Маҳмуд:- Урушнинг қоидаси шундай! Уруш шафқат нима билмайди. Ўт
қўйилур, қон тўкилур, ўлдирилур урушда.
Беруний:- Нима учун Хоразмга қўшин тортдинг? Хоразм мусулмонлар ўлкаси-
ку! Қани ўша шариат! Дини ислом қайда қолди?!
Маҳмуд:- Чунки, Маъмун саройи сенга ўхшаш даҳрийларга тўлиб кетди,
уларга жазо бериш менинг эзгу бурчим эди!
Беруний:- Баҳона! Ҳеч мусулмон қилмайдиган ишни қилдинг, нобакор! Қанча
олим, қанча шоир, қанча-қанча аллома қиличингдан ҳалок бўлди!
Маҳмуд:- Сен ҳам ҳалок бўласан! Мен султонман! Бўйсунмаган менга ҳалок
бўлади.
Беруний:- Сен жаҳолат султонисан! Мен маърифат шоҳиман!
Маҳмуд:- Сен гадосан! Китоблардан бошқа сенинг ниманг бор!
Беруний:- Китобларим сенинг барча хазинангдан қимматроқ! Менинг мулким
фан-маърифат! Илму ҳикмат бойлигим! Мен дунёни бойитишга, гуллатишга
келганман. Сен дунёни ёндиришга, кул қилишга келгансан! Менинг йўлим
равшан, ёруғ, қўлимда фан машъали. Сенинг йўлинг харобазор, қадамингда
қабрлар. Сен вайрона истайдиган шум ниятли бойқушсан!
Маҳмуд:- Вайронамиш!.. Ахир, менинг саройларим жаннат-ку! Пештоқлари
забаржаддан, остонаси тиллодан!
Беруний:- Саройларииг одамларнинг суягидан қурилган, ғарибларнинг қони
билан қоригансан лойини! Саройнинг латифаси эсингдами?
Маҳмуд:- Латифа? Ҳеч қанақа латифани билмайман!
Беруний:- Ҳа бўлмаса эшитмаган бўлсанг эшит, нима дейди Саноий: “Бир кун
Султон билан вазир овга кета туриб, бир харобанинг ёнидан ўтибдилар.
Харобада ўтирган иккита бойқуш бир-бири билан гаплашаётган экан. Вазир
бойқушларнинг суҳбатига қулоқ солиб йиғлабди. Султон ҳайрой бўлиб, нега
йиғлаётибсан, бойқушлар нима деяптилар, деб вазирдан сўрабди. Вазир,
бойқушлар бир-бирлари билан қуда бўлмокчи, бойқушларнинг бири
иккинчисидан қизимнинг қалини учун ўн минг хароба берасан деб талаб
қиляпти, иккинчиси эса шошма, сабр қил, агар султон Маҳмуд Ғазнавий яна
бир йил ҳукм сурса, мен сенга ўн минг эмас, юз минг хароба бераман деяпти,
деб жавоб берибди».
Do'stlaringiz bilan baham: |