Ўзбекистон табиий шароити ва табиий ресурслари, уларнинг хўжалик аҳамияти


Download 35.6 Kb.
bet3/6
Sana18.06.2023
Hajmi35.6 Kb.
#1562529
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
2 mавзу=== kurs jumısı tayın emes geo

4. Фойдали қазилмалар. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ер усти тузилишининг ҳар хиллиги, республика ҳудудининг геологик тарихи геохимик жараёнлар таъсирида шаклланган қазилма бойликлар, минерал хом ашё ресурслари географиясини ҳам белгилаб беради. Мавжуд маълумотларга қарангда, Ўзбекистон 2700 дан кўпроқ фойдали қазилма конлари маълум бўлиб, уларнинг фақат тасдиқланган заҳираси 970 миллиард АҚШ далларни, умумий миқдори эса 3,3 триллион АҚШ далларини ташкил қилади.
Фойдали қазилма конлар заҳиралари, уларнинг геологик ўрганилганлигига қараб турли категорияларга бўлинади. Яхши ўрганилган заҳиралар саноат аҳамиятига эга бўлган заҳиралар, барча зохиралар эса тахминий ёки прогноз заҳиралар дейилади.
Қазилма бойликлар заҳиралари халқ хўжалик аҳамиятига кўра баланс ва нобаланс заҳираларга бўлинади. Баланс заҳиралар қулай географик ўрин ва яхши техник-иқтисодий кўрсаткичларга (коннинг умумий заҳираси, сифати, қатламларнинг тузилиши ва ҳ.к.) ҳамда уларнинг қазиб олишга эҳтиёж мавжуд бўлганларни ўз ичига олади. Бу талабларга жавоб бермаган конлар нобаланс заҳиралар таркибига киради.
Фойдали қазилмалар заҳиралари, уларнинг миқдори, категория ва аҳамияти вақт ўтиши билан ўзгариб боради; янги заҳиралар очилади, заҳираларнинг ўрганганлик даражаси ва баланс заҳираларни тўлдириб бориши рўй беради.
Ўзбекистон айрим фойдали қазилма заҳиралари бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторидан жой олади. Бунга энг аввало олтин, мис, вольфрам, уран, табиий газ кабилар киради. Жумладан, республикамиз олтин заҳирасига кўра дунёда 4 чи, қазиб олиши бўйича эса еттинчи-саккизинчи ўринларни эгаллайди (маълумот учун: 2007 йилда Австралия, ЖАР ва Хитойда, уларнинг ҳар бирида 250 тоннадан зиёдроқ, АҚШда шунга яқин миқдорда олтин қазиб олинган)3.
Маълумки, ҳар бир мамлакат миллий иқтисодиёти хавфсизлигини таъминлашда унинг ёқилғи-энергетика мустақиллиги катта аҳамиятга эга. Республикамиз бу борада йирик табиий газ конларига эга. Улар асосан Қашқадарё вилоятида (Шўртанг, Муборак, Учқир, Шўрхок, Зеварди ва б.) жойлашган. Бухоро вилоятида ҳам табиий газ конлари мавжуд (Қандим ва б.), бироқ уларнинг кўпчилигини заҳиралари тугаш арафасида.
Айни вақтда Устюртда янги-янги газ конлари топилмоқда. Уларнинг энг йириги Сурғил кони ҳисобланади.
Гарчи дастлабки нефт конлари Фарғона водийсида очилган бўлсада (масалан, Шўрсувда 1886 йилда), ҳозирги кунда унинг ҳам асосий заҳиралари Қашқарёда вилоятига тўғри келади. Шунингдек, бу ерда энг катта кон Кўкдумалоқ саналанади ва унинг асосида Бухоро вилоятининг Қоровулбозор шаҳрида йирик нефтни қайта ишлаш заводи қурилган.
Нефт конлари Сурхондарёда (Ҳовдоғ, Кўкайди, Лалмикор), Фарғона водийсида (Жанубий Оламушук, Полвонтош, Мингбулоқ ва ҳ.к.). Қорақалпоғистон Республикасида (Оқшолоқ, Ўрга, Шохпахти ва б.) мавжуд. Устюрт платоси, Орол кўли акваторияси ва унга туташ ҳудудларда янги нефт конларини аниқлаш бўйича ҳозирги вақтда Россия Федерацияси билан ҳамкорликда (“Лукойл” компанияси) геологик-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бундай ишлар Сурхондарё вилоятида Малайзия ва Эрон мамлакатлари билан биргаликда ҳам амалга оширилмоқда.
Республикада кўмир конлари географияси нисбатан кенг тарқалмаган. Катта заҳирага эга бўлган Ангрен конида (2 млрд т.) қўнғир кўмир асосан очиқ усулда қазиб олинади ва у кўпроқ иссиқлик электр станцияларида ишлатилади. Тошкўмир конлари эса Сурхондарё вилоятида – Шарғун ва Бойсун (Тўда) конларидан олинади.
Ёқилғи ресурсларига баҳо берганда қуйидаги хулоса чиқариш мумкин: табиий газ билан мамлакатимиз яхши таъминланган ва у экспорт ҳам қилинади; нефт заҳираларини кўпайтириш керак; кўмир заҳиралари эса унча юқори сифатли эмас ва уларнинг саноат аҳамияти камроқ.
Ўзбекистонда темир руда заҳираларининг ҳам саноат аҳамияти чекланган. Бундай конлар Қорақалпоғистоннинг Султон Увайс тоғида (Тебинбулоқ) ҳамда Тошкент (Темиркон) ва Навоий вилоятларида (Суренота) топилган. Вольфрам заҳирасига эса республикамиз бирмунча бой. Унинг асосий конлари Қўйтош, Ингичка, Яхтон, Саргардон, Лангар ва бошқалардир. Марганец Самарқанд вилоятида, молибден кони Ҳисор, Нурота ва Чотқол тизмасида топилган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимиз олтин, мис, кумуш, қўрғошин заҳиралари бўйича ҳам ажралиб туради. Олтиннинг энг йирик кони Мурунтов ва Кўкпатас ҳисобланади. Шунингдек, Маржонбулоқ, Қизилолма, Чодоқ, Зарметан каби олтин конлари ҳам мавжуд. Жами олтин заҳирасининг 4/5 қисмидан кўпроғи Марказий Қизилқумда жойлашган; ҳозирча республикада аниқланган олтин конларининг тахминан 1/4 қисми, ўрганилган конларнинг ярмига яқини ишлатилмоқда, холос.
Мис Олмалиқ атрофида (Қалмоққир, Дальное, Саричек), полиметал рудалар (Хонжиза, Учқулоч, Лашкарак) заҳиралари ҳам катта саноат аҳамиятига эга. Шу билан бирга, республикада қўрғошин, қалай, висмут конлари ҳам бор, алюминий хом ашёси – каолин эса Ангрен қўнғир кўмир қатламлари орасида жуда катта заҳираларга эга. Ўзбекистон уран конларига бой; унинг асосий конлари Марказий Қизилқумда, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида жойлашган.
Мамлакатимизда турли тоғ кимёси хом ашёларининг катта заҳиралари мавжуд. Улар энг аввало Тубекатан калий, Хўжаикон ош тузи, Бойбичекан тош тузи ҳамда Қораумбет, Борса Келмас, Қўнғирот яқинидагни турли туз конларидир. Фосфоритнинг йирик заҳираси Навоий вилоятида – Марказий Қизилқумда топилган ва ундан ҳозирги пайтда фойдаланилмоқда.
Ўзбекистонда ҳар хил қурилиш материаллари – қум, гипс, гранит, мармар конлари бор. Мармар Самарқанд, Қашқадрё, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда қазиб олинади (Ғозғон, Лангар, Омонқўтон, Китоб ва б.). Нометал фойдали қазилмалар – флюорит, дала шпати, графит, асбест, тальк, бентонит гилларининг ҳам заҳиралари мавжуд.
Шундай қилиб, республикамизда фойдали қазилмалар асосан Навоий Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида жойлашган. Фарғона водийси ва, хусусан, Сирдарё ҳамда Хоразм вилоятлари бу борада деярли кўзга ташланмайди.
Рангли, нодир ва қимматбаҳо метал конларида “йўлдош” минераллар кўп учрайди. Бинобарин, бундай рудаларни иложи борича тўлиқ, комплекс қайта ишлаш талаб этилади. Умуман олганда, мамлакатимизнинг фойдали қазилмалари ёқилғи, рангли металлургия, кимё ҳамда қурилиш материаллари саноат тармоқларини ривожлантиришга қулай имкониятлар яратади. Бошқа саноат тармоқлари, айниқса қора металлургияни кенг миқёсда ривожлантириш учун эса тегишли саноат аҳамиятига эга бўлган ресурс салоҳияти ҳозирча мавжуд эмас.

Download 35.6 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling