Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат иқтисодиёт университети самарқанд филиали бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва молия кафедраси
Download 1.71 Mb.
|
Ички аудит Дарслик узб
8-МАВЗУ. СОЛИҚҚА ТОРТИШ, ҲУҚУҚ (3 соат)
1. Солиқларнинг иқтисодий мазмуни ва уларнинг зарурлиги. Солиққа тортиш тизимининг асосий тузилиши. Солиқлар таснифи. Солиқлар жамият маҳсулининг бир қисмини олиш йўли билан давлат ғазнасини шакллантирадиган асосий манба сифатида қадим замонлардан буён маълум. Солиққа тортиш иқтисодий маданият унсури сифатида барча, шу жумладан, бозор иқтисодиёти тизимидаги, бозор тизимида бўлмаган хўжалик туридаги иқтисодиётга асосланган давлат тизимларига хос. Шу боис солиққа тортиш ҳақида сўз борганда уни инсоният цивилизациясининг кашфиёти, унинг ажралмас бир бўлаги сифатида таърифлашади. Солиқлар – қадимий молиявий тоифалардан бири. “Солиқ” тушунчаси ўз илдизлари билан асрлар қаърига, ғазнага турлича тушумлар: мағлублардан олинган ўлпон, контрибуция, домен келиб тушган даврларга бориб тақалади. Солиқлар жамиятнинг синфларга ажралиши ва давлатнинг юзага келиши, қадимий дунёнинг шаклланиб келаётган давлат механизмлари тегишлича молиялаштиришни талаб қила бошлаган пайтидананоқ иқтисодий муносабатларнинг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилган. Солиқлар ҳақидаги тасаввурлар асрлар давомида ўзгариб борди. Солиққа тортиш назариясининг ривожланиши ва такомиллашишига қараб “солиқ” атамасини тушунишга доир қарашлар ҳам тараққий этиб борди. Олимлар ва жамоатчилик арбоблари ҳамиша солиқларга нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий нуқтаи назардан таъриф беришга уриниб келдилар. Анча кейин иқтисодчи олимлар ва солиққа тортишг амалиётининг ўзи солиқ шунчаки хазина тўлдирувчи восита эмас, балки давлатнинг ўз қудратини акс эттириш воситаси, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлари қуроли эканини исботлади. Масалан, давлатлар XX асрнинг иккинчи ярмида солиқларни аста-секин камайтириб бориш билан иқтисодий ўсиш суръатларини кўтариш, талабни рағбатлантириш, тадбиркорларни инвестицияларга қизиқтиришга интилишди. Солиқларни ошириш билан эса идора қилувчи тузилмалар инфляцияни кучсизлантириш, иқтисодий циклни барқарорлаштиришга уринишди. Тадбиркорларни ишлаб чиқаришнинг янада мукаммал усулларига ёки хўжалик юритишнинг янада самарали шаклларига ўтишга ундаш учун иқтисодчилар давлатга кўрсатилган соҳаларда маълум бир муваффақиятга эришган фирмалар ва шахслар учун солиқ имтиёзлари беришни тавсия қилишган. Солиқнинг замонавий талқинлари солиққа тортишнинг мажбурийлигига ва фуқаронинг манфаати ва солиқлар ўртасида бевосита алоқа йўқлигига урғу беради. Агар ҳуқуқ нуқтаи назаридан қаралса, солиқ солиқ тўловчининг мулкидан бир қисмини олиб қўйиш ва уни давлат ғазнасига топширишдан бошқа нарса эмас. Яъни солиқ – бу фақатгина молиявий эмас, балки ҳуқуқий тоифа ҳамдир. Солиқ табиатини тушунишнинг мураккаблиги шундаки, унга бир вақтнинг ўзида воқеликнинг ҳам иқтисодий, ҳам хўжалик, ҳам сиёсий ҳодисаси сифатида қараш тақозо этилади. Демак, “солиқ” тушунчасига ҳуқуқий кўринишдаги турлича жиҳатлар сингдирилган: қонунчилик маъмуриятининг солиқларни тасдиқлашдаги алоҳида ҳуқуқлари; солиқларни белгилашнинг бир томонлама (ва мажбурий) эканлиги; хусусий жиҳатдан беминнат эканлиги; солиқ тўловчининг бир томонлама мажбурияти бўлиб, бунда давлат томонидан қарама-қарши мажбурият юзага келмайди; солиқнинг қайтарилмаслик шарти билан ундирилиши; солиқ ундирилишидан мақсад бирон-бир аниқ харажатни эмас, умуман давлат харажатларини таъминлашдир. Солиқлар, йиғимлар, бож ва тўловлардан фарқли ўлароқ, умумий равишда, мунтазам ундириб борилади. Солиқларнинг иқтисодий мазмуни шундаки, улар ишлаб чиқариш муносабатларининг бир қисми бўлиб, хўжалик субъектлари, фуқаролар даромадининг маълум бир улушини олиб қўйиш ва мазкур улушларнинг давлат томонидан ўз вазифаларини амалга ошириш учун жамлашдир. Солиқлар ўз моҳиятига кўра йиғимлар ва божлардан фарқ қилади. “Йиғим” деганда корхоналар ва жисмоний шахслардан ундириладиган бадал бўлиб, уни тўлашнинг шартларидан бири йиғим тўловчиларга нисбатан давлат органлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, бошқа ваколатли органлар ва мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятли ҳаракатлар бажарилиши, шу жумладан, маълум бир ҳуқуқ ёки рухсат (лицензия) берилишидир. Бу кўпинча бир мақсадга қаратилган тўлов бўлиб, солиқ тўловчига кўрсатилган маълум бир хизматлар учун давлатга тўланадиган тўлов ҳисобланади. Йиғимнинг нимага мўлжалланганлиги унинг номланишида кўринади (масалан, йўл йиғимлари). Йиғим фаолиятнинг маълум бир туридан олинадиган ёки шундай фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи учун тўланадиган мақсадсиз тўлов бўлиши ҳам мумкин. Кўпинча йиғимлар бир марталик бўлади. Масалан, юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатга олганлик учун йиғим. Бож юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган пул йиғими бўлиб, у махсус ваколатли органлар томонидан тегишли ҳаракатларнинг амалга оширилиши ва юридик кучга эга бўлган ҳужжатларнинг берилиши учун тўланади. Давлат божи божхона-чегара ва давлат ички божларига бўлинади. Download 1.71 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling