Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти «ижтимоий фанлар» кафедраси
IX. БОБ. Бизнес фаолятида юридик хизмат кўрсатиш
Download 186.7 Kb.
|
бизнес хукуки кул ох
- Bu sahifa navigatsiya:
- 9.2. Юридик хизматнинг ҳуқуқий ҳолати.
- 9.3.Юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари.
IX. БОБ. Бизнес фаолятида юридик хизмат кўрсатиш.
Режа: 9.1. Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши. 9.2. Юридик хизматнинг ҳуқуқий ҳолати. 9.3. Юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари. 9.1. Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституциясида фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш ва инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун мамлакатимизда босқичма-босқич бозор иқтисодиётига ўтиш, давлат мулкини хусусийлаштириш, тадбиркорлик фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш зарур. Бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати муҳим роль ўйнайди. Республикамиз мустақилликка эришгандан кейинги қисқа давр ичида юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва бурчларини тартибга солиш, қонунийликни таъминлашда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш заруриятидан келиб чиқиб бир қатор қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1991 йил 10 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш қоидалари”да қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ишига ҳалқ хўжалиги тегишли тармоқларининг юридик хизматларини жалб қилиш белгиланган. Бу билан давлатнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида юридик хизмат роли кучайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки, унда биринчи марта Адлия вазирлигига юридик хизмат ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишни ташкил қилиш вазифалари юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1992 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги 523-сонли қарори билан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан умуммажбурий тусдаги норматив ҳужжатларни Адлия вазирлигига ҳуқуқий жиҳатдан экспертиза қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим қилишни таъминлашни ҳамда ҳар 5 йилда адлия органлари билан юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида шартномалар тузишни топширди. Мазкур қарор билан Адлия вазирлиги ҳақидаги Низом тасдиқланди. Низомда республика вазирликлари, давлат қўмиталари, идораларининг юридик хизматларига услубий ёрдам кўрсатиш, ушбу идораларнинг уларга қарашли республика корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Шу муносабат билан бу соҳада Адлия вазирлигининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди. Масалан, унга бошқарув идоралари ва корхоналарнинг юридик хизматлари ҳуқуқий иши ва фаолияти аҳволини текшириш ҳуқуқи берилди; Адлия вазирлигининг юридик хизмат фаолиятини ва ҳуқуқий ишларни яхшилаш борасидаги йўриқнома ва кўрсатмалари мажбурий тусга эга эканлиги қайд қилинди. Иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш, корхоналар юридик хизмати ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солиш, қонунчиликни таъминлаш борасида уларнинг роли ва масъулиятини ошириш заруриятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1993 йил 2 мартдаги 118-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналаридаги юридик хизмат тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлади. Ушбу Низом – мустақил Ўзбекистон Республикасининг юридик хизмат ҳуқуқий мақомини тартибга солувчи биринчи норматив ҳужжати бўлиб, у 12 бандни қамраб олган кўйидаги 3 бўлимдан иборат: 1) юридик хизмат ходимлари лавозимини эгаллаш тартиби; 2) бошқарув органлари ва корхоналар юридик хизматининг вазифалари; 3) юридик хизматнинг ҳуқуқи ва масъулияти. Мазкур Низом нафақат давлат бошқарув органлари ва корхоналари юридик хизматининг, балки барча мулкчилик шаклларидаги корхоналар юридик хизматининг ҳуқуқлари, бурчлари ва масъулиятларини белгилайди. Низомга мувофиқ олий ўқув юртлари кейинчалик юридик хизмат ходими бўлиб ишлайдиган талабалар учун таҳсилнинг охирги курсида амалий кўникмалар ҳосил қилиш учун бевосита давлат бошқарув органлари ва корхоналарда стажировка ташкил этадилар. Низом юридик хизматнинг ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатларнинг қонунга мувофиқлигини текшириш борасида ҳуқуқ ва масъулиятини оширган. Низомнинг 9-в бандига мувофиқ корхона ҳуқуқий актларини, уларнинг амалдаги қонунга мувофиқлиги тўғрисидаги юридик хизматнинг визаси бўлмаса, чиқарилишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Низомда юридик хизмат ходимларининг унда кўзда тутилган вазифаларни бажармаганликлари учун жавобгарлиги янада аниқ белгиланган ва адлия органларига юридик хизмат ходимларини жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар қилиш ҳуқуқи берилган. 1997 йил 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида яна бир бор қонун лойиҳаларини тайёрлашга ҳалқ хўжалиги тегишли тармоқларининг юридик хизматлари жалб қилиниши кўрсатиб ўтилди. Бу билан юридик хизматнинг қонун ижодкорлигидаги иштироки қонун даражасида мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида” 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1938-сон Фармонининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 177-сонли қарорида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди ва Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шартнома интизомига риоя қилиши учун шахсий жавобгарлигини кучайтириш юзасидан жойларда амалий ишлар олиб борилишини таъминлаш, бунда юридик хизматлар ўрнини мустаҳкамлашни, барча қонун ҳужжатларининг амал қилишини ва хўжалик судлари қарорларининг сўзсиз ижро этилишини назарда тутишлари лозимлиги таъкидланди. Хўжалик юритувчи субъектларнинг хўжалик-молиявий фаолиятига давлат органлари томонидан асоссиз аралашишларни олдини олиш мақсадида қонун ва бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларда юридик хизматга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 ноябрдаги 496-сонли қарори билан тасдиқланган “Хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишни ўтказиш Тартиби”да - кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг, товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси аъзоларининг ишлаб чиқариш ва молия фаолиятларини барча текширишлар Палата ва унинг ҳудудий тузилмалари юридик хизматларининг мажбурий иштирокида амалга оширилиши қайд қилинган. Юридик хизматнинг шартномавий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш соҳасидаги вазифалари ва ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунида аниқ белгилаб қўйилди. Хулоса қилиб айтганда, республикамизда амалда бўлган юридик хизмат, ҳуқуқий ишлар ва унга услубий раҳбарлик қилиш тўғрисидаги қонунчилик: - ҳуқуқий ишлар ва юридик хизмат мазмуни, моҳияти, вазифалари ва тамойилларини очиб беради; - ҳуқуқий ишнинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини ва давлат ҳамда жамият ҳаётининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда юридик хизматнинг иштирок этишини, ишлаб чиқариш самарадорлигини ва меҳнат сифатини ошириш учун ҳалқ хўжалигида ҳуқуқий иш аҳамиятини белгилайди; - юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми-функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда масъулиятини белгилайди; - мамлакатда юридик хизмат тизимини, уни ташкил қилишни ва давлат бошқаруви органлари ҳамда мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар фаолияти асосларини белгилайди; - юридик хизмат фаолиятига раҳбарлик қилиш вазифаларини, унинг моҳияти, йўналиши ва шаклларини таърифлайди. 9.2. Юридик хизматнинг ҳуқуқий ҳолати. Тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 19 январдаги қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат тўғрисидаги Низом» ва бошқа бир қатор қонунлар ва меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Шунингдек, юридик хизматнинг ҳуқуқий мақоми тегишли тармоқ ва корхоналар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ички низомлар, юридик хизмат ходимларининг мансаб йўриқномалари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам белгиланиши мумкин. Низомга мувофиқ олий юридик маълумотга эга бўлган шахс бошқарув органларида ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналарда юрисконсульт бўлиб ишлаши мумкин. Вазирлик, давлат қўмитаси, идора ва республиканинг бошқа бошқарув органи юридик бўлинмасининг бошлиғи ёки юрисконсульт лавозимини эгаллаш учун камида 5 йиллик юрисконсульт иш стажига эга бўлиши зарур. Давлат бошқарув органлари ва корхоналар, ёш мутахассислар ва ҳомиладор аёллардан ташқари, барча юридик хизмат ходимларини 5 йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг адлия бошқармаларига қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш учун юборишга мажбурдирлар. Республикамизда илгари амалда бўлган низомлардан фарқли ўлароқ 1993 йилги Низомда юридик хизматнинг асосий вазифалари алоҳида кўзда тутилмаган. Бироқ, хозирги замон талабларидан келиб чиқиб корхоналар юридик хизматининг мажбуриятлари янада аниқроқ баён қилинган. Низомнинг 9-бандида корхоналар юридик хизмати: а) корхона ишинининг ҳуқуқий таъминланишини ташкил этади; бўлинмаларнинг ўзаро муносабатларини ва бўлинмаларнинг иқтисодий жавобгарлигини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатлар тизимини, корхонанинг ишлаб чиқариш-хўжалик ва ижтимоий фаолиятининг бошқа масалаларини тайёрлаш ва жорий қилишда иштирок этади; корхонада белгиланган ички хўжалик даъволарини қўзғаш ва кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади; иқтисод, молия, ҳисоб-китоб хизматлари ва бошқа бўлинмалар билан биргаликда корхонанинг хўжалик фаолияти натижаларини иқтисодий-ҳуқуқий таҳлил қилади, самарасиз харажатларнинг таркибини ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини, баланс ҳисобидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари аҳволини ўрганади, суд ва тергов органларига жўнатиш учун пул маблағлари ва товар-моддий бойликларнинг камомади ва уларни ўғрилашлар бўйича материалларни расмийлаштиради; б) қонунчилик актлари, юқори бошқарув органларининг норматив ҳужжатларини, корхона маҳаллий норматив актларининг тартибга солинган ҳисобини ва сақланишини ташкил этади; бошқа бўлинмалар билан биргаликда корхонанинг идоравий ҳужжатларини тартибга солиш ишларини олиб боради; в) корхона раҳбарига имзолаш учун тақдим қилинаётган буйруқлар ва ҳуқуқий мазмундаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини текширади ва уларга виза қўяди. Корхона ҳуқуқий актларини, уларнинг амалдаги қонунга мувофиқлиги тўғрисидаги юридик хизматнинг визаси бўлмаса, чиқарилишига йўл қўйилмайди; д) бошқа корхоналар билан хўжалик шартномалари, шунингдек, чет эл компаниялари ва фирмалари билан контрактлар тайёрлаш, тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилишга оид ишларда қатнашади, шартномалар ва контрактлар лойиҳаларига виза қўяди; е) талабнома-даъво ишларини олиб боради, судда, хўжалик судида, шунингдек, бошқа органларда ҳуқуқий масалалар кўрилаётганда белгиланган тартибда корхона манфаатларини ҳимоя қилади; талабнома ишлари агар бошқа бўлинмалар томонидан олиб борилса, бу ишга раҳбарликни амалга оширади; ж) моддий бойликларни ҳисобдан чиқариш ҳужжатлари, бузилишлари ва суиистеъмолликлар топилган тафтиш ва қайта рўйхатга олиш актлари бўйича ҳуқуқий хулосалар беради; з) меҳнат жамоаси томонидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожланиш масалаларини ҳал этишда, ўзини-ўзи бошқаришни амалга оширишда қонунчиликка риоя этилишига ёрдам беради; жамоа шартномасини тайёрлашда ва тузишда қатнашади, меҳнат жамоаси кенгашига, касаба уюшмаси қўмитасига ва бошқа жамоат ташкилотларига ўз ваколатларини амалга оширишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади; и) юридик умумий ўқувни ташкил этишда ва уни амалга оширишда, ходимларни амалдаги қонунлар билан таништиради, уларни қўллаш тажрибасини тушунтиради; к) корхона фаолиятида қонунчиликни бузиш ҳолларини олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриш учун раҳбарни хабардор қилади. Низомнинг 10-бандига мувофиқ юридик хизмат қуйидаги ҳуқуқларга эга: а) давлат бошқарув органи, корхона, тузилма бирликлари фаолиятида қонунчиликка риоя этилишининг аҳволи билан танишиш; тафтиш ўтказишларда ва қайта рўйхатга олишларда қатнашиш; б) мансабдор шахслардан давлат бошқарув органларида, корхоналарда белгиланган тартибда ҳужжатлар, маълумотномалар, ҳисоб-китоблар ва ўз бурчларини бажариш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни олиш; в) раҳбариятга қонун бузишларнинг бартараф этиш, келтирилган зарарни қоплаш, амалдаги қонунларнинг бажарилишини таъминламаган ёхуд бузаётган бўлинмалар ва хизматларнинг раҳбарларини, бошқа ходимларни жавобгарликка тортиш ҳақида таклифлар тақдим этиш; г) давлат бошқарув органи ва корхона раҳбарияти билан келишилган ҳолда норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, шунингдек, ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ юридик хизмат томонидан ўтказиладиган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун бошқа бўлинмалар ва хизматларнинг ходимларини жалб этиш; д) давлат бошқарув органи, корхона раҳбарияти томонидан чақириладиган ҳайъат мажлисларида, тегишли кенгашларда иштирок этиш. Муайян ҳуқуқларга эга бўлиш билан бирга юридик хизмат ўзига юклатилган мажбуриятларни бажарилиши учун, юридик хизмат бошлиғи эса юридик хизмат фаолияти, ва ўзига юклатилган функцияларни бажарилиши учун шахсан жавоб беради. Юридик хизмат ходимлари Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига мувофиқ ушбу Низомда кўзда тутилган вазифаларни бажармаганликлари учун интизомий ва моддий жавобгардирлар. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги органлари давлат бошқарув органлари, корхоналарнинг юридик хизмат ходимларини ўтказиладиган текширишлар натижалари бўйича улар ўз хизмат вазифаларини бажармаганликлари учун интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимнома киритишга ҳақлидирлар. Юридик хизмат ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустақил ва уларга турли хилдаги тоифалар сифатида қараб бўлмайди. Агар фуқаро давлат томонидан берилган у ёки бу ҳуқуқдан фойдаланиш-фойдаланмасликни ўзи ҳал қилса, юридик хизматга берилган ҳуқуқ эса унинг давлат олдидаги бажарилиши зарур бўлган вазифаси ҳам ҳисобланади. Масалан, юридик хизмат ўз корхонасида қонунчиликка амал қилишни текшириш ҳуқуқига эга бўлибгина қолмай, балки бундай текширишларни амалга ошириши ҳам лозимдир. Шу билан бирга юридик хизмат ҳуқуқи корхона маъмурияти ёки бўлинмаси учун мажбурият ҳисобланади. Масалан, юридик хизматнинг норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун бошқа бўлинмалар ва хизматлар ходимларини жалб қилиш ҳуқуқи бир вақтнинг ўзида тегишли бўлинма ва хизматлар раҳбарларининг зарур ходимларни ажратиш мажбурияти ҳамдир. Шунингдек, Низомнинг 7 бандида кўзда тутилган корхонанинг юридик хизматни бир маромда ишлаши учун шароитлар яратиш мажбуриятига юридик хизматнинг ушбу шароитни яратишни талаб қилиш ҳуқуқи сифатида қараш мумкин. Юридик хизмат ходимларига ҳуқуқий ишларга тааллуқли бўлмаган бошқа ишларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди. Юридик хизматга юклатилган вазифаларни бажаришга ва унга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга мансабдор шахслар томонидан қаршилик кўрсатилиши оқибатида қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етса, бундай мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг органлари тақдимномаси бўйича юридик жавобгарликка тортиладилар. Шундай қилиб, юридик хизматнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилиши унинг ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш шароитларида қонунийликни таъминлаш борасидаги фаолиятини такомиллаштиришда, обрў-эътиборини ва аҳамиятини оширишда муҳим рол ўйнайди. 9.3.Юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари. 1. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунчиликни таъминлашда юридик хизматнинг роли. Юридик хизматниннг корхона фаолиятида қонунчиликни таъминлаш борасидаги ишлари – унинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Корхоналар юридик хизмати бу соҳадаги фаолияти қуйидаги функцияларни – ташкилий, назорат, ҳуқуқий тарбия, ахборот-маълумотнома ишларини – олиб бориш билан амалга оширилади. Юридик хизматнинг ташкилий функцияси – унинг қонунчиликни таъминлаш бўйича ташкилий ишлари, шунингдек ҳуқуқий ишлар даражасини янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқишда ўз ифодасини топади. Ушбу функция бошқарув органлари юридик хизмати вазифаси сифатида қонунчиликда аниқ белгиланган. Унга кўра юридик хизмат бошқа тарбия бўлинмалари билан биргаликда марказий аппаратда ҳамда бошқарув органи тизимида қонунчиликнинг тўғри қўлланишини таъминлашга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади (юридик хизмат тўғрисидаги Низомнинг 8-а банди) . Юридик хизматнинг назорат функцияси – у бажарадиган вазифалар ҳажми ва ваколат доираси бўйича асосий функция ҳисобланади. Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши унинг қонунчиликни таъминлашга қаратилган фаолиятида мустақиллигини кучайтиришга йўналтирилганлигини кўрсатмокда. Натижада юридик хизмат ходимлар нафақат корхона раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсларга ҳуқуқий масаларда маслаҳатлар беради, балки қонунчиликка риоя қилиш устидан назорат қилиш функциясини ҳам кенг кўламда амалга оширади. Юридик хизмат корхона фаолиятига тааллуқли бўлган барча қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини, шу жумладан юқори бошқарув органлари норматив ҳужжатлари, корхона лоқал ҳужжатлари ижроси устидан назоратни олиб боради. Юридик хизматни назорат функцияси – ички идоравий назоратнинг таркибий қисми ҳисобланиб, у қуйидаги воситалар орқали амалга оширилади. 1. Юридик хизмат корхона раҳбарига имзолаш учун тақдим қилинаётган буйруқлар ва ҳуқуқий мазмундаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини текширади ва уларга виза қўяди. Ҳуқуқий таҳрир қилиш-юридик хизматнинг ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан ўтказадиган ишининг асосий мазмунидир. Турли хил вазиятлар юрисконсультдан юқори тезкорликни, принциплиликни, муайян ички сезгини ва албатта қонунчиликни, ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятларини билишни талаб қилади. Матнларни юрисконсульт томонидан таҳрир қилиниши қабул қилиниши лозим бўлган ҳужжатда ноаниқликларни олдини олишга, кўрсатмаларни ҳар хил изоҳлаш имкониятини йўқотишга қаратилган. Юридик хизмат, биринчидан, амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни тартибли ҳисобга олиш ва сақлашни ташкил қилган ҳолда уларни тўғри қўлланилишини таъминлаш чораларини кўради; иккинчидан, иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш талабларидан келиб чиққан ҳолда қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида таклифлар тайёрлашда фаол иштирок этади; учинчидан, хўжалик шартномалари лойиҳаларини тайёрлаш, уни тузиш ва ижросини назорат қилишга оид ишларда қатнашади; тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашувларни олдини олиш бўйича тегишли ҳуқуқий чора-тадбирларни кўради, судда ва бошқа органларда корхона манфаатларини ҳимоя қилади. 2.Корхонанинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжатларни қонунга мувофиқлиги нуқтаи назаридан текшириш юридик хизмат назорат функциясини амалга оириш воситаларидан бошқа бири ҳисобланади. Бу ҳолатда юридик кучга кирган ҳужжат текширилади ва бундай ҳужжатнинг қонунга зидлиги аниқланса, юридик хизмат томонидан тегишли чоралар кўрилади. Бундай чоралар жумласига: таркибий бўлинма раҳбарига қонун бузилиши моҳиятини тушунтирган ҳолда, ҳуқуқий ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилишни таклиф қилиш: корхона раҳбарини таркибий бўлинма раҳбари томонидан қонуний ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиш киради. 3.Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибга риоя этилишини назорат қилиш ҳам юридик хизматнинг қонунда белгиланган назорат функцияси ҳисобланади. 4.Корхона ва унинг таркибий бўлинмаларида қонунчиликка риоя қилишини ўрганиш ва умумлаштириш ҳам юридик хизмат томонидан назорат функциясини амалга оширишнинг алоҳида воситаси ҳисобланади. Бу ишлар одатда бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда олиб борилади. Масалан, юридик хизмат иқтисод, молия, ҳисоб-китоб хизматлари билан биргаликда корхонанинг хўжалик фаолияти натижаларининг иқтисодий-ҳуқуқий таҳлил қилади, самарасиз ҳаражатларнинг таркибини ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини, баланс ҳисобидаги дебторлик ва кредиторлик қарзлар аҳволини ўрганади. Юридик хизматнинг маълумотнома-ахборот фаолияти ўз ичига қуйидагиларни олади: а) норматив ҳужжатлар фондини ташкил қилиш; б) таркибий бўлинмаларни норматив ҳужжатлар матни билан таъминлаш; в) норматив ҳужжатлар матнига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиб бориш, бекор қилинган норматив ҳужжатларни фойдаланишдан чиқариш ва бу хақда таркибий бўлинмаларни хабардор қилиш; г) хўжалик, жиноят ва фуқаролик судлари амалиёти материалларини йиғиш; д) амалдаги қонунлар билан ходимлар, мансабдор шахслар ва жамоат ташкилотларини таништириш (бунда жумладан, компьютерлар, деворий газеталар, стендлар ва бошқа етказиш йўлларидан фойдаланиш мумкин); е) амалдаги қонунларни ва суд амалиётини қўллаш тартибини тушунтириш. Юридик хизматнинг хўжалик шартномалари (контрактлар) тузиш ва уларнинг ижросини таъминлашда иштироки. Мустақил республикамизда ўтказилаётган иқтисодий исло-ҳотлар, маъмурий буйруқбозлик тизимидан воз кечиш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида туб ўзгаришларни амалга оширишни ва биринчи навбатда ишлаб чиқариш-хўжалик алоқалари ўрнатишнинг бозор муносабатларига мос шакл ва услубларни яратишни тақазо қилади. Бозор муносабатлари шароитида эса шартномалар – барча мулк шаклидаги корхоналар, шунингдек тадбиркорлар, ҳамда бошқарув органлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ўрнатувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади. Шартномаларнинг хизмат роли ва иқтисодий муно-сабатларни ўрнатишнинг янги тамойиллари ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси; мулк; кооперация; ижара; тадбиркорлик; деҳқон, фермер, ширкат хўжаликлари; хўжалик жамиятлари ва ширкатлари; акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; банклар ва банк фаолияти; чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторлар-нинг кафолатлари; хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилган. Корхона шартнома-ҳуқуқий ишларни ташкил қилиш мураккаб жарён бўлиб, унда деярли корхонанинг барча таркибий бўлинмалари иштирок этади. Шунинг учун ҳам бу ишни ташкил қилиш бўйича корхонада лоқал ҳужжат (низом, йўриқнома ва ҳ.к) ишлаб чиқилади. Ушбу ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилиши мақсадга мувофиқдир; - шартномани тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг таркибий бўлинмалар (тегишли мутахассислардан) ўтиш тартиби ва муддатлари; - шартномани расмийлаштириш учун масъул бўлган тегишли таркибий бўлинмалар, мансабдор шахслар ва мутахассислар вазифаларини тақсимлаш; - шартномани расмийлаштириш учун масъул бўлган тегишли таркибий бўлинмалар, мансабдор шахслар ва мутахассислар вазифаларини тақсимлаш; - шартнома лойиҳаларини ишлаб чиқиш тартиби, шунингдек шартнома шартларини тегишли бўлинма ва хизматлар билан келишиш тартиби; - шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш жараёнида вужудга келган келишмовчиликларни контрагентлар билан ҳал қилиш бўйича бўлинма, хизматлар ва мансабдор шахсларнинг вазифалари; - шартномалар ва бошқа шартномавий ҳужжатларни ҳисобга олиш ва сақаш тартиби; - шартнома бажарилишини таъминлаш мақсадида корхона таркибий бўлинмаларига шартнома шартларини етказиш тартиби; - шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш тартиби; - шартномавий ишлар таҳлили ва уни мукаммаллаштириш бўйича таклифлар киритиш тартиби; -шартнома интизомини мустаҳкамлаш мақсадида корхона мажбуриятларининг бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ талабномалар ва даъво аризаларини тақдим қилиш (кўриб чиқиш) учун материалларни йиғиш тартиби; - талабномалар, даъво аризалари ва уларга жавобларни (фикрномаларни) тайёрлаш тартиби; - ушбу материалларни қайд қилиш ва сақлаш тартиби; - корхона ва контрагентлар талабномалари ва даъво аризаларини кўриб чиқилиши, шунингдек хўжалик судлари қарорлари бажарилиши устидан назорат қилиш; - талабнома-даъво ишлари, шунингдек талабнома-даъво ишларини ташкил қилишнинг бошқа масалаларини таҳлил қилиш. Бу вазифаларни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларда фаолият кўрсатаётган юридик хизматнинг ўзига хос ўрни бор. Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати: - хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини, шунингдек талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади; - шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар юзасидан даъво ишларини олиб боради; - хўжалик шартномалари бажарилиши устидан ўзаро текширувлар ўтказилишини назорат қилади; - хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим этилаётган хўжалик шартномалари лойиҳаларининг ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текширади; - тайёрланган хўжалик шартномаси ва у билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжат лойиҳаси қонун ҳужжатлари талабларига мос эмаслиги аниқланган тақдирда, ўз эътирозини асослаган ҳолда уни қўшимча равишда ишлаб чиқиш учун қайтаради; - шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади. Юридик хизмат ходимлари томонидан олиб бориладиган талабнома ишлари ўз ичига қуйидагиларни олади: а) талабномани расмийлаштириш учун керакли бўлган маълумот ва ҳужжатларни йиғиш, талабнома матнини ёзиш ва уни расмийлаштириш ҳамда тегишли хўжалик юритувчи субъектларга юбориш; б)хўжаликка келиб тушган талабномаларни кўриб чиқиш, улар бўйича керакли ҳужжатларни ўрганиб, талабномани тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ёхуд рад этиш ҳақида хулоса бериш ва жавобни расмийлаштириб, уни жўнатиш; в)юборилган ва келиб тушган талабномалар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириб, уларни таҳлил қилиб, ишлаб чиқариш, хўжалик, молия, ҳисоб-китоб, меҳнат интизомларини бузилиши каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритиш ва чора-тадбирлар белгилаш. Талабнома ишлари бошқа таркибий бўлинмалар (бухгалтерия, молия, таъминот, маҳсулотларни реализация қилиш ва ҳ.к.) томонидан олиб борилганда юридик хизмат ходимлари талабнома ишларига қуйидагича раҳбарлик қиладилар: Даъво ишларини олиб бориш қуйидагиларни ўз ичига олади: даъво аризаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни хўжалик судига тақдим қилиш; корхонага даъво аризасининг нусхаси тушганда у ҳақда ёзма фикр билдириб, уни тегишли хўжалик судига ва даъвогарга юбориш; корхона вакили сифатида суд мажлисида иштирок этиш, иш юзасидан сўзга чиқиш; ҳал қилув қарори, қарор ёки ажримнинг қонуний ва асослилигини текшириш тўғрисида апелляция ва кассация шикоятларини, назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахсларга аризаларни тайёрлаш ва тегишли хўжалик судига, мансабдор шахсларга юбориш; корхона фойдасига чиқарилган ҳал қилув қарорининг ижросини назорат қилиш ва уни тезроқ бажарилиши учун барча қонуний чораларни кўриш. Юридик хизмат ходимининг ишда иштирок этувчи тарафларнинг (даъвогар ёки жавобгарнинг) вакили сифатидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Хўжалик процессуал кодексининг 35 ва 52 - моддаларида белгилаб қўйилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: -иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусҳа кўчириш; -рад қилиш тўғрисида арз қилиш; -далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш; -саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш; -хўжалик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш; -ишни кўриш давомида туғиладиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш; -ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш; -суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва Кодексда уларга берилган бошқа процессуал ҳуқуқлар. Юридик шахс ташкил қилмасдан фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ҳам корхоналарда кам бўлмаган даражада юридик хизмат ёрдамига муҳтожлар. Хўш, уларга бундай ёрдамни ким кўрсатади Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонунида белгиланганидек, уларга шартнома асосида жалб этиладиган адвокатлар ҳуқуқий хизмат кўрсатиши мумкин. Тадбиркорлар адвокатлар (адвокатлик фирмалари ва бюролари) билан ҳуқуқий ёрдам олишнинг ҳажми, муддатлари ва мазмунига қараб, қуйидаги шакллардаги шартномаларни тузишлари мумкин: а) ахборот-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш шартномаси; б) алоҳида топшириқлар бўйича юридик хизмат кўрсатиш; в) барча масалалар бўйича ҳуқуқий хизмат кўрсатиш. Ахборот-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича адвокатлар тадбиркорларни амалдаги қонун ҳужжатлари билан таништирадилар ва уларни амалда туғри қўллаш бўйича маслаҳатлар берадилар. Бундай шартнома маълум бир муддатга (масалан, бир йилга) ёки бир марта ахборот олиш учун тузилиши мумкин. Download 186.7 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling