Ў збекистон републикаси олий ва ўрта-махсус мудофаа вазирлиги таълим вазирлиги
Download 1.24 Mb.
|
1 Амир Темур ўқув-услубий қўлланма
- Bu sahifa navigatsiya:
- Амир Темур стратегиясининг характерли томонлари қуйидагилар
Амир Темур давлатининг яратилиши
Мовароуннахр ва Хоразм ерларини бирлаштиришни охирига етказгач, Амир Темурнинг кейинги бош вазифаси, аввал учта ғарбий мўғул улусларига қарашли бўлган ҳудудларда ягона давлатни барпо этишдан иборат бўлди. 1380 йилга келиб унга тобе бўлмаган улус, Эронни ўз сафига олган Хулагулар улуси эди холос. Жанубий вилоятларни забт этиш Хуросонга юриш билан бошланди. Хуросоннинг пойтахти ҳирот муҳим ҳарбийстратегик аҳамиятга эга эди. 1381 йилда Амир Темурнинг қўшини ҳирот, Тус, Келат ва Сабзавор шаҳарларини эгаллади. 1382 йилдан 1385 йилгача Амир Темур Хуросонга, Мазандаронга, Шимолий Эронга (Султония шаҳригача) ва Озарбайжонга бир–нечта янги ҳарбий юришларни амалга оширди. Б у юришлар натижасида Амир Темур давлати таркибига Хуросон, Афғонистон, Сеистон, Мозандароннинг бир қисми, Эроннинг шимолидан Султониягача бўлган ҳудуди киритилди (1-расм). Эрондаги Хулагулар улусининг қолганқутганларини тугатиш мақсадида Амир Темур 1386 йилда ўзининг учта катта, узоқ муддатли юришларидан биринчиси ҳисобланган уч йиллик ҳарбий юришини бошлади. Ўз ҳаракатлари билан Амир Темур Эронни мўғуллар томонидан янгитдан босиб олинишини олдини олди, чунки 1386 йилнинг бошида Тўхтамиш 90 минглик қўшини билан Дарбанд орқали Табризга келди ва Озарбайжон шаҳарларини вайронага айлантирди ва Эронга хавф солди. Уч йиллик ҳарбий юришлар давомида (1386–1388 й.) Озарбайжон ва Форс (Эрондаги вилоят) ишғол этилди. Амир Темурнинг қўшини Эроннинг шимолий ерларини, Арманистонни, Ван кўлигача бўлган ерларни босиб олди. Шероз (Форс вилоятининг пойтахти) шаҳрида турган Амир Темур, Тўхтамишнинг Мовароуннахр ҳудудларига бостириб киргани, ҳамда Сайрам ва Тошкент шаҳарларини Мўғулистон қўшини томонидан таланганлиги тўғрисида хабар олади. 1388 йилнинг бошида Амир Темур шошилинч равишда Мовароуннахрга қайтди. Шу йили Тўхтамишнинг қўшини Хоразмда тормор этилди, Хоразм бутунлай Амир Темур давлати таркибига киритилди. 1389 йилнинг ёзида Соҳибқирон Мўғулистонга юриш уюштирди. Бу юришдан Амир Темур 1390 йилнинг бошида қайтди, Мўғулистоннинг қудратига анча путур етказилди. 1389 ва 1391 йилларда Амир Темур икки марта Олтин Ўрданинг хони–Тўхтамишга қарши юришни амалга оширди. 1391 йилда Волгабўйи чўлларида, ҳозирги Самара билан Чистополнинг ўртасида жойлашган Қундузча деган жойда у Тўхтамишга қақшатқич зарба берди. 1392–1396 йиллардаги беш йиллик уруш пайтида Эронга ва Ироқнинг Форс қисмига ҳарбий юриш амалга оширилди. Амир Темурнинг қўшини 1392 йилнинг июнида Самарқанддан чиқиб кетди. Форс, Ироқ ва Грузия орқали ўтиб у қўзғолончи шоҳларни тартибга солди. Уни давлатининг ғарбий чегаралари Сурияга ва Кичик Осиёга етди. Энди Амир Темур давлатининг пойтахти билан янги ғарбий чегаралар оралиғигача бўлган масофа 5 минг километрни ташкил этди. Ушбу ҳарбий юриш пайтида у яна бир бор ўзининг ашаддий душмани Тўхтамиш билан тўқнашди. Унинг ҳаракатини тўхтатиб қолиш мақсадида Амир Темур қўшини Шимолий Кавказ ҳудудига етиб келди. Иккала армия 1395 йилнинг апрелида Терек дарёси бўйида тўқнашдилар. Шу ерда бўлиб ўтган жангда Олтин Ўрда армияси тормор этилди. Тўхтамиш қочишга ва яширинишга улгурди. Амир Темурга Волгабўйига, Олтин Ўрданинг пойтахти Сарой Беркага йўл очилди. Волганинг қирғоғи бўйларидаги, Шимолий Кавказдаги, Қримдаги, ҳамда денгиз бўйидаги шаҳарлар босиб олинди. Олтин Ўрдага қарши олиб борилган кураш шу тариқа тугади. Амир Темур томонидан Олтин Ўрда хони Тўхтамишнинг тормор этилиши рус князларининг тақдирига, уларнинг мўғуллар қуллигидан буткул қутулишларида катта аҳамиятга эга бўлди. Соҳибқироннинг Форсга, Ироққа ва қипчоқ чўлларига беш йиллик уруши давлатнинг ҳаётий манфаатларини ва савдо йўлларининг хавфсизлигини таъминлади, Кавказдан Форс кўрфазигача бўлган ҳудудларни забт этилишига олиб келди. Беш йиллик юришдан Амир Темур 1396 йилнинг августида қайтиб келди. Беш йиллик юриш давомида эришган ажойиб ғалабалардан кейин 1398 йилнинг мартида Амир Темур 90 мингдан ортиқ қўшин билан Ҳиндистонга ҳаракатланди. Ҳиндистон юриши 1398 йилнинг декабрида Деҳли султони Маҳмуд қўшинининг тормор этилиши билан тугади. 1399 йилдан Амир Темур катта урушга тайёргарлик кўра бошлади ва уни Ғарбда олиб боришни режалаштирди. Аввалом бор, у Кичик Осиёда усмонийларнинг мулкларини босиб олишни ва Сурияда Миср мамлукларини тобе қилишни кўзда тутди. Етти йиллик уруш (1399–1404 й.) Амир Темур олиб борган урушларнинг энг йириги бўлди. Унинг натижасида Суриянинг катта шаҳарларидан Халеб (Алеппо), Кумис, Балбек, Дамашқ, Боғдод ва Кичик Осиёнинг катта қисми буйсундирилди. Шу вақтда Амир Темур қўшинларининг Грузияга ҳужуми амалга оширилди. Шу вақтга келиб усмонийлар давлатини ички низолар ва тобе этилган халқларнинг қўзғолонлари ҳолдан тойдириб бўлган эди, салбчиларнинг ва Ғарбий Европа ҳукмдорларининг урушлари ҳам уларни кучсизлантириб юборди. Шу пайтга келиб қарийб бутунлай Кичик Осиё ва Болқон турк султонининг таъсири остида бўлди. Турк қўшинининг асосий қисми ушбу катта давлатнинг турлитуман қабилалари ва халқларидан (турклар, ёлланган тоторлар, серблар ва бошқалар) ташкил топди. Бу катта қўшин эди, лекин Амир Темурнинг ҳужуми даврида унинг жанг олиб бориш қобилияти анча пасайиб кетди. Етти йиллик уруш пайтида Амир Темур, ўрта асрлар даврининг йирик саркардаси бўлган султон Боязид қўмондонлигидаги туркусмонийлари қўшинлари устидан ғалабага эришди. 1402 йилнинг июлида Анқара яқинидаги жангда у султон Боязиднинг армиясини тормор этди. Бутун Европа бўлажак бу йирик жангнинг натижасини диққат билан кузатарди. Гап шундаки, XIV асрнинг ўрталаридан европаликлар қудратли турк экспансиясига қарши ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмадилар. Усмонийлар Фракияни, Болгарияни, Валихияни, Македонияни, Сербияни эгалладилар, Юнонистонга ёриб кирдилар, Константинополни қамал қилдилар. Германия, Франция ва Венгрияга катта хавф туғилди. Бу хавфни олдини олиш учун ушбу давлатларнинг бирлашган кучлари туркларга қарши салб юришини бошладилар. Тиштирноғигача қуролланган герман, француз, поляк, венгер жангчилари билан султон Боязид Йилдирим бошлиқ турк аскарлари ўртасидаги жанг 1396 йил 25 сентябрда Болгарияга қарашли Никополь шаҳри яқинида бўлиб ўтди. Бу жангда салбчи рицарлар тормор этилдилар. Лекин барибир Европа учун умид юлдузи чарақлагандай бўлди. Шарқдан усмонийлар империясига саркарда Амир Темур бошчилигидаги катта отлиқлар армияси яқинлашиб келарди. Темур саройига христиан ҳокимларининг элчилари усмонийларга қарши кураш учун ёрдам сўраб югургилаб қолдилар. Турк қўшинларининг Анқара яқинидаги мағлубияти усмонийлар империясининг марказлашув жараёнини анча вақтга тўхтатиб қўйди, туркларни Византияни босиб олишларини 50 йилга ортга сурди ва Европага уларнинг ҳужумларини анча кечиктирди. Амир Темур 1405 йилнинг бошида 200 минглик катта қўшин билан Хитойга юриш бошлади. 1405 йилнинг январида армия Ўтрор қалъасига етиб келди. Бу ерда Амир Темур бетобланиб қолди ва 1405 йилнинг 18 февралига ўтар кечаси оламдан ўтди. Амир Темурнинг ҳарбий юришларидан асосий мақсади – марказлашган давлат барпо этишдан, ўз давлати ва халқини ташқи душмандан асрашдан, аҳолини тинч ҳаётини таъминлашдан иборат эди. Унинг ғолибона юришлари, марказлашган бошқарув тизимига эга бўлган, савдо йўллари хавфсизлиги таъминланган йирик империянинг ташкил этилишига олиб келди. Ўрта Осиё ва Эгей дарёсининг ғарбигача бўлган улкан ҳудуд Амир Темур давлати тасарруфига кирди. Шарқнинг иккита йирик империяси, Туркия ва Миср буюк саркардага тобе бўлди. Амир Темурдек даҳо маҳорати олдида бош эгиб, унинг ҳарбий санъати, яъни стратегияси ва тактикасидан ҳақли равишда мағрурланамиз. Ҳарбий санъати унга буюк саркарда шуҳратини келтирди. Унинг жанглари жаҳоннинг кўпгина ҳарбий академияларида ўрганилади. Амир Темур буюк ҳукмдор, ташкилотчи ва ажойиб шахс бўлган. У баланд бўйли, кенг елкали, калласи катта, сер қош, сер соқол бўлган, оёққўллари узун, баланд овозли, қудратли куч ва жасурлиги билан ажралиб турувчи, ўлимга тик боқувчи инсон бўлиб, умрининг охиригача тиниқ хотирасини сақлаб қолган. У болалигидан турк ва форс тилларини билган, мазмунли ва қизиқарли сўзлай олган, мутола эшитишни хуш кўрган. У ҳарбий тактика ва стратегия бўйича, турклар, араблар, эронликлар тарихи тўғрисидаги билимларга эга бўлган. Фойда келтирадиган ҳамма фанлар –тиббиёт, астрономия, математика, архитектурани қадрлаган. Темурийлар давлатида маънавий маданиятнинг ҳамма жавҳалари мисли кўрилмаган даражада юксалди. Ушбу даврда фан ва адабиёт, архитектура ва шаҳарчилик (шаҳар қуриш), халқ анъаналари ва урфодатлари, байрамлар, спорт ўйинлари шундай ривожланиб кетдики, у тўлиқ асос билан Шарқ Ренессанси номини олди ва жаҳон маданиятининг кейинги ривожланишига туртки берди. Темурийлар давлатида фан ва маданиятнинг юқори даражада ривожланиши турли маориф марказларини яратишга ва кенгайтиришга имкон берди. Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига айлантирди, у ерда Хоразм, Исфахон, Шероз, Халеб, Табриз ва бошқа шаҳарларнинг ажойиб саройлар, мачитлар ва мақбараларни қуриш билан банд бўлган усталарини кўриш мумкин эди. Самарқанд Амир Темурнинг режасига кўра давлатнинг пойтахти бўлиб, Ер шарининг энг чиройли шаҳрига айланиши керак эди. Ундан 150 йил олдин Чингизхон томонидан шаҳар бузиб ташланган бўлиб, шу давргача йирик қурилиш ишлари олиб борилмаган эди. Амир Темур даврида Самарқандда катта қурилиш ишлари олиб борилди. Унинг ҳукмдорлиги даврида Самарқандда Кўк Сарой, боғлар ва шаҳар атрофида саройлар, жомеъ мачити, алоҳида мақбаралар, жумладан ШоҳиЗинда ансамбли қурилди ва ГўриАмир мақбарасининг қурилиши бошланди. Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари устида кўприклар қурилди ва каналлар ўтказилди. Ўз замонасининг мисли кўрилмаган даражада шаҳарлар, қишлоқлар, ҳаммомлар ва мақбараларни қуриш ишлари кенг миқёсда бошлаб юборилди. Самарқанд атрофида жаҳоннинг машҳур шаҳарларининг номлари билан аталувчи – Миср (Қоҳира), Дамашқ, Боғдод, Фориш (Париж), Султония, Шероз каби бир қанча аҳоли пунктлари барпо этилди. Кўпсонли асирларнинг ораларидан олимлар, маданият арбоблари, тўқимачилар, тош уймакорлари, наққошлар, дурадгорлар, қуролсозлар, рассомлар Самарқандга олиб келтирилди. Бухоро, Кеш (Шахрисабз), Ясси (Туркистон) шаҳарлари янги бинолар билан безатилди. Амир Темур Кешда Оқсаройнинг пештоқида «Кимки бизнинг кучқудратимизни кўрмоқчи бўлса, биз қурган биноларни кўрсин» деб ёзиб қўйишни амр қилган. У турк ҳарбий зодагонларининг вакили бўлиб, ўзини доимо ислом динига масуб эканлигини таъкидлаган. Давлат сиёсатчиси бўла туриб руҳонийлар билан дўстона алоқаларни сақлаб қолди, ўзининг ёнида руҳоний шайхни олиб юрган, у жангдан олдин Амир Темурнинг ғалабаси учун дуо қилган. Лекин Амир Темур сиёсий ҳисобкитобларни баланд қўйган. Шунинг учун у, ҳам суниларни, ҳам шийиларни манфаатларини кўзлаган, сўфиларни ҳимоя қилган. Амир Темур моҳир стратег ХIV асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё ҳудудида Амир Темур раҳбарлигида қудратли марказлашган давлат барпо этилди. Қудратли давлатни ҳимоя қилиш, унинг ҳудудини кегайтириш ва халқини тинч ҳаётини таъминлаш мақсадида мустаҳкам интизомга эга бўлган кучли армия яратилди. Амир Темур ўзининг тезкорлиги, душман ҳудудига ўтиш қийин бўлган довонлар, сув тўсиқлари ва бошқа душман кутмаган томонлардан ёриб кириб ғалабаларга эришди. Ҳужумга ўтиш вақтини АмирТемур доимо сир сақлаган. Амир Темур стратегиясининг характерли томонлари қуйидагилар: душманни олдиндан разведка қилиш ва ҳарбий ҳаракалар майдонини ўрганиш; душманни кучсизлантириш ва ғалабага бўлган ишончини барбод қилиш мақсадида парокандаликка солиш ва руҳини синдириш бўйича кенг тадбирларни олдиндан ўтказиш; тўсатдан зарба бериш ва асосий кучларни бош йўналишда жамлаган ҳолда душман ҳудудига бир неча йўналишдан бостириб кириш ва унинг кучларини бўлакларга бўлиб ташлаш ва тор-мор этиш; нафақат душман армиясини тўлиқ тор-мор қилишга, балки унинг ҳарбий қудрати манбаларини ҳам йўқ қилишга ҳаракат қилиш; ўз режалари бўйича душманни чалғитиш мақсадида манёврни кенг қўллаш. Душманни ва жанг майдонини разведка қилиш учун нафақат жосуслар юборилган, балки алоҳида йирик отрядларнинг стратегик ҳаркатлари ҳам ўтказилган. Разведка маълумотлари асосида ҳарбий юришнинг режаси ишлаб чиқилган ва қурултойда муҳокама қилиниб, у оғишмай бажарилган. Амир Темур душманнинг жонли кучларини дала жангида қириб ташлаб урушда ютиб чиқишга доимо интилган. Муҳим аҳамиятга эга бўлмаган ва ҳужумга халақит бермайдиган қалъалар ва истеҳкомлар четлаб ўтилган, мобадо шундай шаҳар ва қалъалар қўшиннинг ҳаракат йўналишида жойлашган бўлса ва муҳим аҳамиятга эга бўлса, улар штурм қилиш йўли билан забт этилган, бунда хитойликлар ва мўғуллардан қолиб келган қамал қилиш техникаси кенг қўлланилган. Уни ҳарбий маҳоратининг асосий қуроли ҳаракатчанлик ва тўсатдан зарба бериш бўлган. Амир Темур ҳарбий юришларни асосан баҳорда, ёзда ва кузда олиб борган, қишда бўлажак жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўрилган. Унинг кампаниялари маълум режага эга бўлган ва агарда вазият қулай ва манфаатли шароитни юза келтирса юриш йўналишини ёки белгиланган мақсадни ўзгартирган. Амир Темур моҳир ҳарбий бошлиқ ва дипломат бўлган. У ўзининг 35 йиллик ҳарбий фаолияти давомида армия авангард, арьергард, ўнг ва сўл қанотларга, зарбдор куч - марказга (асосан барлослардан), захира ва разведкага эга бўлиши кераклигини чуқур тушуниб етди. Амир Темур юришлари бир неча отряддан ташкил топган авангарднинг бевосита ортида жойлашган. Жангда ҳам сафарда ҳам пиёда қўшин ортидан кучли қўриқлов остида араваларда фронт орти таъминоти ҳаракатланган. Айрим ҳолларда душман унга ҳужум қилган, аммо бирорта сафарда давомида у душман қўлига тушмаган. Фронт орти таъминоти ортидан кўчманчилар оиласи ўз отарлари, аравалари, чодирлари билан ҳаракатланган. Армия сафарида ҳар бир жангчи ўзи билан олган захиралари, ҳамда босиб олинган давлатларнинг маҳаллий ресурслари ҳисобидан таъминланган. Темир интизом, яхши ташкилотчилик ва қўшиннинг ўта ҳаракатчанлиги ҳамда юқори стратегик ва тактик санъат - ҳаракатчанлиги суст, тарқоқ, бирлиги бўлмаган давлат устидан ҳукмронликни таъминлаган. Бундан ташқари Амир Темурнинг кўп сонли қўшини ягона қўмондонликка бўйсундирилган эди. Амир Темунинг стратегик маҳорати уруш ҳаракатларини қатъий мақсадларни кўзлаб юқори даражада олиб бориш имконини берди. Download 1.24 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling