I. Бобга хулоса. Таҳлил қилинган илмий адабиёт маълумотларидан маълум бўлишича, Республикамиз шароитида нок дарахтларида зараркунанданинг тур таркиби, биоэкологияси ва уларга қарши кураш тадбирлари бўйича мавжуд маълумотлар вақт ўтиши билан бугунги кун талабига жавоб бермай қўймоқда. Шунинг учун ҳам нок боғлари зараркунандалари ҳамда энтомофаунасининг тур таркибини ўрганиб чиқиб, уларнинг доминантларини ва иккиламчиларни ажратиш ҳамда биоэкологиясини ўрганган ҳолда уларга қарши кураш тизимини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
II. Боб. ТАДҚИҚОТ ЎТКАЗИЛГАН ЖОЙНИНГ ТАБИИЙ ИҚЛИМ ШАРОИТИ ВА ТАЖРИБА ЎТКАЗИШ УСЛУБЛАРИ
2.1-§. Тошкент вилоятининг табиий иқлим шароити
Тошкент вилояти Ўзбекистоннинг 40-42° шимолий кенглик ва 69-71° шарқий узунликда бўлган марказий қисмини эгаллайди. Шарқда у Чотқол тизмасининг ғарбий тармоқлари, жанубда Туркистон тизмасининг шимолий қияликлари ва ғарбда Сирдарё вилояти билан чегарадошдир.
Вертикал минтақавийлик Тошкент вилояти рельефининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Сирдарё вилоятининг чегараларидан бошлаб денгиз сатҳидан 250-300 м. баландликда вилоят ҳудуди 500-600 м. гача кўтарилиб боради ва тобора тоғ шлейфига ўтиб кетади. Қишки ва эрта баҳорги ойларда ёғингар-чиликларнинг максимал миқдори тушади. Ўзига хос хусусиятларидан бири-қишда об-ҳавонинг беқарорлиги, барқарор ҳарорат бўлмаслиги ва ёзда ҳаво-нинг жуда қуруқ бўлиши ҳисобланади.
Тошкентда йиллик ўртача ҳарорат +13,6°С, июл ойида ўртача ҳарорат +27°С ва январда 1°С ни ташкил этади. Ўсув даври март ойининг охиридан бошланиб, октябр ойининг охиригача давом этади. Одатда бу 198-216 кунни ташкил қилади. Ўсув даврида фойдали ҳароратлар йиғиндиси 2000°С дан пасаймайди. Ёғингарчиликнинг энг кўп миқдори Тошкент вилоятининг шарқий қисмига (397-359 мм.), энг ками жанубий-ғарбга ёғади [217; 17-150-б.]. Вилоятнинг асосий сув магистралларини Чирчиқ дарёси (узунлиги 328 км) ҳамда Ангрен дарёси ва Далварзин канали (Сирдарёдан сув олади) ташкил этади.
Вилоят тупроқ қоплами асосини суғориладиган типик бўз тупроқлар ташкил этади. Механик таркиби бўйича вилоят тупроқлари оғир қумоқ тупроқлар тоифасига мансуб, ўртача қумоқ тупроқлар Тошкентнинг жанубий-ғарбида, Янги йўл тумани ҳудудларида кенг тарқалган [213; 135-137-б.].
Тадқиқот ўтказган йилларимиз давомида олиб борган кузатувларимиз ва метеостанциялар маълумоти бўйича олинган маълумотлар қуйидаги 2.1; 2.2 ва 2.3-жадвалларда келтирилган. Олинган маълумотларга кўра 2021-2022 йиллар давомида тадқиқот ўтказган ҳудудларимизда йиллик ўртача ҳарорат 14.4-15.6 0С гача, пастки ҳарорат эса минус 2,5 гача пасайганлиги кузатилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |