқ. 2) кўзини очиб-юмиб ишора қилмоқ [ЎТИЛ,2,585].
Ш.Раҳматуллаев луғатидаги кўз қисмоқ полисемантик иборасининг тўрт маъноси изоҳида ҳам кўзини очиб-юмиш ишораси билан бирикмасидан фойдаланилган, бу эса мазкур иборанинг ана шундай, кўз қисиш ҳаракати асосида шаклланганлигига ишора қилади. Кўз қисиш новербал ҳаракати замирида турли хил маъно нозиклиги бўлиши мумкин. Шунга биноан Ш.Раҳматуллаев луғатида кўз қисмоқ полисемантик ибораси изоҳида ана шу ҳаракатнинг маъно нозикликлари инобатга олинган; ЎТИЛда эса бу ибора изоҳида новербал ҳаракатга умумий тарзда ишора қилинган. Янги ЎТИЛда эса кўз қисмоқ ибораси моносемантик ибора сифатида қуйидагича изоҳланган: кўз қисмоқ – бирор нарсани билдириш, ишора қилиш учун кўзини (одатда биттасини) юммоқ, қисмоқ [ЎТИЛ, V, 444]. Агар икки томлик ЎТИЛда кўз қисмоқ ибораси изоҳи учун кўз мақоласида қисмоқ феълига ҳавола қилинган бўлса, янги ЎТИЛда кўз қисмоқ ибораси бевосита кўз мақоласининг таркибида изоҳланган. Тўпланган мисоллар таҳлили кўз қисмоқ ибораси ифодалаган маънонинг яна ҳам кенг эканини кўрсатди. Хусусан, мазкур ФБнинг қандай маънода келаётгани нутқда у қайси сўз билан бирикиб келаётганига боғлиқ. Яъни кўз қисмоқ ибораси бириккан сўз унинг маъносини ойдинлаштиришга хизмат қилади:
1. Тасдиқ маъноси: Комила, ҳа, дегандай кўзларини маънодор қисиб қўйди (Ойбек, Олтин водийдан шабадалар).
2. Тинчлантириш маъноси: Умаров “босиқ бўлинг” деган маънода Эртоевга кўз қисди (О.Ёқубов, Эр бошига иш тушса); Аббосхон ўз навбатида, «ишинглиз бўлмасин, парво қилманг», дегандай ишора қилиб кўз қисди (Абдулла Қаҳҳор, Сароб).
3. Ҳазиллашиш маъноси: -Сен ўлгур нима қилиб хира пашшадек келолмай қолдинг? - деди. Адолат деган қиз унга кўзини қисиб, маъноли илжайиб қўйди. -Ҳой опа, унақа дема. Низом поччамиз-ку (С.Аҳмад. Уфқ).
4. “Ҳаммаси яхши” маъноси: Комил савол назари билан Эртоевга қаради, бироқ у “Ишлар жойида” деган маънода кўз қисди. (О.Ёқубов, Эр бошига иш тушса); Абдулазиз хотиржам бўлинг дегандай кўз қисиб қўйди (С.Аҳмад, Жимжитлик).
5. “Гапирманг” маъноси: ...Кейин, айтманг, дегандай, кўз қисиб қўйди (Ойбек, Олтин водийдан шабадалар).
6. Маъқулламоқ: Сайрамов баъзи туплардаги кўсакларни санади ва хурсанд бўлиб, чолга кўзини қисиб қўйди (Ойбек, Олтин водийдан шабадалар).

Download 300.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling