§ Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича
саволлар ва жавоблар
1. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-445- сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни мақсадини айтинг?
Давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2. Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари нималардан иборат?
Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: қонунийлик; мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш; мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши; мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги; мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги.
3. Мурожаатлар шакллари ва турларини айтинг?
Мурожаат шакллари: оғзаки, ёзма ёки электрон.
Мурожаат турлари: Аризалар, таклифлар ва шикоятлар.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади.
4. Ариза билан шикоятнинг фарқини тушунтириб беринг?
Ариза деганда ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаатлар тушунилади.
Шикоят деганда бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаатлар тушунилади.
5. Таркрорий ва аноним мурожаатларга таъриф беринг?
Такрорий мурожаат деганда айни бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинаётган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилаётган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтга келиб қонун ҳужжатларида белгиланган кўриб чиқиш муддати тугаган бўлса, илгариги мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида хабар қилинаётган мурожаатлар тушунилади.
Аноним мурожаат деганда жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаатлар тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |