9-боб. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш
47-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ва унинг аппарати ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
48-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини ижтимоий таъминлаш
Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига ва унинг аппарати ходимларига йиллик ҳақ тўланадиган таътиллар берилади.
Ишлаш учун бошқа ҳудудлардан таклиф қилинган ҳамда Тошкент шаҳрида уй-жойга эга бўлмаган Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига ва унинг аппарати ходимларига заруратга кўра уларнинг аризасига биноан лавозимда бўлиш муддатида хизмат уй-жойи берилади.
Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва унинг аппарати ходимлари кафолатланган тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш ёрдамидан фойдаланади.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун аввалги иш жойида узоқ муддатли хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Вазирлар Маҳкамаси аппаратида амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари сақланган ҳолда фойдаланади.
Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
49-модда. Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини молиялаштириш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
50-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |