Германия ва австрия янги даврда. Режа: Иқтисодий тузум


XVII–XVIII асрларда Бранденбург-Пруссия


Download 109.38 Kb.
bet8/24
Sana24.02.2023
Hajmi109.38 Kb.
#1227341
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   24
Bog'liq
2 тема Германия ва Австрия Янги даврда

XVII–XVIII асрларда Бранденбург-Пруссия. XVII–ХVIII асрларда Германия тарқоқлик оқибатида империя ерларига ҳукмронлик қилиш учун курашаётган иккита кучли давлат – Австрия ва Бранденбург курфюрстлиги (1240 йилдан пойтахти Берлин шаҳри)
ажралиб чиқди. Гогенцоллернларнинг Бранденбург курфюрстлиги XVII аср бошларида Польша қиролидан Пруссия герцоглигини (собиқ Тевтон ордени ерлари) олди ва Прусс герцоги бўлиб Польшага вассалликни қабул қилди. Кейинчалик Бранденбург Германиянинг ғарбидаги ерларни (Рейн вилоятида) қўлга киритди ҳамда ўттиз йиллик урушдан сўнг эса Шарқий Помераниянинг бир қисмини ва бошқа ҳудудларни ҳам эгаллади. Аммо Бранденбург давлатининг ҳудуди учта алоҳида, бир-бири билан туташ бўлмаган ерлардан ташкил топган эди. Бранденбург–Германиянинг марказида, Пруссия герцоглиги – шарқда ва Рейн ерлари ғарбда жойлашган эди.
Гогенцоллернларнинг сиёсати шу ҳудудий тарқоқликни бартараф қилишга қаратилди.Бранденбургнинг мавқеини мустаҳкамлаш учун муҳим қадамлар Фридрих-Вильгельм ҳукмронлик қилган йиллари (1640 –1688) қўйилди.
XVII аср 60-йилларидаги халқаро низолар пайтида ФридрихВильгельм даставвал Швеция томонида бўлади ва Болтиқ денгизидаги савдода бир қатор имтиёзларга эришгач, Польша томонига ўтади ва бунинг учун Польша қироли уни вассалликдан озод этади.
1657 йили Польша Пруссиянинг суверенитетини тан олди.
Оқилона ташқи сиёсат юргизган Фридрих III (1688 –1713) испан тахти учун бўлган уруш (1701–1714) ва Шимолий уруш (1700 –1721) йилларидаги шароитдан фойдаланиб Пруссияни қиролликка айлантириш учун император рухсатини олди. 1701 йилдан бошлаб
Бранденбург курфюрстлиги Пруссия қироллиги бўлиб, курфюрст Фридрих III Пруссия қироли Фридрих I бўлиб олди. Пруссиянинг юксалишига фақат қулай халқаро шароит эмас,балки немис давлатларининг кучсизлиги ҳам сабаб бўлди. Мамлакат иқтисодиёти ҳам юксалиб борди. Пруссияда катта ер эгалиги ва крепостной тузум ҳукмрон бўлиб, катта ер эгалари Европанинг илғор мамлакатларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланар эди. Юнкерлар (катта ер эгалари шундай аталган) прусс қиролларининг асосий таянчи бўлганлиги сабабли қатор имтиёзларга эга эди. Улар ғалладан олинадиган солиқ ва бошқа йиғимлардан озод қилинган, мамлакатдан ғалла, жун ва бошқа маҳсулотлар олиб чиқишда имтиёзга эга эдилар. Бундан ташқари қатор тоифавий имтиёзлар ҳам мавжуд эди. Прусс давлатида армия алоҳида роль ўйнайди.
Армия фақат ташқи сиёсат қуролигина бўлиб қолмасдан, ички крепостной тузумни ушлаб туришда ҳам муҳим восита бўлиб қолди. Армия нуфузининг ошиб бориши натижасида Пруссия милитаристик давлатга айланди. XVIII аср охирида у ҳудуди жиҳатидан Европада учинчи ўринни, аҳоли сони бўйича – ўн иккинчи ўринни
эгалласа, армиянинг сони жиҳатидан тўртинчи ўринда турарди. Пруссия саноати жуда секинлик билан ривожланди. Асосан армияга хизмат кўрсатувчи соҳаларгина ўсиб борди.
Пруссиянинг ички – солиқ, божхона ва аграр сиёсати ҳам ягона мақсадга – мамлакатни милитаризациялашга, унинг ҳарбий қудратини оширишга қаратилган эди. Аммо кучли армия тузган Фридрих-Вильгельм I ундан ўз мақсадида фойдаланмади. 1740 йили тахтга келган қирол Фридрих II ҳукмронлик қилган йиллари (1740 –1786) Пруссияда абсолютизм ўзининг энг юқори чўққисига етди. Милитаризм ҳам ўзининг якунланган кўринишига
эга бўлиб, прусс армияси сон жиҳатидан Европанинг энг катта армиясига айланди.
Ўзини маърифатчилик тарафдори ҳисоблаган Фридрих II маърифатли абсолютизм руҳидаги қатор ислоҳотларни ўтказишга жазм қилди. Бироқ бу ислоҳотларнинг аксарияти қоғоздагина қолиб кетди.
Фридрих II ҳукмронлик қилган даврда Пруссия бир қатор урушларда иштирок этди. Дастлаб 1740 –1748 йиллари Австрия тахти учун бўлган урушда иштироки Пруссиянинг Австрия, Франция ва Буюк Британия билан муносабатларини мураккаблаштирди. Фридрих II нинг Марказий Европада Австрия билан рақобатлашуви уни Карл VI нинг қизи Мария Терезани Австрия тахтининг вориси деб тан олишга берган ваъдасидан воз кечишга олиб келди.
Танаффуслар билан давом этган уруш 1748 йили Аахен сулҳи билан якунланди. Унга кўра Габсбурглар ўзларининг кўплаб ерларини сақлаб қолди, аммо деярли бутун Силезия Пруссия таркибига ўтди. Бу эса Пруссиянинг Европадаги мавқеини янада мустаҳкамлади. 1756 йили бошланган Етти йиллик урушда қатнашиш Пруссияга катта муваффақият келтирмади. У Буюк Британия ва Португалия билан биргаликда Франция, Австрия, Швеция, Россия, Саксония ва Испанияга қарши курашиб, 1757 йил ноябрь ва декабрь ойларида Австрия ва Франция қўшинларини мағлуб этган бўлса-да, 1759 йили Кунерсдорф ёнида рус қўшинларига мағлуб бўлди,
1760 йили руслар маълум муддатга ҳатто Берлинни ҳам эгаллашди. Фақат иттифоқчилар орасидаги келишмовчилик ва рус тахтига келган Петр III нинг сиёсатигина Пруссияни батамом ҳалокатдан сақлаб қолди. Етти йиллик уруш натижасига кўра, 1763 йилги Губертсбург сулҳига биноан Пруссия фақат Силезиянигина ўзида сақлаб қолди. 1772 йили Польшанинг биринчи тақсимланишидан сўнг Висла дарёсининг қуйи оқимидаги ерларга (Гданьск шаҳридан ташқари) эга бўлиб, ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. Фридрих II ҳукмронлигининг охирига келиб Пруссия ерлари
118,9 минг кв2 дан 194,8 минг кв2.га кенгайди, аҳолиси эса икки баробардан ҳам ошиб, 2 млн 240 минг кишидан 5 млн 430 минг кишига етди. Пруссия Европанинг қудратли давлатларидан бирига айланди. Шундай қилиб, ушбу даврда Германияда миллий-сиёсий бирлик ҳали шаклланмаган эди. У ўрта асрлардагидек «Герман миллатининг Муқаддас Рим империяси», яъни юзлаб мустақил князликларнинг жуда омонат бирикмаси бўлиб қолаётган эди. Бундан ташқари, империяга гегемонлик қилаётган Австрия таркибига кирувчи бошқа миллатлар ўзларининг Германияникидан фарқли бўлган тарихий тақдири, алоҳида миллий маданиятлари, иқтисодий ва сиёсий тараққиёт йўлига эга эдилар.
Шунга қарамасдан, XVIII асрда, жуда секинлик билан бўлсада,
немис миллатининг шаклланиш жараёни давом этди. Мамлакат сиёсий жиҳатдан ҳали ҳам тарқоқ бўлиб, XVIII асрнинг биринчи ярмида унинг турли ҳудулари орасида иқтисодий алоқалар ҳам жуда суст эди. Кейинчалик, иқтисодий ҳаётнинг жонланиши билан ягона
миллий бозор шаклланиб борди, аммо Германиянинг тарқоқлиги
бунга ҳамон тўсиқ бўлиб қолаверди.

Download 109.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling