5.1. Aҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, муносиб турмуш шароитларини яратиш; ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги учун давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормалар мустаҳкамланмоқда. Илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Киритилаётган тузатишлар:
– қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас (46-модда);
– ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз
ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади (47-модда);
– меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Бундан ташқари Асосий қонунда давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши аниқ белгиланмоқда (57-модда).
Do'stlaringiz bilan baham: |