Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент архитектура – қурилиш институти


Қурилиш оқимларининг турлари ва уларни лойиҳалашнинг умумий қоидалари


Download 1.57 Mb.
bet21/47
Sana04.04.2023
Hajmi1.57 Mb.
#1328505
1   ...   17   18   19   20   21   22   23   24   ...   47
Bog'liq
ЎқҚўлҚТЭРбакалаврБозорбоев

5.3. Қурилиш оқимларининг турлари ва уларни лойиҳалашнинг умумий қоидалари

Қурилишда оқим деганда бевосита қурилиш-монтаж ишлари билан банд бўлган ишчилар гуруҳи (звено, бригада ва бошқа жамоалар) тушунилади. Қурилиш - монтаж ишлари серашё ва сермеҳнат бўлганлиги учун аксарият кўпчилик ҳолларда улар икки ва ундан ортиқ ишчилар томонидан қурилиш звенолари ёки бригадалари таркибида бажарилади.


Бу ишчилар гуруҳининг бир иш жойидан иккинчи бир иш жойига кўчиб ўтиши «оқим» тарзида намоён бўлади. Шунинг учун бу «қурилиш оқими» ёки оддий қилиб «оқим» деб ном олган. Қурилиш оқимлари тузилишига ва яратган маҳсулотига (тугалланган ишига) қараб қуйидаги турларга бўлинади:
1.Оддий оқим;
2. Махсуслашган оқим;
3. Объект оқими4
4. Мажмуали узлуксиз оқим.
Оддий оқим деб, бир ёки бир неча меҳнат жараёнида иштирок этувчи ишчилар гуруҳига айтилади. Улар асосан касб-корининг бир хиллиги ёки бир-бирига яқин бўлиши билан ажралиб туради. Оддий оқим ер ишлари, пойдеворларни тиклаш, ғишт деворларни кўтариш, конструкцияларни йиғиш, сувоқ қилиш каби алоҳида олинган бир турдаги қурилиш-монтаж ишларини бажариш билан шуғулланади.
Махсуслашган оқим эса бир неча оддий оқимлардан ташкил топган бўлади ва бинонинг алоҳида бир қисмини ёки конструкциясини барпо қилиш билан банд бўлади. Масалан, бинонинг ер ости қисми, том ишлари, пардозлаш ишлари каби бир туркум ишлар махсуслашган оқим томонидан бажарилади. Янада тушунарлироқ бўлиши учун бинонинг текис томини барпо қилувчи қурилиш оқимига назар ташлайлик. Томнинг юк кўтарувчи тузилмаси, яъни том ёпма плитаси ўрнатилиб маҳкамлангач унинг устидан буғ ўтказмайдиган қатлам, иссиқлик сақловчи қатлам, текисловчи қатлам (стяжка), бир неча қават ўрама материалдан иборат сув ўтказмайдиган қатлам (томқоплама), томқопламанинг ҳимоя қобиғини барпо қилиш каби ишлар «ҳимояловчи», «том ёпувчи», «бетончи» деб номланадиган оддий оқимлар томонидан амалга оширилади. Бу оқимларнинг ҳаммаси биргаликда бинонинг томини барпо қиладилар. Шунинг учун уларни биргаликда махсуслашган том ёпувчи оқим деб аташ ҳам мумкин бўлади.
Объект оқими бир неча махсуслашган оқимдан иборат бўлиб, у яратган маҳсулот қуриб битказилган бино ёки иншоот ҳисобланади.
Мажмуали узлуксиз оқим бино ва саноат иншоотлари мажмуасига кирувчи алоҳида олинган бино ва иншоотлар қурилиши билан банд бўлган икки ва ундан ортиқ объект оқимларидан ташкил топади. Ўзи учун ажратилган иш жойларида (қамровлар, яруслар, участкалар, объектларда) қанча вақт фаолият кўрсатишига қараб қурилиш оқимлари қуйидаги турларга бўлинади:
1. Бир хил ритмли оқимлар;
2. Каррали ритмли оқимлар;
3. Ҳар хил ритмли оқимлар.
Агарда қурилиш оқимлари барча қамровларда вақт бўйича бир хил фаолият кўрсатса, бундай оқимлар бир хил ритмли оқимлар дейилади.
Барча қамровлардаги фаолияти вақт бўйича бир хил бўлмасада, лекин каррали бўлса бундай оқимлар ритмли оқимлар деб номланади.
Барча қамровларда вақт бўйича бир хил фаолият кўрсатмайдиган, яъни доимий ритмга эга бўлмаган қурилиш оқимлари ҳар хил ритмли оқимлар дейилади.
Қурилиш ишлаб чиқаришида фаолият кўрсатиш даврига кўра оқимлар қисқа муддатга мўлжалланган, узоқ муддатга мўлжалланган ва доимий (узлуксиз) бўлиши мумкин. Қисқа муддатга мўлжалланган оқимлар алоҳида бир ишни бажариш, бир ёки бир нечта объектни қуриб битказиш учун ташкил қилинади ва шундан сўнг ўз фаолиятини тўхтатади.
Доимий оқимлар қурилиш ташкилотининг бир хил маҳсулотини узлуксиз яратиш борасидаги фаолияти билан боғлиқ бўлиб, бундай оқимлар кўпроқ уйсозлик корхоналарида ҳамда доимо бир хил маҳсулот ишлаб чиқарувчи қурилиш ташкилотларида ташкил этилади.
Қурилиш оқимларини тўғри лойиҳалаш қурилишни ўз вақтида қуриб битказишда ва фойдаланишга топширишда, ҳамда қурилиш маҳсулотининг сифатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Оқимни лойиҳалашдан асосий мақсад, унинг кўрсаткичларини шундай танлаш керак, бунда қурилишнинг узлуксизлиги таъминланиб умумий қурилиш давомийлиги амалда меъёрий кўрсаткичдан ортиб кетмаслиги лозим, иш сифати ва пировардида қурилиш маҳсулоти сифати мавжуд талаб ва қоидаларга тўлалигича жавоб бериши зарур. Бундан ташқари қурилиш оқимини лойиҳалашда қурилиш давомийлигини имконият даражасида қисқартириш ва бу билан қурилишга сарфланадиган капитал маблағларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга ҳаракат қилиш керак. Бу мақсадга барча ҳисобларни қурилиш ташкилотининг моддий-техник таъминоти бўйича мавжуд имкониятларини тўғри эътиборга олган ҳолда бажариш билангина эришиш мумкин. Чунки фақат шу тарзда лойиҳаланган қурилиш оқимигина узлуксиз фаолият кўрсатиши ва юқори даражада меҳнат унумдорлигига эришиши мумкин.
Назорат учун саволлар



  1. Қурилиш ишлаб чиқаришини ташкил этиш усуллари ва уларнинг моҳияти нимада?

  2. Қурилиш оқимларининг кўрсаткичлари қандай аниқланади?

  3. Қурилиш оқимларининг турлари ва уларни лойиҳалашнинг умумий қоидалари нималардан иборат?




Download 1.57 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   17   18   19   20   21   22   23   24   ...   47




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling