Солиқларни бир неча асосларга кўра таснифлаш мумкин:
солиқ тўловчиларга қараб:
а) юридик шахслардан олинадиган солиқлар (масалан, қўшилган қиймат солиғи, даромад (фойда) солиғи);
б) жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар (масалан, даромад солиғи);
в) юридик ва жисмоний шахслар учун умумий бўлган солиқлар (масалан, ер солиғи);
солиқ солиш шаклига кўра:
а) тўғридан-тўғри ундириладиган солиқлар (масалан, даромад солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи);
б) эгри солиқлар (масалан, акциз солиғи, қўшилган қиймат солиғи);
ҳудудийлигига кўра:
а) умумдавлат солиқлари;
б) маҳаллий солиқлар;
келиб тушиш манбасига кўра:
а) давлат бюджетига ўтказиладиган давлат солиқлари;
б) маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган маҳаллий солиқлар;
фойдаланиш хусусиятига кўра:
а) умумий аҳамиятга эга бўлган солиқлар;
б) мақсадли солиқлар;
ундириш муддатларига кўра:
а) бир галлик солиқлар;
б) доимий солиқлар.
Солиқларни ўрнатиш ва ундириш жараёнида субъектлар ўртасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар – давлат ва бошқа шахслар манфаатларига дахлдор бўлганлиги сабабли, ҳуқуқий меъёрлар билан тартибга солиниши лозим. Мазкур ҳуқуқий меъёрлар ўз ифодасини норматив актларда топган бўлиб, солиқ ҳуқуқини ташкил этади.
Солиқ ҳуқуқи — бу солиқларни ўрнатиш, киритиш ва ундириш натижасида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи молиявий-ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборат бўлган молиявий институт ҳисобланади. Бундан ташқари, солиқ ҳуқуқи меъёрлари солиқ қонун ҳужжатларини бузганлик учун қўлланиладиган молиявий жазо чораларини ҳам тартибга солади.
Солиқ ҳуқуқи томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларни қуйидаги гуруҳларга бўлишимиз мумкин:
- солиқлар ва йиғимларни ўрнатиш бўйича бўладиган ижтимоий муносабатлар;
- солиқлар ва йиғимларни киритиш бўйича бўладиган ижтимоий муносабатлар;
- солиқлар ва йиғимларни ундириш бўйича бўладиган ижтимоий муносабатлар;
- солиқ назоратини амалга ошириш бўйича бўладиган ижтимоий муносабатлар;
солиқ ҳуқуқбузарликлари учун молиявий санкцияларни қўллаш бўйича бўладиган ижтимоий муносабатлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |